12:04 / 23.01.2024
945

Осиё кубоги-2023. Ўзбекистонга 1/8 финалда қайси жамоа рақиб бўлади?

Осиё кубоги-2023. Ўзбекистонга 1/8 финалда қайси жамоа рақиб бўлади?

Қатар яшил майдонларида ўтказилаётган Осиё кубогининг сўнгги тур ўйинларига старт берилди.

Бугун "B" гуруҳида 3-тур учрашувлари ўтказилади ва плей-офф иштирокчилари аниқланади. Сречко Катанец қўл остидаги Ўзбекистон терма жамоаси Австралияга қарши майдонга тушади. Айни дамда икки жамоа гуруҳда ёнма-ён жойлашган. Австралияни мағлубиятдан бошқа ҳар қандай натижа пешқадамликни таъминласа, Ўзбекистон терма жамоасидан гуруҳ ғолибига айланиши учун ғалаба талаб этилади, бироқ дуранг ҳам 2-ўринни кафолатлайди. Мазкур тўқнашув олдидан ҳамюртларимизга плей-офф босқичида рўбарў келиши мумкин бўлган рақиблар тўғрисида мулоҳаза юритамиз.

Гуруҳда 1-ўрин

Эҳтимолий рақиблар: Хитой (25%), Фаластин (35%), Индонезия (40%).

Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ ғолиби сифатида нимчорак финалда A/C/D гуруҳида 3-ўринни эгаллаган жамоалардан бири билан тўқнаш келади. "A" гуруҳида Хитой учта ўйин ўтказиб бўлди ва 3-ўринни тайин қилди. Бироқ олти гуруҳдан тўртта учинчи ўрин соҳиби кейинга босқичга йўл олишини инобатга олсак, 2 очко жамғарган Хитойнинг плей-офф босқичида иштирок этиш имконияти паст. 

"C" гуруҳидаги Фаластин сўнгги турни Гонгконгга қарши ўтказади ва жамоада керакли натижа қайд этиш учун имконият етарлича. Бироқ учрашув дуранг натижа билан якунланган тақдирда, араб мамлакатига ҳам очколар етмай қолиши мумкин.

"D" гуруҳидаги Индонезия эса 3 очкони нақд қилиб улгурган. Гарчи жамоа сўнгги турда Японияга қарши баҳс олиб борса ҳам, ютқазган тақдирда ҳам қуйи поғонага тушиб кетмаса керак.

Ўзбекистон терма жамоаси 1/8 финалда ҳам зафар қучган тақдирда "F" гуруҳи ғолиби — "E" гуруҳи 2-ўрин соҳиби қарама-қаршилиги ғолиби билан тўқнаш келади. Айни дамда "F" гуруҳида Саудия Арабистони етакчилик қилаётган бўлса, "E" гуруҳи 2-поғонасидан Жанубий Корея ўрин эгаллаган.

Гуруҳда 2-ўрин

Эҳтимолий рақиблар: Ўмон (40%), Таиланд (35%), Саудия Арабистони (25%).

Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда 2-ўринни қўлга киритган тақдирда "F" гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоа билан юзма-юз келади. Айни дамда ушбу гуруҳда Саудия Арабистони пешқадамлик қилаётган бўлса, Таиланд уни таъқиб қилмоқда. Сўнгги турда мазкур икки жамоа учрашади. Шунингдек, Ўмон ҳам 2-ўрин илинжида йирикроқ ғалабага эришишга интилади. Қирғиз Республикаси ҳам анойи рақиб эмас, бироқ барибир арабларнинг имконияти юқорироқ баҳоланмоқда. Саудия Арабистонига дуранг натижа ҳам пешқадамликни кафолатлайди. Таиланд ҳам 1 очко эвазига 2-ўринни нақд қилади. Бироқ Саудия Арабистони охирги турда майдонга асосий таркибни ташлаши ёки гуруҳ ғолиблигини Таиландга "совға қилиб юбориши" мумкин.

Сабаби мазкур гуруҳ ғолиби юқорида таъкидлаганимиздек, "E" гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоага рўбарў келди. Ушбу ўринда турган Жанубий Корея эса сўнгги турда ғалаба қозониб ҳам етакчига айлана олмаслиги мумкин. Сабаби, 1-ўриндаги Иорданияда тўплар нисбати яхшироқ ва улар сўнгги турда ҳам кўпроқ гол уришга интилишади. Агар корейслар 2-ўринда қолиб кетган тақдирда, Саудия Арабистони гуруҳ ғолиблигидан воз кечиб, кучли Жанубий Корея ўрнига қулайроқ рақиб ҳисобланган Ўзбекистон вариантини танлаши мумкин. Саудияликлар кореяликлардан кейинроқ ўйин ўтказишини ҳисобга олсак, араблар кутиш режимига амал қилади.

Ўзбекистон терма жамоаси мазкур квартет бўйича 1/8 финалда ғолиб чиққан тақдирда "A" гуруҳи ғолиби Қатар ҳамда C/D/E гуруҳларидан бирининг 3-ўрин соҳиби ўртасидаги беллашув ғолибига қарши майдонга тушади.

Гуруҳда 3-ўрин

Эҳтимолий рақиблар: Ироқ ёки Эрон (60%), БАА (40%)

Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда 2-ўринни қўлга киритган тақдирда "C" гуруҳи ғолибига қарши майдонга тушади. Мазкур гуруҳда Эрон 6 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, 4 очко билан БАА форсларни таъқиб қилмоқда. Бироқ Ғалинои шогирдларини 3-турдаги ўзаро қарама-қаршиликда дуранг ҳам қониқтиради ва жамоанинг мағлубиятга учраш эҳтимоли паст баҳоланмоқда.

Ўзбекистон мазкур йўналиш бўйича 1/8 финалда Эронни енгган тақдирда "E" гуруҳи ғолиби — "D" гуруҳи 2-ўрин соҳиби қарама-қаршилигида зафар қучган жамоа билан тўқнаш келади. "E" гуруҳида Иордания пешқадамлик қилаётган бўлса, "D" гуруҳида Япония 2-ўринни эгаллаб турибди. Катта эҳтимол билан мазкур жуфтлик нимчорак финалда учрашади.

"D" гуруҳи ғолиби Ироқ мағлуб этилганда эса Тожикистон — "C" гуруҳи 2-ўрин соҳиби (БАА) жуфтлиги ғолиби чорак финалда бизга рақиб бўлади.

Нима бўлган тақдирда ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг фақат ва фақат ғалаба учун майдонга чиқишини истаб қоламиз. Зеро, чемпионликни мақсад қилган жамоанинг рақиб танлаши ҳам мантиқан тўғри келмайди. Ҳамюртларим қандай натижа қайд этишидан қатъи назар уларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Баъзан кутилган натижага эришилмаган тақдирда ҳам мардонавор ўйин билан мухлислар меҳрини қозониш мумкин.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё кубоги-2023. Ўзбекистонга 1/8 финалда қайси жамоа рақиб бўлади?