11:30 / 28.01.2024
142

Рўзиқул Бердиев: "Даражамизни юқорига олиб чиқдик. Энди янада юқорига қараб юришни истаймиз"

Рўзиқул Бердиев: "Даражамизни юқорига олиб чиқдик. Энди янада юқорига қараб юришни истаймиз"
Осиё Кубогидаги танаффусдан фойдаланиб Суперлига клубларининг тайёргарлик жараёнлари билан қизиқдик. "Насаф" ва "Навбаҳор" жамоалари мавсумни барчадан эртароқ бошлайди. 14 февраль кунида ОЧЛнинг плей-офф босқичи учрашувлари бошланишидан хабарингиз бор.

Унга кўра, "Насаф" 14 февраль куни Қаршида "Ал Айн"ни қабул қилади. Мавсумнинг илк расмий ўйинига вақт тобора оз қолмоқда. "Аждарлар"нинг Анталиядаги тайёргарлиги ва таркибдаги ўзгаришлар ҳақида жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиевга юзландик.

- ОЧЛ плей-офф босқичидан ўрин олган ўйинга ва умуман янги мавсумга тараддуд қандай кетяпти? Кўнглингиз тўляптими?
- Қайси санада ўйнашимизга қараб тайёргарлик режасини тузиб чиқдик. Барчаси режамиз асосида кетмоқда. Ўн олтинчи кун Анталиядамиз. Машғулотлар, назорат учрашувлари ўтказмоқдамиз. Ҳозиргача 7та ўйин ўтказдик. Бу ўйинларда энг муҳими йигитларнинг жисмоний ҳолати ва ўйин амалиётига эга бўлиши. Кўпроқ ўйин ўтказаётганимизни сабаби ҳам шунда. Бугун ҳам бироздан сўнг навбатдаги назорат учрашувида майдонга тушамиз. Охирги учрашувимизни 30 январь куни "Ворскла"га қарши ўтказамиз. Кейин футболчиларга 4 кун ҳордиқ чиқариш имконини берамиз ва Қаршида тайёргарликни давом эттирамиз. Олдимизда ОЧЛ учрашуви бор. Шу боис имкон қадар янада яхшироқ ҳозирлик кўрамиз. Таркибимиз тўлиқ эмас, терма жамоада ўйинчиларимиз бор. Шароитлар яхши, машғулотлар, ўйинларда ўзгариш бўлгани йўқ.

- Ҳозиргача клуб Ислом Кенжабоев, Виктор Да Сильва, Зоран Марушич, Темур Чогадзе, Игорь Голбан каби футболчилар билан шартнома имзолади. Уларни таркибга жалб қилишда кўпроқ қайси омиллар ҳисобга олинди?
- Селекция ишларига келсак, муаммоли чизиқларимиздан ҳужумни кучайтириш учун уларни жалб қилдик. Яна бир жиҳатга эътибор қилдикки, ҳар бир позиция бўйича футболчиларнинг савиясини инобатга олдик. Ўйлайманки, бу йигитларнинг жамоамизга фойдаси тегади ва тез киришиб кетишади. Бизнинг талабларимизни тезроқ тушуниб олишади.

- Одатда ҳар йили "Насаф"да таркиб билан боғлиқ муаммолар, дейлик тажриба етишмаслиги, заҳиранинг камлиги панд беради. Бу йил эса таркибни кучайтира оляпти. Олдинда бутун бошли мавсум турганини ҳисобга олганда бу муаммо ўз ечимини топдими?
- Таркибимизда рақобатни кучайтиришимиз керак. Хоҳ у тажрибали, хоҳ у ёш футболчи бўлсин, ҳар бир позицияда рақобатни кучайтиришга ҳаракат қиламиз. Соғлом рақобат муҳити бўлиши зарур. Мавсум давомида кўп мусобақаларда қатнашамиз. Бунинг учун 2та таркиб шакллантиришимиз керак бўлади. Қаердадир ёш футболчиларга эътибор қаратамиз. Улар ҳам тажрибасини ошириб бориши лозим. Ҳужум чизиғи ҳақида ўйлаяпмиз. Ҳимояни ҳам унутиб қўйганимиз йўқ, чунки ўтган мавсум якунлангач 2 нафар марказий ҳимоячимиз билан хайрлашдик. Бу чизиқни ҳам ўйлаяпмиз.

- Виктор да Силва жамоага тез киришиб кетган кўринади...
- Силванинг маҳоратига ва бизнинг ўйинимизга мос келишига ишондик. Ҳаракатлари ёмон эмас. Креатив, вазиятлар яратади, ўзи ҳам гол уради. Лекин унга жисмоний тайёргарлиги ва ўйинимизга кўникишини айтмоқдамиз. "Насаф" ҳар доим жамоавий ўйини билан ажралиб турган. Бу нарса жорий мавсумда ҳам бўлади.

- Айни пайтда йиғинда қатнашаётган Шароф Муҳитдинов "Насаф"да қоладими?
- Шароф масаласида шуни айтишим мумкинки, "Насаф"да ўйнаш иштиёқи борлигини маълум қилди ва биз буни мамнуният билан қабул қилдик. Шароф талабларимизни яхши билади. Универсал футболчи, дея оламан. Бир нечта позицияда ўйнай олади. Бундай типдаги футболчилар бизга ҳам зарур. Ўйлайманки, мавсум давомида Шароф биз билан бирга бўлади.

- "Насаф" яна бир собиқ футболчиси Бобир Абдихолиқовни ортга қайтариши мумкинлиги ҳақида хабар чиқди. Уни ҳам жамоада кўрамизми?
- Режамизда. Аниқ бўлгач батафсил маълумот берамиз. Даражамизни юқорига олиб чиқдик. Энди янада юқорига қараб юришни истаймиз.

- 4 февраль куни Суперлиганинг жорий мавсумига қуръа ташланади. Илк турдан қандай рақибни кутяпсиз?
- Ким билан ўйнашимиз катта аҳамиятга эга эмас. Мавсум давомида барча жамоаларга қарши ўйнаймиз.

- Олиб борилаётган ҳаракатлардан "Насаф"да бу йил чемпионлик учун имконият ҳар йилгидан ҳам кўпроқдек...
- Ўзимиз қатнашадиган барча турнирларда олий мақсадни олдимизга қўямиз. Бунинг учун бор имкониятимизни ишга соламиз.

- Тажрибали мутахассис сифатида Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳдаги ўйинлари қандай хулосаларни берди?
- Осиё Кубогини кузатиб боряпмиз. Ўзбекистон терма жамоаси биринчи вазифани бажарди. Бошқа жамоалардан даражамиз юқори эканлиги кўриниб турибди. Ўйлайманки, нимчорак финалдан ҳам осон ўтамиз.

- Якунда ҳеч ким кутмаган жамоа кубокни қўлга киритса, у қайси терма жамоа бўлади?
- Осиё Кубогини кутилмаган жамоа қўлга киритишига ишонмайман. Етакчилар ўз ўрнида қолади. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам Осиё Кубоги билан ортга қайтишини жуда истардик. Умуман олганда терма жамоамизга омад тилаб қоламан.

Муаллиф: Iskandarov Abdulaziz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев: "Даражамизни юқорига олиб чиқдик. Энди янада юқорига қараб юришни истаймиз"