07:53 / 13.01.2024
218

Аббосбек Файзуллаев топ-клублар эътиборини қозониши шарт!

Аббосбек Файзуллаев топ-клублар эътиборини қозониши шарт!

Қитъамизнинг энг нуфузли мусобақаси – Осиё кубоги ҳам бошланди. Бу турнир футбол оламига янги юлдузларни кашф этиб бериши билан аҳамиятли.

Жаҳон футболининг етакчи лигалари, катта клублари, синчков мураббий ва мутахассислари янги ижрочиларни топиш учун минтақавий мусобақаларни жиддий тарзда кузатиб боради. Хуллас, Осиё кубоги катта бозор вазифасини ўтайди.

Қатардаги турнир Аббосбек Файзуллаев учун фаолиятидаги энг катта мусобақа саналади.

20 ёшли футболчимиз қитъа чемпионати олдидан энг иқтидорли ўйинчилар қаторида тилга олингани, турли мамлакатлар нашрлари томонидан бўлажак юлдузлар рўйхатига киритилгани ҳам ўзбек футбол мухлислари учун ёқимли ҳолат.

Осиё кубоги давомида Аббосбек Файзуллаев бу умидларни оқлаб, бор маҳорати ва салоҳиятини кўрсатиши талаб этилади.

Легионеримизнинг биринчи мураббийи Дмитрий Ан Россиянинг championat.com сайтига берган интервьюсида шогирдининг катта мусобақадаги иштирокидан нималар кутаётгани ҳақида маълумот берди.

- Осиё кубоги – Аббоснинг фаолиятидаги навбатдаги босқич. Мен унга омад тилашни истайман. У миллий терма жамоа сафида муносиб ўйнасин.

Мен ундан яхши, чиройли ва креатив ўйин кутаман ва омад ёр бўлишини тилайман.

Файзуллаевни қитъа чемпионатининг бошқа ёрқин ўйинчилари қаторида эътироф этишаётганидан хурсандман.

Аббос Осиё кубогида ҳам ўзининг зўр ўйини билан топ-клублар эътиборини ўзига қаратишини жуда хоҳлардим. Унга айнан шуни тилайман.

Ҳозирдан унга эътибор қаратишган, деб ўйлайман ва катта клублар Файзуллаевни ўз режаларида, ўз таркибларини ўйинчиси сифатида кўришларини истардим, - деди Дмитрий Ан.

Аббосбек 20 ва 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионатлари ғолиби ва совриндори ҳисобланади. Шунингдек, ўтган йили баҳорда Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатининг энг яхши ўйинчиси совринини ҳам қўлга киритган.

Файзуллаев 2023 йилнинг 11 юнидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. 20 ёшли ҳужумкор футболчи ҳозирги кунга қадар тўққизта ўйинда майдонга тушиб, Тожикистон ва Қирғизистон терма жамоалари дарвозасини ишғол қилган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатардаги илк ўйини 13 январь куни Тошкент вақти билан 22:30 да Сурия футболчиларига қарши ўтказади.

“В” гуруҳидаги иккинчи учрашув 18 январга белгиланган ва бу баҳсда йигитларимиз ҳиндистонликлар билан куч синашади.

Гуруҳнинг сўнгги ўйини 23 январда Австралия терма жамоасига қарши ўтказилади.

Бу босқичда олтита гуруҳдан дастлабки икки ўринни эгаллаган ва энг  яхши кўрсаткичга эга тўртта учинчи ўрин соҳиблари плей-оффга чиқади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Аббосбек Файзуллаев топ-клублар эътиборини қозониши шарт!