11:45 / 25.01.2024
489

Бразилиялик мутахассис: "Ўзбек футболи билан қизиқиб қолдим, Машарипов зўр ўйинчи"

Бразилиялик мутахассис: "Ўзбек футболи билан қизиқиб қолдим, Машарипов зўр ўйинчи"

Тан олиш лозим, охирги йилларда ўзбек футболида ҳар жиҳатдан кўтарилиш ва ривожланиш кузатиляпти. Айниқса, ташқаридан қараганда, бу сезиляпти. Ички инфратузилмалар яхшиланяпти, шароит ҳамда имкониятлар яратиляпти. Ушбу ҳолат эса хорижлик мутахассисларни ҳам беэътибор қолдираётгани йўқ. Ўзбек футболини кузатиб бораётганлар талайгина.

Sports.uz сайти шу каби мутахассислардан бири бўлган бразилиялик мутахассис билан боғланди. Бу Жокимар Камарго бўлиб, Бразилияда бир қатор жамоаларда ишлаган. Қолаверса, Россияда ва яна бошқа жойларда футбол академияларида ҳам муваффақиятли иш олиб борган.

35 ёшли мутахассисга ҳам юртимиз футболи ва уни кузатиш ёқади. У Сколари ва Тите каби тажрибали мутахассислардан ҳам малака оширган.

Қуйида ушбу мураббий билан уюштирилган суҳбатни ўқишингиз мумкин.

- Жаноб Камарго, аввало мухлисларимизга ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз...

- Мен 35 ёшдаман, профессионал мураббийман. Ҳозирда Бразилияда истиқомат қиламан. Менга футбол ва унда ғалаба қозониш жуда ҳам ёқади. Ғалаба қозонувчи жамоаларни ташкил қилишни ҳамда шакллантиришни ниҳоятда ёқтираман. Айтишим мумкинки, қисқа муддатда натижалар олиб келишим мумкин. Бу балки менинг ёшлигим ва кўпинча жамоаларимда ўзимдек ёшроқ атлетлар билан ишлаганим билан боғлиқдир. Балки футболчиларга бўлган муносабатим ва уларга нисбатан талабчанлигим билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Лекин ҳеч қачон ўз клубимларим билан ишлашда муаммога дуч келмаганман.

- Билишимча, сиз Ўзбекистонга яқин жойда ишлагансиз ва юртимиз футболидан хабарингиз бўлса керак. Бу ҳақида нима дея оласиз?

- Охирги икки-уч йилда Бразилияда ўзбек футболи ҳақида яхши гаплар эшитдим. Ўзига яраша кучли лига экан. Умид қиламанки, тез орада жаҳоннинг рақобатбардош лигалари билан кураш олиб борадилар. Менинг мақсадларимдан бири мазкур лигада кун келиб ишлаш имкониятига эга бўлиш.

- Юртимизда ўзингизни синаб кўрмоқчимисиз? Масалан, ўз тажрибангиз билан ёш ўйинчиларни кашф қилиш ҳақида ўйлаяпсизми?

- Рости, Ўзбекистонда ишлашни хоҳлаган бўлардим. Олдин айтиб ўтганимдек, бир неча йилдан сўнг ўзбек чемпионати дунёни етакчилари қаторида бўлиши мумкин, бунга аминман. Ўзбекистон ҳақида интернет орқали кўплаб маълумотларни кўрдим. Кўрганларим бўйича ўзбек футболчиларида ривожланиш учун жуда яхши имконият ва салоҳият мавжуд.

- Биламан, сизга янги саргузаштлар ёқади, шундай эмасми?

- Мен янги маданиятларни ўрганиб боришни жуда ёқтираман. Менинг қизиқишим эса футболга боғлиқ. Бу инсон ҳаётини бутунлай ўзгартириб юбора оладиган спорт тури. Айнан футбол орқали кун келиб Ўзбекистон маданияти ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлишни хоҳлаган бўлардим. Биламанки, Ўзбекистонда жуда кўп чиройли жойлар бор.

