Хабарингиз бор, 12 январдан Қатарда Осиё кубоги старт олади. ОФК шу кунларда чемпионатда қатнашадиган терма жамоаларининг таркибларини эълон қилмоқда. Улар орасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам ўрин олган.
Эътиборлиси, Ўзбекистон МТЖнинг қайдномасидан жароҳат олган Элдор Шомуродов ва Шаҳбоз Умаров тушиб қолган. Аммо ҳали улар қитъа биринчилигида ўйнаш имконига эга бўлишлари мумкин. ЎФА матбуот хизмати раҳбари Даврон Файзиев телеграмдаги саҳифасида вазиятга тушунтириш берди.
- Элдор Шомуродов ва Шаҳбоз Умаров бўйича аниқлик киритиб кетмоқчиман. ОФК сайти томонидан айнан 26 футболчи рўйхати сўралди ва жамоамиз вақтинча тақдим этди, лекин бу якуний қайднома эмас. Олдинда бир неча кунлик тайёргарлик ва машғулот ўйини бор. Қолаверса, учрашув кунигача қайднома ўзгариши мумкин. Шу сабабли турнирнинг якуний рўйхати масаласи ҳамон очиқ. Мураббийлар штаби барча 28 футболчини назорат қилиб, кузатиб бормоқда, - деди Даврон Файзиев.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг