Ўзбекистон терма жамоаси 2-тур баҳсини Ҳиндистон терма жамоасига қарши ўтказади. Биз эса Доҳа шаҳрида Ҳиндистон терма жамоасининг иштирокини ёритиш учун келган ҳиндистонлик журналистларидан Ўзбекистон терма жамоасига қарши кечадиган учрашув ҳақида фикр олдик.
"Ҳиндистон терма жамоаси иккинчи тур баҳсини Ўзбекистонга қарши ўтказади. Австралия терма жамоасига қарши учрашувдан катта сабоқ чиқардик деган умиддаман. Ҳиндистон биринчи турда ҳимоявий ўйнади. Бироқ Ўзбекистонга қарши учрашувда ўйин режамиз анча ўзгаришига шубҳам йўқ. Иккинчи турда кўпроқ ҳужум қилишимиз аниқ, сабаби мағлуб бўлишга хаққимиз йўқ. Ўзбекистон терма жамоасида ярим ҳимоя ва ҳужумда муаммолар борлиги Сурия қарши учрашувда яққол сезилди. Сурия дарвозасини ишғол эта олмаган Ўзбекистон, Ҳиндистонга қарши янада кучлироқ босим остида ўйнайди. Ҳиндистон ушбу жиҳатлардан фойдаланиб Ўзбекистон терма жамоасини мағлуб этишга ҳаракат қилади" - деди "Mathrubhumi" газетаси мухбири Кассим Сираж.
"Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдан чиқишга асосий фаворитлардан бири. Ҳиндистон терма жамоаси бош мураббийи айтиб ўтганидек Ўзбекистон жуда яхши шаклланган жамоа. Австралияга қарши дастлабки 50 дақиқа фақат ҳимояланган Ҳиндистон, Ўзбекистонга қарши ҳам худди шундай услуб қўлласа керак. Аммо Игорь Стимач 2-турда фақат ва фақат натижа учун майдонга чиқиши аниқ" - дея фикр билдирди "Sportstar Hindu" сайти журналисти Нил Бҳатачаржий.
Абдулвосит Бектемиров ёзиб олди
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг