19:58 / 04.01.2024
450

Осиё кубоги олдидан жиддий йўқотиш. Катанец Шомуродовнинг ўрнини кимга ишонади?

Осиё кубоги олдидан жиддий йўқотиш. Катанец Шомуродовнинг ўрнини кимга ишонади?

Ўзбекистон миллий жамоасининг Осиё кубоги учун таркиби эълон қилинди. Жароҳати сабабли Элдор Шомуродов Қатардаги турнирни ўтказиб юборадиган бўлди. Миллий жамоа сардори ва етакчисининг ҳужум чизиғидаги ўрнини Сречко Катанец кимга ишониши саволлигича қолмоқда. 26 ўйинчидан иборат рўйхатга 3 нафар ҳужумчи киритилган.  

Таркиб

Ўзбекистон миллий жамоасининг Қатарга йўл олган 28 ўйинчидан иборат таркибидан 26талик рўйхатга Элдор Шомуродов ва Шаҳбоз Умаров киритилмади. Шунга қарамай, бош жамоамиз сафида энг кўп гол урган Элдор Шомуродовнинг Қатардаги Осиё кубогида иштирок этиши имкониятига батамом нуқта қўйилмаган. Сабаби 13 январ куни Сурияга қарши илк беллашувга 6 соат вақт қолгунича таркиб борасида сўнгги қарорга келиш мумкин. Шундан сўнг мусобақанинг финал ўйинига қадар таркиб ўзгармайди. Ҳозирча Шомуродовнинг мусобақадаги 14-рақамида Жамшид Болтабоев ўйнаши маълум қилинган.

Осиё кубоги-2023 учун Ўзбекистон миллий жамоасининг таркиби:

Дарвозабонлар: 1. Ўткир Юсупов («Навбаҳор»), 12. Абдувоҳид Неъматов («Насаф»), 16. Ботирали Эргашев (ОКМК).

Ҳимоячилар: 2. Муҳаммадқодир Ҳамралиев («Пахтакор»), 3. Ҳожиакбар Алижонов («Пахтакор»), 4. Фаррух Сайфиев («Пахтакор»), 5. Рустам Ашурматов («Рубин»), 13. Шерзод Насруллаев («Насаф»), 15. Умарбек Эшмуродов («Насаф»), 23. Ҳусниддин Алиқулов («Ризеспор»), 25. Абдуқодир Ҳусанов («Ланс»), 26. Зафармурод Абдираҳматов («Насаф»).

Яримҳимоячилар: 6. Диёр Холматов («Пахтакор»), 7. Отабек Шукуров («Фотиҳ Карагумрук»), 8. Жамшид Искандеров («Навбаҳор»), 9. Одил Ҳамробеков («Пахтакор»), 10. Жалолиддин Машарипов («Пансерраикос»), 11. Остон Ўрунов («Навбаҳор»), 14. Жамшид Болтабоев («Навбаҳор»), 18. Абдулла Абдуллаев («Хорфаккан»), 19. Азиз Турғунбоев («Пахтакор»), 20. Ҳожимат Эркинов («Пахтакор»),  22. Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА).

Ҳужумчилар: 17. Бобур Абдиҳолиқов («Ордабаси»), 21. Игор Сергеев («Патум Юнайтед»), 24. Азизбек Амонов («Насаф»).

Шомуродов тикланишга улгуриши мумкинми?

Осиё кубоги стартидан бир ой олдин – 13 декабр куни «Каляри» машғулотларида жароҳат олиб, майдонни тарк этган Элдор Шомуродовнинг оёқ кафти суяклари сингани маълум бўлди. 19 декабр куни эса ўзбекистонлик ҳужумчи Римда операция қилингач, футболчининг ўзи бу ҳақда «инстаграм»даги саҳифасида «Янада кучлироқ бўлиб қайтаман. Мени сўнгги кунларда қўллаб-қувватлаётган барчага раҳмат», - дея ёзди.

Шомуродовнинг турнир стартигача сафга қайтиши ҳақидаги хабарларга миллий жамоанинг собиқ шифокори Аброр Пирриев ўз фикрини билдириб, бунинг амалда иложи бўлмаслигини айтди.

«Элдор Шомуродовнинг ҳали ҳам Осиё кубогида иштирок эта олишидан умидвор мухлисларнинг кўплаб саволларига мутахассис ўлароқ жавоб тарзда умумлаштирилган қуйидаги фикрни айтишим мумкин: Элдор Шомуродов Осиё кубоги ўйинларида яшил майдонга туша олмайди! Агарда мураббийлар штаби жамоага далда бўлишини кўзлабгина уни таркибга киритишса, Элдор ушбу мусобақанинг эркин иштирокчисига айланиши мумкин холос», - дейди «Локомотив» клуби бош шифокори.

Катанец кимга ишонч билдиради?

Қитъанинг энг нуфузли турнири олдидан жамоа сардори ва етакчисининг хизматидан фойдалана олмаслик Сречко Катанец учун ҳам жиддий йўқотиш. Шомуродов жароҳат олгач, словениялик мутахассис фақатгина Қирғизистон билан назорат баҳсини ўтказди. Якуний қайдномага 3 нафар ҳужумчи – Игор Сергеев, Азизбек Амонов, Бобур Абдухолиқов киритилган бўлса-да, Катанец бунгача Остон Ўрунов ва Жалолиддин Машариповни ҳам ҳужумга қўйганини эслаймиз. Шу ўринда, статистик ва жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб, Элдорнинг ўрнини ким эгаллаши мумкинлигини таҳлил қилиб кўрсак:

Игор Сергеев

Жорий мавсумни «Патум Юнайтед» сафида ўтказаётган 30 ёшли форвард сермаҳсуллик бобида Шомуродовдан анча яхши натижа кўрсатаётган бўлса-да, Игор одатда клуби сафида ўзини кўпроқ кўрсата олади, Элдор эса миллий жамоада самаралироқ. Аммо ноябр ойида ЖЧ-2026 саралаши доирасида Эронга қарши ўйинда Ўзбекистонни мағлубиятдан қутқариб қолган гол Игор Сергеевга руҳан ижобий таъсир қилишини кутиш мумкин. У ярим йилда Таиланд чемпионатида 15 баҳсда 5та гол, ОЧЛда эса 7 ўйинда 6та голга муаллифлик қилди. Осиё кубоги-2015даги тажрибасидан келиб чиқилса, Сергеев айни дамда Шомуродовнинг ўрнини эгаллаш учун энг муносиб номзоддек гавдаланмоқда. Ҳар ҳолда Файзуллаев, Машарипов, Ўрунов, Сайфиев, Алижонов сингари қанотдан яхши узатмаларни етказа оладиган футболчилар бор таркибда Сергеевга ўхшаган бўйдор якунловчининг бўлиши яхши устунлик беради. Игор миллий жамоадаги голлари сони бўйича Элдор бўлмаган рўйхатда яққол етакчи – 69 ўйинда 19та гол.

Азизбек Амонов

«Насаф» ҳужумчиси 2023 йилги мавсумни клуби сафида ёмон ўтказмади. Амонов қаршиликлар билан Суперлигада кумуш медалига эга чиқди, ОЧЛда 6 ўйинда тўп суриб, 1/8 финалга йўлланма олди, Ўзбекистон кубогини қўлга киритилишига катта ҳисса қўшди. Азизбек Рўзиқул Бердиев ўйин услубига мос ўйинчи, шу боис у клуби сафида гоҳида ҳужум чизиғида, гоҳида ҳужумчи ортида ҳаракат қилди. Аммо самарадорлик борасида Суперлигада 26 ўйинда 3та, ОЧЛда эса 6 баҳсда 2та гол – мақтовга арзигулик эмас. Миллий жамоада эса жами 7 ўйинда битта гол киритган. Шундан келиб чиқилса, Амонов кўпроқ захира варианти сифатида кўрилса, ажабмас.

Бобур Абдухолиқов

«Насаф»ни тарк этгач, сўнгги икки мавсумда Беларус ва Қозоғистон чемпионатида совринли ўринларни эгаллаган Бобур Абдухолиқов 2023 йилда «Ордабаси» сафида қўшни мамлакат чемпионатида 26 ўйинда 7та голга муаллифлик қилди. Шунингдек, у Ўзбекистон миллий жамоаси сафида сентябр ойида Мексикага қарши баҳсда (3:3) Элдор Шомуродов ўрнига асосий таркибда майдонга тушиб, ажойиб голи билан ҳисобни очгани барчанинг ёдида. Сўнги ўйинлардаги таркибдан келиб чиқилса, Катанец Абдухолиқовни Сурияга қарши ўйинда захира варианти сифатида кўриши, Ҳиндистонга қарши баҳсда эса унга асосий таркибда ишонч билдиришини тахмин қилиш мумкин.

Машарипов ва Ўрунов

Сречко Катанец ҳужум чизиқда синаб кўриши мумкин бўлган яна икки номзод – Машарипов ва Ўрунов саналади. Жалолиддин миллий жамоамизнинг етакчиларидан бири саналса-да, Грециянинг «Пансерраикос» клубига ўтгач энг юқори спорт формасига киришга улгурди, дейиш қийин. 30 ёшли яримҳимоячи 7 ўйинда майдонга тушиб, 2та ассистга муаллифлик қилди. Миллий жамоада айнан унинг чизиғидаги рақобатчиси Аббосбек Файзуллаев эса ЦСКА сафида сўнгги ярим йилдаги энг яхши ўйинчига айланди ва Катанец Қатарда чап қанот яримҳимоясида айнан 20 ёшли футболчига ишонч билдиришини тахмин қилиш мумкин. Жалолиддин эса Шомуродовнинг ҳужумдаги ўрнини эгаллаши мумкинлигини аввалги ўйинларда кўрганмиз. У Қатарга йўл олган таркибда 53 ўйинда 10та голга муаллифлик қилган ҳолда, тўпурарлик бобида Сергеевдан кейинги 2-ўринда бормоқда.

Шомуродовнинг ўрнини билинтирмаслиги мумкин бўлган яна бир номзод – Остон Ўрунов. «Навбаҳор» билан хайрлашган ҳужумкор яримҳимоячи 2023 йилда аксарият ҳужумчилар эришмаган тўпурарлик маҳоратини кўрсатди. 23 ёшли вингер Суперлигада 25 ўйинда 9та, ОЧЛда эса 5 ўйинда 3та гол ва ассистга муаллифлик қилди. Миллий жамоа сафида эса Эрон дарвозасига гол киритиб, Катанецнинг муҳим фигураларидан бирига айланганини кўрсатди. Жисмонан кучли, индивидуал жиҳатдан яхши техникага эга Ўрунов универсал сифатида ҳам Сречкони ўйлантираётган муаммоларга ечим бўлиши мумкин.

Усмон Ибодов


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё кубоги олдидан жиддий йўқотиш. Катанец Шомуродовнинг ўрнини кимга ишонади?