Отабек Шукуров: "Ҳиндистонга қарши ўйиндаги ғалабадан катта нарса ясаш керакмас. Ҳақиқий кучимиз Австралия билан учрашувда билинади"
Осиё кубогининг 2-туридан ўрин олган Ўзбекистон — Ҳиндистон учрашувидан кейин терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
"Авваламбор, мухлисларни ғалаба билан табриклайман. Бундай жамоаларга қарши тезкор гол жуда муҳим саналади. Буни уддаладик, шу боис рақиб очиш ўйин намойиш этишга мажбур бўлди. Лекин бундан катта нарса ясаш керак эмас. Ўйиндан ўйинга кучайиб боришга ҳаракат қиламиз.
Австралия жуда яхши жамоа ҳисобланади. Улар қитъада ўз ўрнига эга. Бизнинг ҳақиқий кучимиз Австралияга қарши ўйинда билинади. Шу боис, бугундан тайёргарликни бошлаймиз ва муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Таркибда жиддий йўқотишлар бўлди. Бироқ ўйиндан ўйинга кучайсак, бу биз учун ҳам фойдали бўлади. Бугун йигитлар ўйин томонлама "очилди". Гуруҳдан чиқиб олсак, яхши натижаларга эришиш учун ҳаракат қиламиз", — деди Шукуров.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг