15:33 / 03.02.2024
438

Терма жамоамиз етакчисини Россиянинг бир неча клубларига таклиф қилишди...

Терма жамоамиз етакчисини Россиянинг бир неча клубларига таклиф қилишди...
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи ўйинчиларидан бири Отабек Шукуров айни пайтда клубсиз юрибди. Унинг охирги жамоаси – Туркия Суперлигасининг “Фотиҳ Карагюмрюк” клуби ўтган йил охирида тажрибали легионер билан хайрлашишга қарор қилган эди. Ҳозир Отабек Шукуров расман эркин агент мақомида.

Россиянинг нуфузли нашри – “Спорт Экспресс” тарқатган маълумотга кўра, Отабек Шукуровнинг агентлари унинг хизматларини Россия Премьер-лигасининг бир неча клубларига таклиф қилган. Бироқ, бу уриниш ҳеч қандай самара бермаган, рус клубларидан терма жамоамиз ярим ҳимоячисига қизиқиш бўлгани йўқ.

Янги мавсумда Россия Премьер-лигасида жами беш нафар ўзбекистонлик футболчи қайдномадан ўтказилган эди.

Улар орасида фақат Аббосбек Файзуллаевнинг иши юришиб кетди. 20 ёшли футболчимиз қисқа фурсатда ЦСКАнинг етакчи ўйинчисига айланди ва мунтазам бошланғич таркибда майдонга тушмоқда. Москвалик “армиячилар” сафида легионеримиз жами 18 та учрашувда иккита гол ва тўққизта ассист муаллифи бўлди.

“Рубин”даги икки ўйинчимиз – Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев ҳозирча қозонликлар сафида. Бироқ клуб раҳбарияти ёш ярим ҳимоячи Умарали Раҳмоналиев мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши учун бошқа жамоаларга ижарага берилиши мумкинлигини маълум қилган. Ҳозир футболчимизга асосан биринчи лига етакчиларидан таклиф бўляпти.

Терма жамоамиз билан Осиё кубогида иштирок этаётган Рустам Ашурматовнинг асосий таркибдаги ўрни муқим эмас. Қолаверса, Озарбайжоннинг энг номдор клуби “Нефтчи” марказий ҳимоячимизни олишга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабарлар бор.

“Нижний Новгород” бирданига икки легионеримиз хизматидан воз кечди. Асосий таркибга кира олмаган ёш ҳужумчи Руслан Жиянов охир-оқибат “Навбаҳор”дан қўним топди. Аввалги мавсумларда жамоа етакчилари қаторида бўлган Иброҳимхалил Йўлдошев жорий мавсумда заҳирага ўтириб қолди. Вазиятни ўзгартириш мақсадида чап қанот ҳимоячиси Қозоғистоннинг “Қайрат” жамоасига кўчиб ўтди.

Демак, мавсумнинг иккинчи қисмида Россия Премьер-лигасида уч нафар футболчимиз тўп тепиши кутилмоқда. Отабек Шукуров улар сафига қўшила олмади. 27 ёшли ярим ҳимоячимиз Осиё кубогидан кейин бор эътиборини янги жамоа топишга қаратади.

Отабек Шукуров “Машаъл” тарбияланувчиси ҳисобланади. Мамлакатимизда “Бунёдкор” шарафини ҳам ҳимоя қилган. Шукуров 2018 йилнинг январида эркин агент сифатида Бирлашган Араб Амирликларининг “Шаржа” клуби билан шартнома имзолаган.

2022 йилнинг ёзида Отабек Европага йўл олди ва кучли чемпионатлар қаторига кирувчи Туркия чемпионатига бор. “Фотиҳ Карагюмрюк” ўзбек футболчисини ўз сафига қўшиб олди.

Легионеримизга Туркия Суперлигасининг “Сивасспор” жамоасидан таклиф борлиги ва музокаралар бошлангани хабар қилинганди. Бироқ иш шартномага етиб бормаган кўринади.

27 ёшли Отабек Шукуров 2016 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси сифатида тўп тепмоқда. Халқаро миқёсда 64 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 8 та гол ёздириб қўйган. Унинг трансфер суммаси 2,5 миллион еврога баҳоланмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Терма жамоамиз етакчисини Россиянинг бир неча клубларига таклиф қилишди...