15:13 / 08.02.2024
752

Зафармурод Абдираҳматов Қатарга қарши ўйин ва пенальтилар серияси ҳақида интервью берди

Зафармурод Абдираҳматов Қатарга қарши ўйин ва пенальтилар серияси ҳақида интервью берди
Ўзбекистон миллий терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги иштироки борасида турли фикр ва мулоҳазалар мавжуд. Айниқса чорак финалда Қатарга пенальтилар сериясида ютқазганимиз аламли бўлди.

Айрим ўйинчиларимиз қатори “Насаф”нинг иқтидорли аъзоси Зафармурод Абдираҳматов ҳам ўша куни пенальтидан гол ура олмади. Шундан сўнг танқидлар ҳам кузатилди. Sports.uz журналисти Абдираҳматов билан суҳбатлашди.

- Зафармурод, Осиё Кубогидан кейинги таассурот ва хиссиётлар қандай? Аламли учрашувдан сўнг ўзингизга келиб олиш қийин кечмадими?
- Ассалому алайкум. Осиё Кубогида Қатарга қарши ўйиндаги мағлубият учун Ўзбекистон халқидан узр сўраймиз. Қолаверса, уролмаган пенальтим учун ҳам алоҳида узр сўрайман. Ўзимизга келиш учун аста-секин ҳаракатни бошлаб юбордик. Ҳиссиётлар ҳам ўзига яраша бўлди, ўтди-кетди. Яқинларимиз, ота-онамиз қўлдан келганича ёрдам беришяпти. Ҳали ҳаёт олдинда деган гапларни айтишяпти. Ҳа, барчаси олдинда. Яна бир бор халқимиздан узр сўраймиз.

- Бу сиз учун Осиё Кубогидаги дебют иштирок бўлди. Ҳаяжонни енгиб ўта олдингиз. Бунда сизга ким ёрдам берди ва умуман, қониқдингизми?
- Осиё Кубогидаги дебютимга келсак, яхши бўлди. Ҳаяжон ҳам ўзига яраша кечди. Лекин мусобақадаги иштирокимиз биз хоҳлагандек бўлмади. Шуниси одамга салгина хафагарчилик келтиради. Бизга ёрдам берган акаларимиз, клубимиздан бирга борган Шерзод ака Насруллаев, Умар ака Эшмуродов, Абдувоҳид Неъматов, Хусниддин Алиқулов кабилар менга катта ёрдам беришди. Ҳаяжонимни енгишда, ўз ўрнимни топишимда менга кўмаклашишди ва далда бўлишди.

- Қатарга қарши баҳсда пенальтилар сериясида омад юз ўгирди. Пенальтидан гол ура олмаганингизга қандай изоҳ берасиз?
- Биз пенальтилар сериясида ютқаздик. Бундан бошқа сабаб йўқ. Яхши тепа олмадик. Бунинг учун халқимиздан яна бир бор узр сўраган бўлардим. Бошқа ҳеч нарса дея олмаймиз. Худони айтгани бўлади. Бу сафар омадимиз келмади.

- "Спорт" телеканали шарҳловчиси сиздан узр сўраганини ёзиб чиқди. Чиндан ҳам узр сўрадими?
- “Спорт” телеканали шарҳловчиси менга бир кундан кейин телеграмдан ёзди. Мен ҳам мусулмонман, мусулмон бўлиб кетишни хоҳлайман деди. Ўйинда шарҳ пайтида хиссиётларга берилиб сизни ҳақоратлаб юбордим, бунинг учун сиздан узр сўрайман, қиёматда қолиб кетишини хоҳламайман деди. Ҳа, бўпти майли, соғ бўлинг дедим, бошқа ҳеч нарса демадим. Худога шукр, бу нарсани кўнглимга олганим йўқ.

- Энди бор эътиборингиз “Насаф”га қаратилади. Жамоа олдига чемпионлик вазифаси қўйилди. Бунга клуб тайёрми?
- Албатта, эътиборимизни клубга қаратамиз. Олдимизда муҳим бир ўйин турибди. Осиё Чемпионлар лигасида “Ал-Айн”га қарши майдонга тушамиз. Барча эътиборимиз шунга қаратилган, тайёргарлик олиб боряпмиз.

- Терма жамоадан кейин дарҳол клубга қўшилдингизми ёки бироз дам оляпсизми?
- Терма жамоадан қайтганимиздан кейин эшитган бўлсангиз, Қатарда грипп тарқалгани учунми билмадим-у, ҳаммамизда грипп кузатилди. Охирги куни менда ҳам грипп бўлди. Қайтганимдан сўнг озроқ ҳолатим яхши бўлмади. Икки кун температура кузатилди, бироз шамоллагандим. Клубга келиб ҳолатимни тушунтирдим. Ҳозирда базада даволаниш муолажаларини оляпмиз. Худо хоҳласа, ўйингача чиқамиз.

- Олдинда ОЧЛ доирасида жиддий ўйин кутяпти. Сиз эса доимий равишда клуб ва терма жамоада бўлиб муҳим баҳсларда қатнашдингиз, танаффуссиз. Сизда толиқиш ва жисмонан ҳолсизлик сезилмаяптими?
- Худо хоҳласа, “Ал-Айн” билан учрашувга тайёргарликни бошлаб юборганмиз. Терма жамоага бордик ва клубга қайтдик. Худога шукрки, толиқиш ва чарчашлар йўқ. Бу футболчида бўладиган ҳолат. Чунки терма жамоага чақирганида Ватан учун ўйнайсиз! Клубда ҳар доим ишингиз учун ўйнайсиз. Бу футболчининг ҳаёти. Бизда ҳозирча толиқишлар йўқ. Чунки биз ҳали ёшмиз. Вақтимиз келганида албатта ўйнашимиз керак.

Шуҳратбек Жўраев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Зафармурод Абдираҳматов Қатарга қарши ўйин ва пенальтилар серияси ҳақида интервью берди