19:13 / 16.01.2024
1 293

Шомуродовга зўр харидор чиқди. Бу вариант Элдорга ҳам ёқиши аниқ!

Шомуродовга зўр харидор чиқди. Бу вариант Элдорга ҳам ёқиши аниқ!

Элдор Шомуродов мураккаб даврни бошдан ўтказмоқда. 28 ёшли ҳужумчи оғир жароҳат олган. Клубдаги ишлари юришмаётгани етмагидан Осиё кубогида Ўзбекистон миллий терма жамоасига ёрдам бера олмаяпти.

Сречко Катанец бошқараётган жамоа Қатардаги мусобақанинг биринчи ўйинида Шомуродовсиз анча қийналганини кўрдик. Ҳамюртларимиз Сурия терма жамоаси дарвозасига биринчи аниқ зарбини иккинчи бўлим охирларида йўллай олди холос.

Анчадан бери “Кальяри” ҳужум чизиғига янги ҳужумчи олиб келиш масаласини ҳал қилмоқчи бўлиб юрибди. Жамоа бош мураббий Клаудио Раньери янги ижрочи олиш учун аввал таркибдаги бирор футболчидан воз кечиш кераклигини таъкидлади.

Яқингача чиқиш учун номзод Андреа Петанья ва Элдор Шомуродов бўлиб турганди. Бу икки ўйинчи жамоада энг катта маош олиши ҳам улар қолганлардан кўпроқ самара келтириши кераклигини билдиради.

Андреа Петанья ўтган турда кучли тўртликка кириш учун курашаётган “Болонья” дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг муҳим ғалабасига катта ҳисса қўшди ва жамоага керак ўйинчи эканини исботлашга киришди.

Ҳозирча, “Кальяри” ҳужумчиларидан фақат Элдор Шомуродов голлар ҳисобини очгани йўқ. Энди формасини тиклаб олган жароҳат олиб сафдан чиққани вазиятни янада мураккаблаштиради.

Шунга қарамай, Шомуродовни ўз сафида кўришни истайдиган жамоа пайдо бўлди. Бу Элдор учун қадрдон клубга айланиб қолган "Женоа"дир.

“Женоа” ҳам ўтган йили “Кальяри” билан бирга қуйи лигадан А Серияга кўтарилган эди. Альберто Жилардино жамоасининг ишлари сардинияликларникидан анча яхши. Жамоа 22 очко тўплаган ҳолда 12-поғонага жойлашган.

Таниқли инсайдер Жанлука Ди Марционинг хабар беришича, генуяликлар қишки трансферлар вақтида ҳужум чизиғини кучайтиришга қарор қилган. Мавсум охиригача ижарага олинадиган биринчи номзод сифатида Элдор Шомуродов номи келтирилмоқда.

“Женоа” ва Элдор Шомуродов ўртасида янги ҳамкорлик бўйича алоқалар йўлга қўйилаётганини яна бир неча манба, хусусан, romapress.net, skysports.com сайтлари ҳамда  “Il Secolo XIX” нашри ҳам тасдиқлади.

Италиянинг энг қадимий жамоаси “Женоа” Элдор Шомуродовнинг А Сериядаги илк клуби ҳисобланади. Генуяликлар 2020 йили ўзбек футболчисини Россиянинг “Ростов” жамоасидан трансфер қилган эди. Легионеримизнинг трансфери бу клубга бонуслар билан бирга 9,5 миллион еврога тушган.

Шомуродовнинг юлдузли онлари ҳам айнан “Женоа”да ўйнаган даврга тўғри келади. Италиядаги илк мавсумида Элдор А Серия ва Италия кубогида жами 32 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига саккизта гол ва иккита ассист ёздириб қўйган.

Ўзаро ҳамкорлик генуяликларга ҳам катта фойда келтирган. Шомуродовнинг трансфери орқали “Женоа” 18 миллион евро ишлаб олган.

Айни пайтда Шомуродов оғир жароҳатидан даволаняпти. Маълумотларга қараганда, 28 ёшли форвард январь ойи охири ёки февралнинг бошида майдонга қайтади. Агар томонлар ўзаро ҳамкорлик борасида келишувга эриша олса, Генуядаги футбол ишқибозларининг ёқимтойига айланиб қолган Шомуродов яна “Женоа”да тўп тепиши мумкин.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовга зўр харидор чиқди. Бу вариант Элдорга ҳам ёқиши аниқ!