00:06 / 22.03.2024
518

Рўзиқул Бердиевга Ўзбекистон кубоги қуръасида нима ёқмади?

Рўзиқул Бердиевга Ўзбекистон кубоги қуръасида нима ёқмади?
Бугун Ўзбекистон Кубоги гуруҳ баҳсларига қуръа ташланди. Барчанинг эътибор “Н” гуруҳига қаратиляпти. Чунки у ерда “Андижон”, “Динамо”, “Насаф” ва “Навбаҳор” клублари жой олди. Бу эса деярли бир овоздан “ўлим гуруҳи” деган жумла ишлатилишига қўл келмоқда. Қуръа ташлангач, “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев фикрларини билдирди.

- Рўзиқул Саъдуллаевич, 2024 йилги Ўзбекистон Кубоги гуруҳ баҳсларига қуръа ташланди. Деярли барча “Андижон”, “Динамо”, “Насаф” ва “Навбаҳор” жой олган “Н” гуруҳини “ўлим гуруҳи” деб ҳисоблашмоқда. Бунга қанчалик қўшиласиз?
- Албатта, жиддий рақиблар тушди. “Ўлим гуруҳи” демаган бўлардим. Ҳар бир турнирда олдимизга қўйган мақсадимиз бор. Шунинг учун гуруҳдан чиқишга ва Кубок учун курашишга бел боғлаганмиз. Рақиблар қанчалик жиддий бўлмасин, агар олдингизга олий мақсад қўйсангиз барчаси билан ўйнашингиз керак. Биз бунга ҳар тарафлама тайёрмиз. Шу боис биринчи вазифамиз гуруҳдан чиқиш. Яна бир фикрни айтмоқчиманки, бу нарса иккинчи йил такрорланяпти.

Суперлига клублари алоҳида гуруҳга, про лига ва биринчи лига жамоалари эса бошқа гуруҳга бўлиниб қоляпти. Баъзи мусобақаларда жамоалар саватчаларга бўлинардилар. Кучли ва кучсиз клублар сифатида ажратиларди. Тўғри, бу қуръа. Аммо юқоридаги фикрни ўйлаб кўриш керак. Ўтган йили ҳам шу нарсалар такрорланиб, Суперлига ва қуйи лига жамоалари алоҳида гуруҳларда бўлиб қолишган. Ҳозир ҳам тўртта Суперлига жамоаси бир гуруҳда, про лига ва биринчи лига клублари бир гуруҳда бўлиб қолди.

- Қуръадан олдин “Н” гуруҳидан ўрин олган қайсидир рақибни тахмин қилганмидингиз?
- Битта Суперлига жамоаси билан ўйнашимизни кутгандим. Лекин бундай бўлмади. Бу қуръа ва буни қабул қилишимиз керак.

- 30 март куни жамоангиз сафарда “Андижон” билан ўйнайди. Кубокда ҳам яна Андижонга сафар қиласизлар. Бу “Насаф”га қўшимча қийинчилик туғдирмайдими?
- “Андижон” жамоасининг ҳозирги натижалари ҳаммани ўзига жалб қилиб турибди. Асосийси, биласизми, биз иккита ажойиб муҳитда футбол ўйнаймиз, чемпионатда ҳам, Кубокда ҳам. Биз учун бундай ажойиб муҳитда футбол ўйнаш жамоамга ҳам, ўзимга ҳам ёқади. “Андижон”нинг “Бунёдкор”га қарши ўйинидаги муҳитни кўриб бундан жуда қувондик.

- Суперлигамиздаги кичик танаффус чоғида “Насаф”нинг тайёргарлиги қандай давом этяпти? Ўртоқлик ўйини режалаштирилганми?
- Кеча машғулотларни бошладик. 30 мартга қадар битта ўртоқлик учрашуви ўтказамиз. 29 март санасида Худо хоҳласа Андижонда бўламиз.

Шуҳратбек Жўраев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиевга Ўзбекистон кубоги қуръасида нима ёқмади?