Москванинг ЦСКА клубида тарбия топган иқтидорли футболчилар Никита Ермаков championat.com сайтига берган интервьюси давомида “армиячилар”нинг Марказий Осиёдан келган легионерлари Бахтиёр Зайнутдинов ва Аббосбек Файзуллаевнинг ўзаро муносабатлари ҳақида гапирди.
– Бахтиёр Зайнутдинов Европани забт этиш учун жамоани тарк этди. Уни жамоанинг “юраги” дейишарди. Бахтиёр билан қандай хайрлашилди?
– Зайнутдинов бизга миннатдорлик сўзларини айтди, худди хайрлашув видеосида бўлгани каби. Бутун жамоа бўлиб унга фаолиятининг янги босқичи муваффақиятли бўлишини тиладик. Бахтиёр ҳақиқатан жамоанинг “юраги”га айланиб қолганди.
– Аббосбек Файзуллаев эндигина ЦСКАга келганида Бахтиёр уни ўз қарамоғига олишини айтганди. Шундай бўлдими?
– Ҳа, лекин Бахтиёр тез орада кетиб қолди, улар бирга жуда кам бўлишди. Лекин Зайнутдинов жамоадалигида Аббосга ёрдам берганди. Уларнинг муносабати жуда илиқ эди.
– Файзуллаев мавсумнинг биринчи қисмида ҳақиқий кашфиёт бўлди...
– Аббосбек жуда зўр футболчи. Дастлабки машғулотлардаёқ дарров техникаси зўр эканини намойиш қилди. Кўриб турганимиздек, ЦСКАда унинг қирралари тез очилди.
Таъкидлаш жоизки, Бахтиёр Зайнутдинов қозоғистонлик этник ўзбеклардан. “Тараз” жамоаси тарбияланувчиси бўлган истеъдодли фуболчи Қозоғистонда “Астана” клуби шарафини ҳам ҳимоя қилган.
Зайнутдинов 2019 йилнинг бошида Россия Премьер-лигаси вакили “Ростов”га кўчиб ўтди. Бу жамоада Бахтиёр ўзбекистонлик легионер Элдор Шомуродов билан бирга тўп тепди.
2020 йилги янги мавсум олдидан марказий осиёлик ҳар икки футболчи фаолиятида жиддий ўзгариш бўлди. Зайнутдинов Россиянинг кучли жамоаларидан ЦСКА таклифини қабул қилди. Шомуродов эса, кучли бешлик чемпионатларидан бири – А Серияга, Италиянинг энг қадимий жамоаси “Женоа”га йўл олди.
Ўтган йили август ойида ЦСКА жамоаси “Пахтакор” тарбияланувчиси Аббосбек Файзуллаевни трансфер қилди. Ўша пайтда 19 ёш бўлган Аббоснинг янги жамоа, катта шаҳар, бошқа муҳитга мослашишида Бахтиёрнинг ёрдами катта бўлди.
Бир неча кундан сўнг, Зайнутдинов Туркиянинг “Бешиктош” жамоасига кўчиб ўтди. Бахтиёр ҳозир Марказий Осиё вакиллари орасида энг қимматбаҳо футболчи ҳисобланади. Transfermarkt портали 25 ёшли ҳимоячини 6 миллион еврога баҳолаган.
Ундан кейинги ўринларни трансфер суммаси 14 миллиондан 5 миллион еврога тушиб қолган Элдор Шомуродов ва нархи 4 миллион еврога кўтарилган Аббосбек Файзуллаев эгаллаб турибди.
Аббосбек Файзуллаев эса, қисқа фурсатда ЦСКАнинг янги етакчисига айланди. Ҳужумкор футболчисиз “армиячилар” сафида Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубоги мусобақаларида жами 18 та учрашувда қатнашиб, иккита гол ва тўққизта ассист муаллифи бўлди.
Айни пайтда Файзуллаев Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Қатар мезбонлик қилаётган Осиё кубогида иштирок этмоқда. 20 ёшли ўйинчи ушбу мусобақада терма жамоамизнинг биринчи голига муаллифлик қилди.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг