07:02 / 18.01.2024
253

Болливудда ҳамма нарсанинг йўлини қилиш мумкин, футболда-чи?

Болливудда ҳамма нарсанинг йўлини қилиш мумкин, футболда-чи?

Бир вақтлар оғиздан танобни қочирадиган романтик фильмлар ишлашни қойиллатадиган Болливуд ватани вакиллари эндиликда футболливуд борасида ҳам рақобатга киришишни бошлаб юборган. Бир замонлар йигирма нафар чамаси йигит бир даврага саф тортиб, "Ла Жа Ла Жа" деб юрган бўлса, бугун улар сингари ўғлонлар майдонда турнақатор бўлиб шуғулланишни бошлаб юборишган. Кинода банандан пистолет ўрнидан фойдаланган миллат вакиллари футболда ҳозирча мўъжиза кўрсата олгани йўқ.

Ўзбекистон терма жамоаси учун мусобақа омадли бошланмади. Тўғрироғи, омадсизлик қитъа биринчилиги стартидан илгарироқ юз берди: терма жамоа етакчиси жароҳат олиб, мусобақани телевизор қаршисида кузатадиган бўлди. Бироқ бу истаган терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувлари ўтказган мураббий учун баҳона бўлмаслиги керак. Ўртоқлик учрашувлари асосий таркиб билан бир қаторда, унга ўринбосар таркибни шакллантириш учун хизмат қилиши керак эди. Жаноб мураббийимиз эса натижаси 88:0 бўлишидан қатъи назар ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган ўйинларда ҳам асосан, битта таркиб билан ҳаракат қилди ва захира ўйинчиларини етарлича синаб кўрмади. 1-турда эса йўқотишлар ортидан Али Валининг, Вали Алининг позициясида ўйнашига тўғри келди.

Натижада, на улар ўз ўйинини кўрсата олди, на чипта сотиб олган мухлислар таблодаги тухумсимон рақамларнинг ўзгаришини кўра олди. Дастлабки турдан сўнг футболчиларимиз етарлича танқидларга учради. Айниқса, Фарруҳ Сайфиев ва Жалолиддин Машарипов манзили томон илиқ бўлмаган сўзлар янгради. Бироқ бу каби теша тегмаган сўзлар ҳозирда фақатгина зараримизга ишлаши мумкин. Мактабдаги адабиёт дарслигида мугузи бор Искандар тўғрисидаги ривоятни эсласангиз керак. Мамлакатда қолган охирги сартарош ичидаги дардини фақатгина қудуққа айта оларди. Бизда эса баджаҳл бошлиққа айтолмаган гаплардан халос бўлиш учун қудуқ қидириб овора бўлиш шарт эмас, эшитишга бутун бошли терма жамоамиз мунтазир.

Аслида, мухлисларнинг фикрида жон бор, улар ҳам севимли ишини бир четга йиғиштириб туриб, рафиқаси билан узоқ вақт телевизор пултини талашиб ёки бошқа чорасини топиб, мухлислик қилса-ю, салкам икки соат давомида кутган натижасига эриша олмаса! Бироқ терма жамоа футболчилари мамлакатдан узоқда мухлислар қўллаб-қувватловига муҳтож ҳисобланади. Улар ҳам янгиликлардан хабардор бўлиш билан бир қаторда, комментларни ҳам ўқишади ва бу уларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Юқоридаги икки футболчи тўғрисида бежизга тўхталмадим. Улар ҳам сиз-у биз каби ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳисобланади, энг асосийси, улар асосий таркиб футболчилари саналади. Шу боис, улар ҳозирги шароитда ҳақоратдан кўра кўпроқ далдага муҳтож.

Машарипов ҳозирда жамоа сардори ҳисобланади ва энг катта масъулият айнан ушбу футболчига юклатилади. Вазият ташкил этишда асосий ижрочилардан бири бўлган футболчи кутилганидек ўйин намойиш эта олмаган бўлса-да, қиёфамизни қалампир рангига мос кўринишга соладиган ҳаракатлар амалга оширмади. Жумладан, ўзбекистонлик ярим ҳимоячилар орасида энг кўп вазият яратган (2 та) ҳамда рақибдан энг кўп тўпни олиб қўйган (3 та) футболчи бўлди. Қолаверса, Машриповнинг жароҳати ҳамда Шомуродов сингари шерик йўқлиги ҳам унинг ўйинига ўз таъсирини ўтказди.

Сайфиевнинг ўйини чиқмагани ҳам етарлича сабаб топилади. Улардан бири Алижонов захирига олиниши туфайли чап қанотга мослашган ҳимоячининг ўзига ноқулай бўлган позицияда ҳаракат қилиши эди. Деярли ярим ҳимоячи сифатида майдонда тер тўккан жамоадошлари ичида энг кўп яккакурашларда ютиб чиққан ўйинчи бўлди (8 та). Шу жумладан, иккинчи қаватдаги курашларда енгиб чиқиш борасида ҳам Сайфиев энг яхши натижани қайд этган (4 та).