- Футбол академияларида ҳам ишлагансиз. Катта клубларни ҳам бошқариш ниятингиз борми ёки ёшлар билан ишлаш сизга ёқадими?

- Мен қайси дивизионда ишлашимдан қатъий назар профессионал клублар билан ишлашни ёқтираман ва шу имкониятларни қидираман. Аминманки, менинг ишим жамоага яхши натижалар ва ҳатто Кубоклар ҳам олиб келиши мумкин. Ўзидан жуда кўп нарсани талаб қиладиган инсонман. Биламанки, клуб менга пул тўлаётган экан, нима бўлишидан қатътий назар уларга яхши натижаларни олиб келишим керак. Бу яхши натижалар эса биринчи кунданоқ келишни бошлаши лозим. Мен шу каби қийин вазифаларни ёқтираман. Ўз жамоамни ҳам доим қийинчиликлар билан тоблаб боришни яхши кўраман. Улардан ўзларининг энг яхши ўйинларини кўрсатишни хоҳлайман. Буни менга фақат профессионал футболчилар амалга ошириб бериши мумкин. Шунинг учун ҳам профессионал футбол клубларини бошқаришга ҳаракат қиламан. Ёш ўйинчиларни ёқтираман, лекин, барибир менинг мақсадим профессионал клуб билан ишлашда давом этиш.

- Ўзбекистон миллий терма жамоасини кузатиб турасизми?

- Ўзбек футболи билан маҳаллий клубларни кузатиш орқали қизиқиб қолдим. Уларда ажойиб истеъдодли ўйинчилар борлигини ва уларнинг потенциали юқорилигини кўрдим. Ўзбекистонни кейинги жаҳон чемпионатида кўришни жуда истаган бўлардим. Албатта, бу борада уларни қўллаб-қувватлайман. Табиийки, ушбу жамоанинг кучли футболчилари ўзбек футболи ва халқига мундиалда қатнашиш бахтини илк бор тақдим эта олишади.

- Сизни Сколари ва Тите билан нима боғлаб туради?

- Сколарида жамоа билан ишлаш методи бироз қаттиққўлроқ. Унинг жамоалари ва ундаги футболчилари буюк ота сифатида билишади. Лекин Тите бироз хотиржам, босиқ ва ақлли мураббий ҳисобланади. Аммо фикримча, Сколари кўпроқ муваффақиятларга эришган. Тўғриси, ҳар бир мураббийдан қайсидир жиҳатларини олишга ҳаракат қиламан. Бироқ ўйинчиларга дакки бериши ва улар билан муносабатим худди Сколариникига ўхшайди. Бу каби ўйинчилар билан бироз қаттиққўлроқ муносабатда бўлиш бу атлетнинг профессионал жиҳатдан ўсиши учун жуда ҳам керак. Бошқа тарафдан мен Тите каби тўғри сўзман. Ўйинчилар билан биргаликда яқинликни ва самимийликни яхши кўраман. Ҳеч қачон ассосиз равишда дакки беришларни қилмайман. Бу каби нарсалар жамоани бир куч билан ушлаб туришда катта хизмати бор. Жамоа ичида ҳеч қачон ёлғон бўлмаслиги керак.

- Охирги пайтларда қайси ўзбек ўйинчиларини сизга кўпроқ ёқяпти?

- Мен ҳужумчи Игорь Сергеевни кузатиб бораман. Уни яхши ўйинчи деб ҳисоблайман. Менга Машариповни ўйини ҳам ёқади. У зўр футболчи. Тўғриси, Бразилияда у каби характердаги футболчига эхтиёж сезяпмиз, деб айтишим мумкин.

Шуҳратбек Жўраев.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бразилиялик мутахассис: "Ўзбек футболи билан қизиқиб қолдим, Машарипов зўр ўйинчи"