17:43 / 27.03.2024
1 240

“Бунёдкор” стадионида ўша хунук ҳолат яна такрорланди

“Бунёдкор” стадионида ўша хунук ҳолат яна такрорланди
26 март куни Ўзбекистон терма жамоаси “Бунёдкор” стадионида Гонгконг терма жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этди. Учрашувга 28 мингга яқин мухлис ташриф буюриб, юрт жамоасини қўллаб-қувватлади. 90 дақиқа давомида карнай сурнайлар, қарсаклар овози тинмади.

Фото: ЎФА
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўйиндан олдин журналистлар учун ифторлик дастурхони ёзди.

Гўзал атмосфера, тўлиб-тошган стадион, чиройли ғалаба. Ҳаммаси чиройли якун топиши керак бўлган пайтда терма жамоаларимиз ўйинида кузатилаётган хунук ҳолат юз берди.

Ғалабани нишонлаш арафасида турган футболчиларимиз ёнига кўплаб мухлислар югуриб келди, уларни на мутасаддилар ва на хавфсизлик ходимлари тўсиб қолди.

Бу биринчи ҳолат эмас. Ўзбекистон — Эрон учрашувида ҳам мухлислардан бири Аббосбек Файзуллаевнинг олдига югуриб келган эди.

Хўш бунинг қандай ёмон томонлари бор?

Биринчидан, ушбу ҳолат футбол қоидаларига зид ҳисобланади.

Иккинчидан, майдонга югуриб чиққан кишининг мақсади аниқ эмас. Бу эса футболчи ва бошқа иштирокчиларнинг ҳаёти учун хавф туғдиради.

Учинчидан, ушбу ҳолат нормал эканини билган бошқа мухлислар ҳам бу ишни қилиши оқибатида мухлисларнинг йиқилиши, тиқилинчда қолиши каби турли нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин.

Эрон билан учрашувда югуриб чиққан мухлиснинг видеолари турли ОАВларда тарқатилди. Ҳаттоки, ПФЛ матбуот хизмати ушбу видеони ўз Instagram саҳифасида эълон қилди. Бу эса бошқа бундай мақсадни кўзлаётганлар учун ундов сифатида ишлаб берган бўлиши мумкинки, кечаги ҳолат юз берди. Энди бир ёки икки мухлис эмас, балки ўнлаб мухлислар майдонга ёпирилди.

Ҳолат футбол эксперти Алишер Никимбаев томонидан кескин қораланди ва у ассоциациянинг вазифаларини эслатиб ўтди:

Ўзбекистон футбол ассоциацияси хавфсизлик хизмати ўзининг бевосита масъулиятини ёдда тутиши ва миллий терма жамоа ўйинларида хавфсизликни таъминлашга киришиши керак.

Бундан ташқари, майдонга югуриб чиққани учун жазони кучайтириш керак: уларни клублар ва ассоциацияга қўйилган жарималарни тўлашга мажбурлаш ва маълум муддатга ўйинларга боришни тақиқлаш чорасини кўриш керак
”, — деб ёзади Никимбаев ўзининг телеграм каналида.

Ушбу ўйинни шарҳлаган Ориф Толипов ҳам бу борада ўз фикрини билдириб ўтди.

Мухлисларнинг майдонга югуриб тушиш ҳолатларини романтизация қилмаслик керак. Бу нотўғри иш. Бундай ҳолатларда мезбон ассоциация молиявий жаримага тортилади, адашмасам. Жарима бўлмаган тақдирда ҳам бундай иш оммавий тус олавераркан оқибатларини прогноз қилиш қийинлашиб бораверади.

Халқаро ўйинларни кўп шарҳлаймиз, баъзи учрашувлар вақтида, айниқса якунга яқин стадион маълумотчиси мухлисларни босиқликка чақиради, оқибатлар ҳақида огоҳлантиради. Бизда шу йўқ. Асли адекват одамга бундай эслатма шарт эмас, лекин рискни минималлаштириш учун мажбуран оммага эслатма қилинади.

Хуллас, майдонга тушгандан фойда йўқ. Жаҳон футбол мухлислигидан бошқа, фойдалироқ жиҳатларни ўзлаштирганимиз маъқул
”, — дейди футбол шарҳловчиси ўз телеграм каналида.

Албатта, Ориф Толиповнинг таклифи ўринли. Стадион сухандонининг огоҳлантириши маълум маънода иш бериши мумкин. Ҳар ҳолда шу фикрни миясида қуйиб турган одамларнинг бир нечтаси ўз ишининг хато эканлигини билиб олади.

Аммо, ҳолат жазоланмас экан ушбу ҳолат давом этиши ва оқибати ёмон ҳолатга олиб келиши турган гап.

Туркия чемпионатида меҳмон футболчиларнинг мухлислар томонидан калтакланиш ҳолати бунга яққол мисол.

Шундай ҳолатгача бормаслиги учун Футбол ассоциацияси маълум чораларни кўриши ва бу ҳақда ОАВга маълум қилиши мақсадга мувофиқ.

Кечаги ҳолатда югуриб чиққан мухлислар Ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилгани ҳақида турли гаплар юрибди. Аммо, афсуски, бу сафар ҳам ЎФА матбуот хизмати ҳолат юзасидан бирор фикр билдирмади.

Ўзбек ОАВда эса кечаги югуриб чиққан мухлислар видеолари юз минглаб одамлар томонидан кўрилди. Демак, эски хато яна қайтарилди.

ЎФА бирор чора қўллаши учун ҳолат қай даражага бориши кераклигини ҳозирча тушунмадим.

Биринчиси бўлганида-ку, тушуниш мумкин. Аммо такрорий ҳолатда ҳам бирор изоҳ бўлмагани ҳолат ташкилотни ташвишга солмаётганини билдирармикан? Ёки ассоциациянинг бирор реакция билдириши учун Ўзбекистон ОФК томонидан мухлисларсиз ўйин ўтказиш шарти қўйилиши ёки Туркия чемпионатидаги ҳолат юз бериши керакми?

Эркин Ғайбуллаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Бунёдкор” стадионида ўша хунук ҳолат яна такрорланди