Албатта, бу футболчиларнинг кўрсаткичи хафа қиладиган жиҳатлари ҳам талайгина, бироқ ҳозир бунинг мавриди эмас, якуний хулосани турнирдан кейин чиқариш тўғрироқ бўларди.

Ҳиндистон кўпчилик осон рақиб бўлиб кўриниши мумкин. Аслида, ундай эмас. Жамоанинг 1-турдаги ўйинига қараб баҳо бериш ҳам тўғри эмас. Австралиядек рақиб керак бўлса, бизни ҳам ўз ярим майдонига қамал қилиб қўйиши мумкин.

Хорватиялик мутахассис Игорь Штимац бошқараётган жамоа ўтган йил икки маротаба Кувайтни "ер тишлатди" ҳамда Қирол кубоги доирасида Ироқ билан жанговар дуранг қайд этди.

Қолаверса, яқинда "Реал Мадрид" "Барселона"ни қай аҳволга солган бўлса, океан қирғоғида жойлашган яриморол мамлакати саралаш босқичида Гонгконг, Афғонистон ва Камбоджа билан худди шу ишни такрорлади.

"Мовий йўлбарслар" билан ҳозирга қадар 5 маротаба тўқнаш келган ҳамюртларимиз тўрттасида рақибнинг пешонасидаги ажинлари сонини кўпайишига сабабчи бўлган, яна бир ўйинда эса кучлар тенг келган.

Жамоанинг барча шунқорлари маҳаллий чемпионатда тўп тепади. Бу эса уларнинг тезда бир-бирини тушуниб олишига ёрдам беради. Қолаверса, футболга инвестициялар киритилмоқда. Жумладан, Осиё Чемпионлар лигасида "Навбаҳор" билан бир гуруҳда иштирок этган "Мумбай Сити" клубининг 65% акцияси "Манчестер Сити", "Жирона" каби етакчи клубларга эгалик қиладиган City Football Group ихтиёрида жамланган.

Шунингдек, таркибда тажрибали футболчилар билан бир қатор кўпгина ёшлар ҳам жамланган, бу эса жисмоний тарафдан жамоага фойда келтиради.

Қолаверса, Ҳиндистонни мусобақанинг норасмий иккинчи мезбони дейиш ҳам мумкин. Сабаби, тахминан 3 миллион киши истиқомат қиладиган Қатарнинг 750 минг аҳолисини ҳиндлар ташкил этади. Бу эса Ҳиндистон иштирокидаги ўйинларда стадионнинг ҳиндлар билан тўлиши ҳамда уларнинг 12-футболчи бўлиб беришини англатади. Демак, гарчанд Қатарда бўлмасангиз-да, ижтимоий тармоқлар орқали жамоани қўллаб-қувватлашингиз муҳим аҳамиятга эга.

Бироқ қанча кучли тарафларини санамайлик, Ҳиндистон Ўзбекистондан кучсиз рақиб саналади, шу боис терма жамоамиздан фақат ва фақат ғалаба кутилади. Рақиб жамоа йилни кўтаринки кайфиятда ўтказганига қарамай, йил сўнгида "бензини ўтириб қолди". Биз дарахтсозлардан иборат Тошкентни қанчалик соғинсак, ҳиндистонликлар ҳам ғалабага шунчалик интиқ бўлишмоқда.

Хуллас, эртанги ўйин, умуман мусобақа сўнгига қадар футболга шинаванда ишқибозлардан тишларини тишларига қўйганча қўллаб-қувватлашларини илтимос қилиб қолардим. Ғалабани сиз каби биз ҳам хоҳлаймиз, бироқ қўлимиздан келгани шу, холос.

Катта эҳтимол, бугун таваллуд айёмини нишонлаётган Фарруҳ Сайфиев келгуси учрашувда майдонга туширилади. Фарруҳ аканинг шахсий хабарномасига туғилган куни муносабати билан йўллаган табригингиз, эҳтимол, унинг эртага икки карра куч билан ҳаракат қилишига сабаб бўлади. Машарипов ҳам бошланғич таркибда майдонга тушса керак. Кўп нарса жамоа сардорига ҳам боғлиқ. Шунингдек, Файзуллаев, Сергеев, Абдихолиқов сингари тиниб-тинчимас ўғлонларимизга ҳам етарлича имконият тақдим этилади деган умиддаман. Шу боис, мамлакат учун барчамизнинг қўлловимиз даркор. Сарҳисобни эса мусобақадан кейин қиламиз.

Постер муаллифи: Мухтасар Умарова

Катанецга эса саволлар талайгина, бироқ ҳозирдан хулоса чиқаришга эрта. Эҳтимол, словениялик мутахассис турнир давомида тилимизни тишлашга мажбур қилар. Бўлажак учрашув кўп нарсага ойдинлик киритиб беради. Умид қиламанки, Ҳиндистон, яна бир марта такрорлайман, Ҳиндистонга қарши ўйинда таркибимизда ҳужумчи бор эканлигини эсдан чиқариб қўймайди.

Футболчилар журналистларни ёқтирмаслиги мумкин, бироқ мухлисларини яхши кўришади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Болливудда ҳамма нарсанинг йўлини қилиш мумкин, футболда-чи?