“Реал” қишки трансферлар ойнасининг биринчи ярмида Килиан Мбаппени Мадридга кўчиб ўтишга кўндириши керак. Бунинг учун мадридликлар “Ливерпуль” ва ПСЖ билан рақобатда ғолиб чиқиши талаб этилади.
Даъвогарлар Килианнинг адвокати Дельфин Верхейден ва агенти вазифасини бажараётган онаси Файза Ламари билан музокара қилиши керак.
Манбаларнинг маълум қилишича, “Реал” президенти Флорентино Перес Килианнинг онаси Файза хонимда жуда ёмон таассурот қолдирган.
The Athletic нашрига кўра, музокаралар чоғида Переснинг гаплари Файза хонимнинг ғашига теккан. Қолаверса, “Реал” раҳбари ўзаро суҳбат маълумотларини матбуотга тарқатгани ҳам Мбаппе тарафдорларига маъқул келмаган.
Файза Ламари Переснинг оғзида гап турмаслиги ўғлининг катта босим остида қолганига сабаб бўлганини таъкидлаб, эътирозларини билдирди.
“Реал” Мбаппе вакиллари билан музокараларни давом эттириш учун клубнинг бош директори Хосе Анхель Санчесни ишга солди. Энди музокараларда айнан мана шу мутахассис Мбаппенинг розилигини олишга ҳаракат қилади.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг