17:07 / 04.02.2024
411

Хорижлик эксперт испанларга Аббосбек Файзуллаев ҳақида маълумот берди

Хорижлик эксперт испанларга Аббосбек Файзуллаев ҳақида маълумот берди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатар мезбонлик қилган Осиё кубогидаги иштирокини якунланади. Сречко Катанец шогирдлари чорак финалда Осиё кубогининг амалдаги соҳиби ва бу галги мусобақа мезбонига пенальтилар сериясида ютқазиб қўйди.

Умуман олганда, терма жамоамиз мусобақадан олдин ва турнир давомида таркиб борасида юзага келган муаммоларга қарамай, анча ишончли ўйин кўрсатди.

Бу галги қитъа чемпионатида терма жамоамиз таркибида ўзини яхши томондан кўрсата олган футболчилар бўлганини таъкидлаш лозим. Хусусан, Аббосбек Файзуллаев, Азизбек Турғунбоев, Диёр Холматов, Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинлари аксарият мухлису мутахассисларга манзур бўлди.

Қатар майдонларида Аббосбек Файзуллаев етакчилик қобилиятини намойиш қила олгани таҳсинга лойиқ. Қитъанинг энг нуфузли мусобақасида илк бор қатнашган 20 ёшли ҳужумкор футболчи иккита гол ва битта ассист қайд этди, терма жамоамиз ўйинига ижобий таъсир ўтказди.

Файзуллаевнинг маҳоратини яхши билан испаниялик мураббий Анхель Лопес Европанинг машҳур нашри – Marca газетасига Аббос ҳақида маълумот берди.

Marca Испания босма матбуотида энг ўқимишли газета ҳисобланади. Нашрнинг 2 миллион 300 минг нафардан зиёд ўқувчиси бор. Шунингдек, газета сайтини 3 миллион 115 минг нафардан ортиқ мухлис мунтазам кузатиб боради. Ҳар икки кўрсаткич бўйича ҳам Marca етакчи оммавий ахборот воситаси ҳисобланади.

Анхель Лопес мураббий сифатида Испаниядан ташқари Руминия, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Кипр ва Грецияда ишлаган. Бу мутахассис 2022 йили “Сурхон” жамоаси бош мураббийи бўлиб ишлаган. Юртимиздаги фаолияти орқали ўзбек футболи билан яхши таниш.

Marca нашри Осиё кубоги муносабати билан Аббосбек Файзуллаев ва ўзбек футболи ҳақида мақола эълон қилди.

Ўзбекистон ҳақида гап кетганида Буюк ипак йўли асосий эталон сифатида гавдаланади. Бироқ бу мамлакат футболда ҳам ном қозонмоқда. Энг машҳур ўйинчи – “Рома”дан “Кальяри”га ижарага берилган Элдор Шомуродов жароҳат туфайли Осиё кубогини ўтказиб юборди.

“Оқ бўрилар” мусобақада Аббосбек Файзуллаевга ишонч билдирди. Кичик жуссали – бўйи 167 сантиметр бўлган Москванинг ЦСКА клуби ҳужумкор ўйинчиси бир йил олдин 20 ёшгача бўлган футболчилардан иборат терма жамоани Осиё чемпионига айлантиранди. Бунақаси мамлакат тарихида илк бор юз берди.

Ўша мусобақанинг энг фойдали ўйинчиси кейинчалик “Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтди. 500 минг еврога трансфер қилинган футболчи Россия Премьер-лигасида ҳақиқий сенсация бўлди ва жами 18 та учрашувда иккита гол ва тўққизта ассист муаллифига айланди.

Аббосбек Осиё кубогида ҳам жамоани ортидан эргаштира олди. Гуруҳ босқичида Ҳиндистонга гол урди, нимчорак финалда Таиланд дарвозасини ишғол қилиб, ўзбекларни чорак финалга олиб чиқди.

1992 йили Европа Чемпионлар кубоги финалида “Барселлна” билан ўйнаган афсонавий “Сампдория”нинг моҳир ўйинчиси бўлган Сречко Катанец ўз қўлида ҳали ишлов берилмаган “олмос”ни сақлаб турибди. Уни Анхель Лопес яхши билади.

Ҳозир Грециянинг “Волос” жамоасини бошқараётган испаниялик мураббий “Сурхон”да ишлаган кезлари Аббосбек Файзуллаев билан учрашган.
  • "Мен уни жуда яхши эслайман, чунки “Пахтакор”га қарши ўтказилган ўша баҳсда биз 2:2 ҳисобида дурангга эришганмиз ва Аббос бизга гол урган. Унинг зўр сифатлари бор. Файзуллаевнинг зарбаси зўр, ўйинни яхши ўқийди, майдонни яхши кўра олади", - дейди Анхель Лопес.

Анхель Лопес фақатгина Файзуллаевнинг техникасига билан чекланмай, ўзбек футболи хусусиятларини ҳам гапирди.
  • "Ўзбек футболчилари жуда рақобатбардош. Осиёнинг бошқа мамлакатларидан фарқли равишда уларнинг менталитети Лотин Америкасиникига ўхшайди. Уларда футболга иштиёқ баланд: гол уради ва курашаверади. Ана шу маънода Аббосбек Файзуллаев ҳам энг кучли талаблар ва босимларни енгиб ўта олади. У “Пахтакор”да тарбияланган, бу жамоа ўзбекларнинг “Реал Мадрид”и. Аббос болалигидан халқаро мусобақаларда ўйнаш ва ҳар бир баҳсда ғолиб чиқишга кўникиб қолган", - дейди Анхель Лопес.

Испаниялик мураббий Файзуллаевнинг ЦСКАдаги фаолиятини ҳам мақтади.
  • "Файзуллаев анча машҳур лигага кўчиб ўтди ва у ерда жуда яхши савияда ўйнаяпти. Агар адашмасам, янгиликларда уни камида уч маротаба ойнинг энг яхши ўйинчи сифатида эълон қилишди. Мен Аббоснинг салоҳияти кучли лигаларга сакраб ўтиши учун етарли, деб ҳисоблайман. Балки Испанияга келар, нега энди бу ерда ўйнамаслиги керак?", - деди Анхель Лопес.

Нуфузли манба – Marca нашри ўзбек футболи салоҳияти билан яхши таниш бўлган испаниялик мураббий Анхель Лопеснинг Испания матбуотига берган ана шундай маълумотлари билан мақолага якун ясади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хорижлик эксперт испанларга Аббосбек Файзуллаев ҳақида маълумот берди