
Фото: Брентфорд клуби сайти
Англиянинг «Брентфорд» клуби «Пахтакор» футболчиси Муҳаммадали Ўринбоев трансферини эълон қилди. 18 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи ярим йилга ижарага олинган.
Англия клуби расмий сайтида берилган хабарга кўра, клуб мавсум якунида ўзбекистонлик футболчини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. У Нил Макфарлейн қўл остидаги иккинчи жамоада ҳаракат қилади.
«Ҳар бир ёш ўйинчи Премьер-лигада ўйнашни орзу қилади. Мен ҳам ўша орзумга яна бир қадам яқинлашганимдан жуда ҳам хурсандман. Энди бу ерда боримни бериб ишлайман ва ўзбек футболчилари нималарга қодирлигини бутун дунёга кўрсатмоқчиман», деган Ўринбоев клуб расмий сайтига берган илк интервюсида.
Бундан аввалроқ Тошкентнинг «Пахтакор» клуби ҳам ушбу футболчиси инглиз клубига трансфер қилингани ҳақида хабар берганди.
«Иқтидорли футболчиларни етиштириб чиқаришда давом этаётган «Пахтакор» академиясининг навбатдаги тарбияланувчиси ҳам хориж чемпионатига йўл олди. Ҳозиргача Англиянинг профессионал клубларида ўзбек футболчиси фаолият олиб бормаган», - дейилган клуб хабарида.
Маълумот учун, Ўринбоев «Пахтакор»да 17 ёшга тўлмасдан ўз дебютини ўтказган ва ўз ёш тоифасида терма жамоа аъзоси саналади. У «Пахтакор» сафида 16 ёшида дебют қилиб, ҳозиргача 17 ўйинда майдонга тушган.
Муҳаммадали Ўринбоев муқаддам «Бунёдкор» ва «Навбаҳор» клубларида тўп сурган, айни вақтда «Металлург» клуби аъзоси бўлган ҳужумчи Забиҳулло Ўринбоевнинг укасидир.
«Брентфорд» клуби АПЛ 20-туридан кейин 22 очко билан 15-ўринда бормоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар