180
"Реал" ўз ўйинини қилди, "Сити" эса рақиб ҳароратига мослашди ва ўзини йўқотиб қўймади (Ўйин таҳлили)
Европа Чемпионлар лигаси чорак финалига қуръа ташланган пайтда ва биз яна "Сити" - "Реал" қарама-қаршилигини кўришимизни билганимиз заҳоти турли фаразлар ила тахминлар янграганди. Турфа фикрлар оқими барибир бир жараёнга бориб тақаларди. Биз супер беллашув гувоҳи бўламиз.
Мадриддаги баҳсда шундай бўлди ҳам. Ҳисоб - 3:3. Бизда бу ўйиндан талай эмоциялар ва хулосалар қолди. Ҳозир мана шу учрашув жараёнини яна бир бор эслаймиз. Шунчаки эмас, балки, кўпчилик пайқаган ёки пайқамаган деталлар билан:
Ўйинга танланган тактикалар
"Манчестер Сити" (4-2-3-1)
Гвардиола бу учрашувда худди ўтган мавсумдаги каби қанотларга Бернарду ва Грилишни жойлаштирди. Гарчи, Жек бу мавсумни у қадар юқори даражада ўтказа олмаётган бўлса ҳам "Реал"га қарши унинг майдонга тушишини ўзим ҳам тахмин қилгандим. Пепда бошқа вариантлар бор эди, аммо Грилиш бир рақибни алдаб ўтиш, сифатли узатмалар бера олиш ва марказдаги балансни ушлаш орқали "Реал"дек рақибга қарши беллашувда анча фойдали ҳисобланади. Бернарду эса "Реал"нинг ҳақиқий "қотили" эканлигини бу учрашувда ҳам исботлади. Фақат Фоденнинг ҳужумчи ортида ҳаракат қилиши аввалига у қадар иш бермади. Шунингдек, "Сити" майдон марказидаги устунликни ҳам рақибга бериб қўйди. Дастлаб, 4 та ҳимоячи билан ўйнаган "шаҳарликлар"нинг таянч зонасига Родри ва Ковачич жавобгар бўлди.
Менимча, бу у қадар мукаммал вариант эмасди. Де Брюйненинг соғлиги билан юзага келган муаммо Пепни шу қарорга келишига сабаб бўлган. Шунингдек, "Сити"нинг зарарига ишлаган яна бир қарор (мажбурий қарор) - Аканжининг ўнг қанотда ҳаракат қилгани. "Реал" илк гол урилганидан сўнг ва умуман бутун беллашув давомида айнан мана шу қанотдан ҳужумлар уюштирди ва Уокернинг йўқлигидан максимал самара чиқара олди. Холандни эса доимгидек яхши қўриқлашди ва у майдонда деярли "ишсиз" қолиб кетди. Ортега эса тахминан жавоб баҳсида ўз ўрнини эҳтиром билан Эдерсонга бўшатиб беради.
"Реал Мадрид" (4-2-3-1)
"Реал" танлаган таркиб у қадар кўп муҳокама қилинмайди. Мана шу энг оптимали ва фойдалиси. Фақат бироз аввал якунланган баҳсда Анчелотти Родригони чап қанотга қўйиб, кўпчиликни ҳайрон қолдирди ва бу иш берди, десак ҳам бўлади. Винисиус ва Родриго тез-тез позиция алмашиб ҳаракат қилгани Аканжини ва бутун "Сити" ҳимоясини шошириб қўйди. Қолган танловлар ҳамда умумий ёндашув - оддийликнинг юксак намунаси ва шу оддийликдан максимал самара чиқара олишдир. Тактик танловлар аслида вазиятни у қадар ҳам намоён этмайди. Сабаби, ўйин давомида жараёнга мослашув бутунлай ўзгача бўлди. Мураббийлар кимларни танлагани ва жойлашувни таҳлил қилиб бўлдик. Энди ҳодисалар ва темп оқибатида юзага келган фавқулотда ўзгаришларга назар соламиз.
Биринчи бўлим
Биринчи таймнинг илк дақиқасидаёқ Грилиш рақиби Чуаменини ортда қолдирди ва жарима зарбаси ишлади. Бундан ташқари, бу фол сариқ карточкага ҳам лойиқ кўрилди ва Орельен жавоб баҳсини ўтказиб юборадиган бўлди. Мазкур жарима зарбасидан кутилмаганда зарба йўллаган Бернарду ўйинда ҳисобни очди. Луниннинг қисман хатоси ва Силванинг айёрлиги, десак ҳам бўлади.
"Реал" голга тезкор реакция билдириши аниқ эди. Аммо бу қандай ва қай йўсинда бўлиши ҳамма учун номаълум. 12-дақиқа давом этиб бораётган бир пайтда Камавинга марказда соло юриш амалга ошириб, рақиб дарвозасига бироз кучсиз ва ўхшамаган зарба йўллади. Шундай бўлсада, Диаш бу зарба голга айланиши учун максимал ҳисса қўшди. Рикошет туфайли тўп Ортега дарвозасидан жой олди. Бу голда "қаймоқранглилар"нинг бироз омади келди, десак адашмаган бўламиз. "Қироллик клуби" ҳисобда олдинга чиқиб олган эпизод эса - "Реал"нинг ДНКси. Винисиус ҳимояга яқин зонада тўпни қабул қилиб, битта узатма билан Родригони бирга-бир вазиятга чиқариб юборди. Бироқ бразилиялик форвард бироз секинлашиши оқибатида Аканжи ва Диаш унга деярли етиб олди. 3 киши қуршовида ва бироз мураккаб вазиятда қолган Родриго барибир гол уришнинг уддасидан чиқди. Эҳтиёткорликни танлаган "Сити" панд еди ва ўз дарвозасидан иккинчи тўпни олиб чиқди. Осонлик билан, оҳиста урилган гол "шаҳарликлар"нинг бугунги мудофаасига берилган энг холис баҳо бўлди.
Биринчи бўлимнинг қолган дақиқаларини "Сити" кўпроқ тўп назорати билан ўтказди. "Реал" эса онда-сонда қарши ҳужумларга ўтиб турди. Катта куч билан олдинга ташланмаган Гвардиола жамоаси узатмалар оқимини хавфли ҳужум сари йўналтира олмади. Ўйин учун танланган услуб иш бермади ва "шаҳарликлар" ўзлари учун қониқарсиз ҳисоб билан таймни якунлашди.
Иккинчи бўлим
"Сити" ўйинни қутқариши, ҳимоя ва ҳужумга динамика қўшиши учун ўзгаришлар қилиши мумкин эди. Заҳира анчагина кенг, яъни ресурслар етарли. Бироқ Гвардиола футболчиларни алмаштирмасдан ҳам ўйинни ўзгартира оладиган премиус-класс мураббийлигини яна бир бор исботлади. Биринчи бўлимда йўқолиб қолган Фоден энди қанотга ўтди, Бернарду эса нисбатан марказлашди. Бундан ташқари, жамоанинг позицион ҳужуми пайтида Стоунз марказда ва ҳаттоки ҳужумга яқинроқ зонада пайдо бўлди. Бу нимани таъминлади? Фоден энди қанотдан ҳам рейдлар амалга ошириши мумкин эди. Бундан ташқари, "Реал" "Сити"нинг тузатишларидан сўнг рақибдан тўпни олиб қўйиб, марказдан осонлик билан ўтиб кета олмади ва ҳужумлар кўп ҳолларда майдон марказининг ўзида "кесилди".
Рюдигер Холандни яхши қўриқлагани ва Мадрид клуби мудофааси ўз жарима майдони ичида анча зич ҳаракат қилгани мазкур беллашувда "Сити"нинг ҳужумдаги креативи, шунингдек, тажовузкорлигини кескин пасайтириб юборди. Бироқ 66 ва 71-дақиқаларда Пеп ва унинг шогирдлари ечимни бизга намойиш этди. Норвегиялик ҳужумчи яхши қўриқланаётган, рақиб мудофаасини ёриб ўтиши қийин бўлаётган бир пайтда олисдан зарба йўллаш - энг тўғри вариант эди. Дастлаб, Фоден, кейин эса Гвардиолнинг "пушкаси" "Сити"ни олдинга олиб чиқди. Гвардиола жамоаси дарвозада Куртуа йўқлигидан ҳам максимал фойда чиқарди, десам адашмаган бўламан. Ҳисоб 3:2 бўлиб турган жойида бу ҳали якун эмасди. Чиройли голларга мадридликлар худди шундай услубда жавоб берди. Винисиуснинг заргарона ва физика қонунларини четлаб ўтувчи узатмасидан сўнг Вальверде тўпни тўхтатмай дарвозага жойлаб қўйди.
Иккинчи таймда киритилган ҳар учала гол чиройли ва футболчиларнинг индивидуал маҳорати. Шундай бўлсада, урилган икки гол "Сити" ўйинни хотиржам назорат қила олгани, "Реал"ни ҳадеб қарши ҳужумларга ўтказиб юбормаганининг меваси бўлди. Феденнинг "пушкаси" эса бу "Реал"нинг реакцияси ва енгилмас характери тимсоли. Бундан ташқари, Модрич ва Диаснинг майдонга тушгани ҳам Мадрид клубининг ўйинига ижобий таъсирини ўтказди. Айнан хорватиялик "қария"нинг сай-ҳаракатлари билан ҳужум кескинлашди. Қолгани жанубий америкаликларнинг ижод маҳсули.
"Сити"ни дискомфорт қилиши мумкин бўлган жиҳат бу - кўп ҳужум уюштириб гол ура олмаслик ва якунда мағлуб бўлиш. Бироқ бироз аввал якунланган ўйинда ундай бўлмади. Буни статистика ва учрашув x'Gси ҳам кўрсатиб турибди. Ҳар икки жамоа минимумдан максимум фойда чиқарди.
Хулоса
Худди ўтган йили Мадридда бўлгани каби биринчи бўлим "Реал"нинг, иккинчи бўлим эса "Сити"нинг фойдасига ҳал бўлди. Умумий баҳсдан кўпроқ фойдани барибир манчестерликлар олди. "Қаймоқранглилар" ўз футболини ўйнади, Гвардиола мослашди. "Реал"нинг азартидан кейин меҳмонлар ўзини йўқотиб қўймай, голлар уришни ва беллашувни ўз тизгинидан чиқариб юбормасликни иложини қилишди. Мадриддан эсон-омон, катта йўқотишсиз қайтгани Гвардиоланинг топқирлиги. Мазкур ҳисоб жавоб баҳси олдидан Манчестер клубига бироз устунлик беради. "Этиҳад"да умуман бошқача "Сити"ни кўришимиз ҳам мумкин. Энди "Карло ота" зиммасига "шаҳарликлар"нинг кучли босимига дош бериш миссияси қўйилади. Сабаби, улар Мадриддан у қадар оғир бўлмаган юк ва ўзлари учун анча ижобий натижа билан қайтяпти.
КАРИМ Худайқулов мақоласи
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади