20:44 / 28.01.2024
807

Элдор Шомуродов фаолиятида янгилик бўлиши кутиляпти!

Элдор Шомуродов фаолиятида янгилик бўлиши кутиляпти!
Элдор Шомуродов майдонга қайтишига оз қолди. Декабрь ойида машғулот чоғида ўнг оёқ бармоғини синдириб олган ҳужумчимиз операциядан кейин икки ой даволаниши лозимлиги айтилганди.

“Кальяри” фаолиятини ёритиб бораётган cagliarinews24.com сайти журналисти Элия Серра ўзбек легионери жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлиш арафасида турганини ва тез орада майдонга қайтишга тайёрланаётганини ёзди.

Шомуродовнинг футболга қайтиши янги ўзгаришларга тўғри келиши мумкин. Бир неча манбаларнинг таъкидлашича, “Кальяри” қишки трансферлар ойнасининг сўнгги кунларида “Рома” билан икки ўйинчи борасида келишувга эришмоқчи.

Биринчи навбатда, “Кальяри” янги марказий олишга қарор қилган. Ёзда жамоага қўшилган Матеуш Витеска ва Пантелис Ҳацидиакос бош мураббий Клаудио Раньери кутган ўйинни намойиш қилолмади.

Шунинг учун сардинияликлар “Рома”дан албаниялик ҳимоячи Мараш Кумбуллани ижарага олишни мақсад қилган. 23 ёшли марказий ҳимоячи оғир жароҳат олгани боис жорий мавсум ҳали бирор марта майдонга тушгани йўқ. Саломатлигини эндигина тиклаган футболчи “Рома”нинг асосий таркибига кира олмаслиги аниқ. Буни инобатга олган “Кальяри” мутасаддилари пойтахтликлардан қулай шартлар асосида Кумбуллани ижарага беришни сўрамоқда.

Ҳар икки клуб раҳбарияти шу кунларда Элдор Шомуродов масаласини кўриб чиқиши ҳам кун тартибига киритилди. Ўзбек ҳужумчиси ёзда кейинчалик 9 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан “Кальяри”га ижарага олинганди.

Элдор спорт формасини тиклашга кўп вақт сарфлади ва ҳали “Кальяри” сафида бирор маротаба гол ургани йўқ. Қолаверса, оғир жароҳат олиб, икки ой давомида майдондан ташқарида юрган ҳужумчи ҳозир қандай формада экани номаълум.

Умуман олганда, сардинияликлар Шомуродов трансфери ўзини оқламади, деган фикрда. Чунки энг кўп маош олаётган ўйинчилар рўйхатидан ўрин олган Элдор жамоага катта фойда келтиргани йўқ. Шунинг учун ҳам “Кальяри” легионерни муддатидан олдин “Рома”га қайтаришга ҳаракат қиляпти.

- “Кальяри” ва “Рома” алоқалари яна қизғин паллага кирди. Бу икки жамоа трансфер бозорининг сўнгги кунлари ўйинчи алмашиши кутиляпти. Биринчи навбатда, Элдор Шомуродов кетади. Бу мавсум ҳужумчи ўзини кўрсата олмади. Чемпионат ва кубокда 13 та учрашувда атиги иккита голли пас узатди холос. Бу кўрсаткичлар Клаудио Раньери учун камлик қилади. Шу боис, у Римга қайтарилиши кутилмоқда, - деб ёзди cagliarinews24.com сайти журналисти Андреа Пирас.

- Рим ва Сардиния клублари олди-бердиси бу билан тугамайди. Мараш Кумбулла Шомуродов ўрнига “Кальяри”га йўл олиши мумкин. Албаниялик ҳимоячи ўйин амалиётига эга бўлиш учун жамоани ўзгартиришга тайёр.

“Кальяри”нинг трансфер бозоридаги бу режаларини амалга оширишига клуб президенти Томаззо Жулини розилик берган
, - деб ёзди яна бир манба – La Gazzetta dello Sport газетасининг эксперти Франческо Веллуцци.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Элдор Шомуродовга ҳамюртимизнинг Италиядаги биринчи жамоаси – “Женоа” ҳам қизиқиш билдирганди. Бироқ генуяликлар ҳозиргача трансфер бўйича аниқ таклиф билдиргани йўқ.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов фаолиятида янгилик бўлиши кутиляпти!