19:43 / 20.01.2024
497

"Факел" бош мураббийи ва футболчилари "Насаф"га қарши ўйиндан сўнг нималар деди?

"Факел" бош мураббийи ва футболчилари "Насаф"га қарши ўйиндан сўнг нималар деди?

Хабар бериб ўтганимиздек, кеча “Насаф” клуби Туркиянинг Анталия шаҳрида навбатдаги ўртоқлик учрашувида қатнашди. Бу сафар Россия премьер-лигаси вакили “Факел” клубига қарши беллашди. Аввалига россиялик ҳисобни очишганди. Беллашув охирларида эса қаршиликлар икки марта гол урган ҳолда ғалабани ўз томонларига оғдира олдилар.

Учрашувдан сўнг “Факел” клуби томонидан ўзига хос фикрлар билдирилди. Ўтган йилнинг сентябрь ойидан буён “Факел”га бош мураббийлик қилиб келаётган 65 ёшли мутахассис Сергей Ташуев жумладан шундай деди:

“Бугун бир-биридан фарқ қиладиган иккита бўлимни ўтказдик. Одатда, бундай жараёнда шу ҳол кузатилади. Яъни, биринчи бўлимда таркибдаги бор ва бир-бирини тушунадиган йигитлар тўп суришади.

Иккинчи таркибда эса янги - жамоада кўрикка таклиф этилганлар ўйнайдилар. Шу сабаб бугунги баҳсни ҳеч иккиланиб ўтирмасдан иккита таймга ажратиш мумкин”, - дея муносабат билдирди, Сергей Абуезидович.

Маълумки, учрашувда ҳисобни очган “Факел” футболчиси – бу 32 ёшли ҳимоячи Сергей Бризгалов бўлди. Табиийки, россияликларнинг ягона голига муаллифлик қилган ўйинчи ҳам “Насаф”га қарши ўйиндан сўнг ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.

“Афсуски, бу ўйинни бой бердик. Шу билан бирга айтишим керак, йигитларимизнинг ҳаммаси борини бериб тўп суришди. Аммо шунақаси ҳам бўлади, бу футбол ва биз ютқазиб қўйдик.

Юкламалар остида эканлигимиз ўйин пайтида сезилдими, ҳа, сезилди. Бироқ бу иш жараёнида бўлиб туради. Шу сабаб бундай маромда ўйнашга тайёр туришимиз керак. Албатта, бугунги рақибга ҳам қойил қолса арзийди. Улар баҳсга биздан кўра яхшироқ тайёргарлик кўрган эканлар. Айниқса, жисмоний томондан. Қолаверса, тез орада уларда янги мавсумга старт берилади.

Киритган голимга келсак, дарвозани ишғол қилиш доим ёқимли. Биз машғулотлар пайтида стандарт вазиятлар устида кўп ишлаймиз. Никита тўпни ҳаволатиб яхши оширди ва менга уни дарвозага шунчаки бошим билан тўғрилаб қўйиш қолганди холос. Қисқаси, керакли пайтда керакли жойда эдим”, - дейди Бризгалов.

Булардан ташқари, “Факел” клуби сардори ҳамда етакчиси ҳисобланган 30 ёшли Сергей Божин “Насаф”га қарши учрашувдан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Ўйин хақида гапирадиган бўлсам, жисмоний жиҳатдан оғир ўтди. Биз ҳозир жиддий юкламалар даврида кетяпмиз, лекин йигитлар мураббийнинг вазифаларини эркакларча қабул қилмоқда. Олдинда узоқ йўл бор, баҳорги мавсумга қаттиқ меҳнат қилган ҳолда тайёрланишда давом этамиз”.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Факел" бош мураббийи ва футболчилари "Насаф"га қарши ўйиндан сўнг нималар деди?