01:54 / 02.03.2024
202

Рўзиқул Бердиев: "Раҳбарият жамоа олдига чемпионлик вазифасини қўйган..."

Рўзиқул Бердиев: "Раҳбарият жамоа олдига чемпионлик вазифасини қўйган..."
Суперлига биринчи туридан ўрин олган "Насаф" - "Олимпик" учрашувидан сўнг (2:0) мезбонлар устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.

– Ўйин ҳақида
– Ўйинни яхши бошладик. Биринчи бўлимни ўрталарига келиб ўйинимизда пасайиш бўлди. Бунга "Олимпик" жамоасининг ҳаракатлари сабаб бўлди, албатта. Чунки "Олимпик" тўп назоратига эътибор қаратди. Иккинчи бўлимда баъзи ўзгаришлар қилдик, ғалабамизга айнан шу ўзгаришлар сабаб бўлди. Бугун асосий эътиборимизни ҳаводан келиб чиқиб стандард вазиятларга қаратгандик. Асосийси ғалабага эришдик.

– Ислом Кенжабоев ва Ойбек Бозоровнинг қачон сафга қайтиши маълумми?
– Ойбек елкасидан жароҳат олиб, енгил операцияни ўтказди. Унинг ўзи тезроқ сафга қайтишни истамоқда, аммо у иккинчи, учинчи турларни ўтказиб юбориши керак бўлади. Кенжабоев эса ҳеч қандай машғулотсиз бир ой ичида жароҳатдан даъволаниши керак эди. Бу муддат тугаб бормоқда. Насруллаев ҳам жароҳатини тузатишга ҳаракат қилмоқда. Бу ўйинчиларнинг йўқлиги ўйинимизга таъсир қилмоқда. Ҳар бир ўйинга имкониятимиздан келиб чиқиб таркиб танлаяпмиз.

– Да Силва иккита голга ҳам ассистентлик қилди. Уни биринчи бўлимда нега туширмадингиз?
– У икки кун олдинги режамизга кўра бошланғич таркибда тушиши керак эди. Бироқ, бугунги об-ҳавода ўйин курашларга бой бўлишидан келиб чиқиб техникага таянган футболчиларга урғу бермадик. Лекин кўрдингиз у вазиятлар яратиш бўйича жуда яхши ҳаракат қилди. Бу ҳали бошланиши, у жамоамизга мослашиб бормоқда.

– Бу йил жамоага қандай вазифа қўйилди? "Насаф" бу йил чемпион бўлиши учун ҳамма нарса етарлими?
– Ҳа, аниқ мақсад қўйилди. Ҳар йили катта натижаларни мақсад қиламиз, аммо ҳали чемпион бўлмаганмиз. Раҳбарият айнан шу мақсадни бу йил олдимизга қўйган. Ҳар йили нимадир етмай қоларди. Ўйинимизни янада яхшилашимиз керак. Шу тариқа мақсадимиз томон ҳаракат қиламиз. Балки, бу ўйинчиларга босим юклар, аммо бизга бу муаммо бўлмаса керак. Ҳамма ўйинчиларимиз босимга тайёр. ОЧЛ ўйинида ҳам потанциалимиз қанчалик юқори эканини кўрсатдик. Агар Ойбек, Шерзод, Кенжабоевлар бўлганда балки натижамиз бунданда яхшироқ бўларди. ОЧЛ ўйинида захирадан ўйинни кучайтира олмаганимизни кўрдингиз.

– "Насаф"нинг янги мавсумдаги таркибидан қанчалик кўнглингиз тўлди? Кўпчилик жамоа жуда кучли таркибга эга эканини таъкидламоқда...
– Бу фикрга унчалик ҳам қўшилмайман. Биздаги ўйинчилар бир ўзи барча нарсани ҳал қиладиган типдаги футболчилар эмас. Шу сабаб ҳам жамоавий ўйинга эътиборни қаратишимиз керак. Биз нимага эришган бўлсак, жамоа билан эришганмиз. Терма жамоадаги ўзимизга яқин бўлган ўйинчиларни таклиф қилгандик, аммо уларни қўлга кирита олмадик. Баъзилари бошқа жамоани танлади, баъзилари талаб қилган шартларни биз бажара олмадик. Биринчи даврагача ҳозирги таркиб билан ҳаракат қиламиз.

– Юқорида санаган футболчилар айнан кимлар эканлигини айта оласизми? Сиз энг кўп хоҳлаган, аммо жамоага келмаган ўйинчи ким?
– Буни яширадиган жойи йўқ. Кўпчилик билади ҳам. Ҳамробековни жамоада кўришни жуда истагандик. Фарруҳ Сайфиевни ҳам қўлга киритишни ҳам хоҳлагандик. Яна бошқа ўйинчилар бор эди режамизда, аммо уларнинг номини айтмайман. Маълум сабабларга кўра улар бошқа жамоани танлашди. Ўзимга яқин бўлган ўйинчиларнинг номини айтдим.

– Бу йил ёш футболчилардан кимнидир кашф қилиш нияти борми?
– Ростини айтсамиз, охирги йилларда ёш футболчиларга камроқ эътибор қаратдик. Бунга жамоа олдига қўйган юқори мақсадлар, ОЧЛ ўйинлари, совринлар учун катта кураш сабаб бўлди. Ҳозирда Зафармурод, Алибекларни кўпроқ ўйинларга жалб қиляпмиз. Биз ўринбосарлар таркибига 2005-2006 йилларда туғилган футболчиларни кўпроқ ўйнатишга урғу беряпмиз. Ўша футболчилар эртанги ўйинларда қатнашади. Бу ердаги таркибимиз катталардан иборат бўлгани сабаб, ўринбосарлар таркибида ёшларга имконият қаратамиз. Бу эртанги кун учун қилинган иш бўлади.

– "Насаф" кейинги турда "Пахтакор"га қарши Тошкентда ўйин ўтказади. Бу ўйинга қандай қарайсиз?
– "Пахтакор" ҳар доим – "Пахтакор". Чемпион жамоа. Сафарда ўйнаймиз, осон бўлмайди. Охирги йилларда "Пахтакор" билан ёмон натижа кўрсатмаяпмиз. Муҳим ўйинлардан бири бўлади.

– Муродбек Раҳматов олтинчи рақамни олишида сизнинг ўрнингиз қандай? Чунки ўзингиз ҳам шу рақамда ҳаракат қилгансиз...
– Баъзи бир футболчилар ўзлари ташаббус кўрсатишади. Азиз Ғаниев ҳам олтинчи рақамда ўйнашни мендан сўраган. Мен ўшанда "олавер, бу менинг шахсий рақамим эмас", - деганман. Шундай экан, бу рақамда истаса ҳаракат қилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев: "Раҳбарият жамоа олдига чемпионлик вазифасини қўйган..."