Ҳиндистонга қарши ўйиндаги ғалаба туфайли Ўзбекистон ўз очколарини 4 тага етказиб олди ҳамда «B» гуруҳида кучли учликда бўлишни кафолатлади. 24 жамоа иштирок этаётган турнирда, одатда, гуруҳда 4 очко тўплаган жамоа кейинги босқичга чиқади.
Биз эса 3-ўрин ҳақида зинҳор ўйламаслигимиз керак. Боиси, "B" гуруҳида 3-ўринни эгаллаган жамоа нимчорак финалда "C" ёки "D" гуруҳи ғолиби билан тўқнаш келади. Кўп эҳтимол билан бу — Эрон ёки Япония бўлади. Буни Сурия ҳам тушуниб турибди. Улар сўнгги турда Ўзбекистоннинг мағлубиятини кутган ҳолда, Ҳиндистон дарвозасига камида 4 та гол уришга ҳаракат қилишади. Бунга шубҳа йўқ.
Биз гуруҳда 1 ёки 2-ўринни эгаллаш ҳақида ўйлаганимиз яхши. 23 январь куни Австралияни мағлуб этсак, гуруҳ ғолиби бўламиз, дуранг эса бизга 2-ўринни кафолатлайди.
Гуруҳдаги ўрнимизга қараб плей-оффда қайси жамоа(лар)га тўқнаш келишимиз мумкинлигини таҳлил қилиб кўрамиз.
А) Гуруҳда 1-ўринни эгалласак:
Нимчорак финалда — "А", "С" ёки "D" гуруҳида 3-ўринни банд этган клублардан бирига қарши майдонга чиқамиз. Агар рейтинг асосида олиб қарайдиган бўлсак, бу — Ливан, Фаластин ёки Вьетнам бўлиши мумкин. Ўртачадан сал пастроқ жамоалар.
Чорак финалда эса 1/8 финалда "F" гуруҳида 1-ўрин / "E" гуруҳи 2-ўрин ғолиби билан тўқнаш келамиз. Бу, кўп эҳтимол билан Саудия Арабистони / Иордания бўлади.
Ярим финалда эса катта эҳтимол билан Япония рақибимиз бўлади.
B) Гуруҳда 2-ўринни эгалласак:
Нимчорак финалда — "F" гуруҳида 2-ўринни банд этган клубга қарши майдонга чиқамиз. Катта эҳтимол билан, бу — Ўмон ёки Таиланд бўлади.
Чорак финалда эса Қатарга қарши майдонга чиқиш эҳтимолимиз юқори. Бу жамоа нимчорак финалда гуруҳларда 3-ўринни эгаллаган жамоалардан бирига қарши майдонга чиқади.
Бу йўлдан ярим финалга кўп эҳтимол билан Жанубий Корея ёки Эрон чиқиб келади.
Хўш, қайси вариант сизга маъқулроқ кўриняпти? А ёки B вариант?
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг