Россиянинг “Старт” телеканали 2024 йилнинг 12 январидан 10 февралига қадар Қатарда бўладиган футбол бўйича Осиё кубоги мусобақасининг телетрансляция ҳуқуқини сотиб олди.
Келишувга кўра, телеканал мусобақани тўлиқ форматда ўз сайти орқали намойиш қилади. Энг зўр учрашувлар эса, телеканал орқали пуллик тарзда трансляция қилинади.
Бу галги Осиё кубогида қитъанинг энг кучли 24 та терма жамоаси ғолиблик учун куч синашади. Чемпионликка даъвогар сифатида Япония терма жамоаси эътироф этилмоқда.
Манбанинг таъкидлашича, россиялик мухлислар учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинлари ҳам қизиқарли ҳисобланади. Чунки мусобақада Москванинг ЦСКА клуби етакчиси Аббосбек Файзуллаев ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон гуруҳ босқич беллашувларини 13 январь куни Сурия терма жамоасига қарши ўйин билан бошлайди.
18 январга белгиланган иккинчи турда ўзбекистонликлар ҳиндистонлик чарм тўп усталари билан куч синашади.
Гуруҳдаги асосий рақиб – Австралияга қарши кечадиган баҳс 23 январга қўйилган.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг