Осиё кубоги 3-тури доирасида Австралия ва ЎЗБЕКИСТОН терма жамоалари ўзаро куч синашди ва унда томонлар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Дастлаб, "яшил қитъа вакиллари" Бойлнинг пенальтидан урган голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. Аммо 79-дақиқада Азиз Турғунбоев баланд сакраб, боши билан гол урди ва мувозанатни тиклаб қўйди.
Беллашувдан сўнг термамиз ҳимоячиси Рустам Ашурматов ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
- Ўйин яхши бўлди. Тўғри, ғалаба қозона олмадик, аммо мағлубиятга ҳам учрамадик. Қўлдан келганча, ҳаракат қилиб, тарихий голни урганимиздан хурсандман.
- Биз мазкур учрашувга тўғри тайёргарлик кўрдик ва рақибни эртароқ кутиб олиш режасини туздик. Режамиз қисман иш берди. Гарчи, рақиб кўп хавфли ҳужумлар яратган бўлса ҳам, уларнинг сони кам эди. 50:50 пенальтини инобатга олмаса, биз ўз ишимизни тўғри бажардик.
- Тарихий натижани такрорлашга бугунги жамоанинг потенциали етадими?
- Бугунги ўйинни ўзи бунга жавоб. Албатта, потенциалимиз етади. Тарихий голни урдик, энди тарих яратиш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз.