17:37 / 07.02.2024
418

Шомуродовнинг қачон майдонга тушишига аниқлик киритилди

Шомуродовнинг қачон майдонга тушишига аниқлик киритилди
Элдор Шомуродов декабрь ойида фаолиятидаги энг аламли жароҳатга дуч келган эди. 28 ёшли форвард энди юқори спорт формасини тиклаб, “Кальяри”га фойда келтира бошлаган паллада, амалдаги чемпиони – “Наполи”га қарши ўйинга тайёргарлик жараёнида ўнг оёқ бармоғини синдириб олди.

Тажрибали ҳужумчи тезроқ тузалиш мақсадида жароҳатини операция қилдирди, лекин оёққа туриши учун бир неча ой керак бўляпти.

Аламли жиҳати шундаки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг зўр тўпурари Осиё кубогида жамоага ёрдам бера олмади. Балки Элдор бўлганида Қатардаги натижамиз чорак финал билан чекланиб қолмасмиди...

Ҳар ҳолда Осиё кубогида Сречко Катанецга ҳужумчи етишмади ва айрим учрашувларда вазифаси гол уриш бўлган форвардларсиз ўйнашга тўғри келди.

Бу томонда “Кальяри”да ҳам вазият ҳавас қилгулик эмас. Жамоа мусобақа жадвалида хавфли ҳудудда, бу кетишда А Сериядаги дастлабки мавсумданоқ яна қуйи лигага тушиб кетиши мумкин. Клауди Раньери жароҳатлар туфайли бир неча ҳужумкор футболчи хизматидан фойдалана олмаяпти.

Февралнинг бошида майдонга қайтиши кутилган Элдор Шомуродов яна бир муддат тикланиш учун вақт сарфлайдиган бўлди. Яқинда Клаудио Раньери ўзбек футболчиси якка тартибда шуғулланаётгани ва асосан сузиш билан машғуллигини айтганди.

Италия футболини ёритиб келаётган манба – L'Unione Sarda нашри Элдор Шомуродовнинг майдонга қайтиш санасига аниқлик қиритди.

Манбанинг қайд этишича, легионеримиз 10 мартга белгиланган 28-турда сафга қўшилиши кутилмоқда. Шу куни “Кальяри” жамоаси ўз майдонида “Салернитана” клубини қабул қилади.

Қизиқ томони шундаки, Элдор Шомуродов қишки трансфер бозори ёпилиши арафасида “Салернитана”га кўчиб ўтишига бир баҳя қолганди. А Серияда жойини сақлаб қолиш учун курашаётган салерноликлар “Рома”га мурожаат қилиб, Элдор Шомуродовни ижарага беришни сўраган.

Рим клуби мутасаддилари ҳам “Кальяри”да ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган Элдор Шомуродовни “Салернитана”га ўтказишга розилик берган. Легионеримизнинг ўзи ҳам мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун клубини ўзгартиришга кўнган эди.

Маълумотларга қараганда, сўнгги паллада Клаудио Раньери Элдор Шомуродовни қўйиб юбормаган ва уни жамоада олиб қолган.

Яна бир қизиқарли факт – Шомуродов А Сериядаги охирги голини айнан “Салернитана” дарвозасига киритган. 2023 йилнинг апрелида Элдор бу жамоанинг машҳур дарвозабони Гильермо Очоани доғда қолдирган эди. Ўшанда Шомуродов “Специя”да ижара асосида ўйнарди.

Энди мавсумни “Кальяри”да ўтказаётган ҳамюртимиз ҳали голлари ҳисобини очгани йўқ. 28 ёшли форвард сардинияликлар сафида жами 13 та учрашувда майдонга тушиб, иккита ассист қайд этган.

Демак, Элдор Шомуродовнинг оғир жароҳатидан тикланиб, яна майдонга қайтишига бир ой атрофида вақт қолди холос.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовнинг қачон майдонга тушишига аниқлик киритилди