22:00 / 20.01.2024
1 356

ЦСКА Осиё кубогида порлаётган Файзуллаев бўйича режасини айтди

ЦСКА Осиё кубогида порлаётган Файзуллаев бўйича режасини айтди

Москванинг ЦСКА клуби чемпионатнинг иккинчи қисмига жиддий тайёргарлик кўрмоқда. “Армиячилар” қишки танаффусга 8-ўринда чиққани кўпчиликни ҳайрон қолдирди.

Бош мураббий Владимир Федотов бундан буён вазиятни ўнглашга ҳаракат қилади. Айни пайтда ЦСКА футболчилари қишки ўқув-машғулот йиғинларини ўтказмоқда. Селекция бўлими эса, жамоанинг айрим позицияларига янги ижрочиларни топиш билан банд.

Ёзда “армиячилар” учта трансферни амалга ошириб, таркибга ўзбекистонлик ҳужумкор футболчи Аббосбек Файзуллаев, чилилик марказий ҳужумчи Виктор Давила ҳамда бразилиялик ўнг қанот ҳимоячиси Келлвенни қўшиб олган эди.

Бу трансферлар омадли чиқди. Янги ўйинчиларнинг учаласи асосий таркибда мунтазам ўйнамоқда. Файзуллаев Премьер-лигада 13 та учрашувда иккита гол ва олтита ассист муаллифи бўлди.

Давила чемпионатда 11 та ўйинда қатнашиб, рақиблар дарвозасини уч маротаба ишғол қилди ва жамоадошига битта голли пас узатди.

Келлвен ўнг қанотни тўлиқ ўзиники қилиб олди. Бразилиялик футболчи Премьер-лигада 12 та ўйинда битта гол ва иккита ассист муаллифи бўлди.

Ҳозир ЦСКАнинг қишки йиғинларида икки нафар футболчи қатнашмаяпти. Булар ўз мамлакати терма жамоаларига чақиртирилган Аббосбек Файзуллаев ва Келлвен. Бу ҳолат “армиячилар”нинг баҳорда бошланадиган ўйинларига таъсир қилиши мумкин. Айниқса, Аббосбек Файзуллаев ЦСКАнинг барча ҳужумчиларини ташкил қиладиган асосий фигура саналади ва жамоанинг ўйини кўпроқ легионеримизга боғлиқ бўлиб қолганини аксарият мутахассислар ҳам очиқчасига тан олмоқда.

Журналистлар ЦСКА бош мураббийи Владимир Федотовдан терма жамоаларга чақиртирилган ўйинчилар ҳақида фикр сўради.

— Келлвен ва Файзуллаев ҳозир ўз мамлакатлари терма жамоалари ихтиёрида. Улар қайтганидан кейин қанча муддатга таътил берасиз?

— Энг аввало, бу футболчилар сафимизга қайтганида, терма жамоада қандай юкламаларга дуч келганини аниқлаб олишимиз талаб этилади.

Аббосбек Файзуллаев Қатардаги Осиё кубоги мусобақасида ўзини кўрсатмоқда. Яқинда у рақиб дарвозасига гол ҳам урди.

— Аббос боши билан гол ургани сизни ҳайратга солмадими?

— Файзуллаев юқоридаги тўп учун курашда ғолиб чиққани йўқ-ку. У керакли пайтда, керакли жойда пайдо бўлди ва аниқ кўриб туриб зарба берди. Бу ерда биз ўйинни англаш ва қулай вазиятни аниқ ҳис қилиш ҳақида гапиришимиз керак. Ўша жараёнда у керакли жойга чиқди,   бошқа ерга кетгани йўқ.

Умуман олганда, биз ҳам йиғинлар давомида футболчиларда ана шу хусусиятларни ривожлантириш, жамоавий ўйинни йўлга қўйиш ва бир-бирини кўзини юмган ҳолатда ҳам ҳис қила олишни шакллантиришни мақсад қилганмиз.

Россия Премьер-лигаси 1 март куни давом эттирилади. ЦСКА футболчилари янги йилдаги илк расмий учрашувда “Оренбург” жамоасини қабул қилади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЦСКА Осиё кубогида порлаётган Файзуллаев бўйича режасини айтди