Фото: Google Images
Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бугун, 3 май санасида Осиё кубоги финал учрашувида Японияга қарши майдонга тушади. Учрашув олдидан икки жамоа ҳақида батафсил тўхталамиз.
Финалга йўл
Япония саралаш баҳсларида D гуруҳидан ўрин олди. Гуруҳда японларга қарши Фаластин, Баҳрайн ва Покистон Олимпиячилари қаршилик қилди.
Дастлабки учрашувда Покистонни йирик ҳисобда (6:0) мағлуб этган Япония иккинчи учрашувда Фаластин дарвозасига бир бора йўл топди. Гуруҳнинг сўнгги ўйинида Япония Баҳрайн билан нурсиз дурангга имзо чекиб, 7 очко билан гуруҳ етакчиси сифатида Осиё кубоги финал босқичига етиб келди.
Қатарда ўтказилаётган мусобақада “самурайлар” B гуруҳидан жой олди. Япония биринчи турда Хитойни кичик ҳисобда (1:0) мағлубиятга учратди. Иккинчи турда БАА Олимпиячиларини мағлуб этган японлар, сўнгги турда Жанубий Корея термасига (0:1) мағлуб бўлиб, иккинчи ўрин билан чорак финал баҳсларига йўл олди.
Чорак финал баҳсида Япония Қатар билан тўқнашди. Асосий вақтда дуранг (2:2) қайд этган жамоалар қўшимча дақиқаларга йўл олди. Экстра таймларнинг биринчисида Ҳосоя ҳисобни 3:2 кўринишга олиб келган бўлса, 113-дақиқадаги Учинонинг голи учрашув тақдирини ҳал қилди — 4:2.
Ярим финалда японлар худди Ўзбекистон каби 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Японияга мағлуб бўлган Ироқ термаси мусобақада учинчи ўринини эгаллаб тўғридан тўғри Олимпиада йўлланмасига эга чиқди.
Тўпурарлар
Гуруҳ ўйинлари, чорак ва ярим финалларни қўшиб ҳисоблаганда жамоа 9 бора рақиблар дарвозасига йўл топди. Жамоанинг фаол аъзолари Ҳосоя ҳамда Кимура ҳисобида иккитадан гол бор. Қолган футболчилар бир бора рақиблар дарвозасига йўл топган.
Натижалари
Япония Олимпия терма жамоаси 2013 йилдан бери ўтказилаётган Осиё кубоги мусобақаларнинг барчасида қатнашган. Жамоа 2016 йил бўлиб ўтган мусобақа финалида Жанубий Кореяни мағлубиятга учратиб, бош совринни қўлга киритган.
Бош мураббий фикри:
- "Биз турнир давомида етарлича голли вазиятлар яратдик деб ўйлаймиз. Аммо афсуски, голлар сони кўп эмас. Ўйлайманки, ўйиндан ўйинга кучаймоқдамиз ва умид қиламанки, финалда гол уриб ғалаба қозонамиз.
Финалга ўтганимиздан хурсандмиз ва доимгидек бор эътиборимизни ўйинда ғалаба қозонишга қаратганмиз. Бу сўнгги ўйинимиз ва унга яхши тайёргарлик кўрганмиз деб ўйлайман. Албатта, икки йил олдинги ўйинни эслаймиз, аммо бу ўйин бошқа ўйин. Биз яхши тайёргарлик кўрдик ва Ўзбекистон терма жамоасини таҳлил қилдик. Ўйинда ғалаба қозонишга тайёрмиз”, — дейди Япония Олимпия терма жамоаси бош мураббийи.
Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ўз тарихида учинчи бор мусобақанинг финал босқичига етиб келди. Жамоа бир бора финалда ғалаба қозонган ва бир бора Тошкент мезбонлик қилган мусобақада Саудияга мағлубиятга учраган эди. Агар Ўзбекистон Олимпия термаси финалда ғалаба қозонса, бош совринни икки бор қўлга киритган биринчи жамоага айланади. Худди шундай имконият Японияда ҳам бор.
Финалга йўл
Ўзбекистон Олимпия жамоаси Осиё Кубоги саралаши доирасидаги барча учрашувда ғалаба қозонди. Биринчи турда Афғонистон 8:1 ҳисобида таслим этилди. Иккинчи турда Ўзбекистон Олимпиячилари ўз тарихидаги энг йирик ғалабага эришди — 10:0. Эрон билан сўнгги учрашув курашларга бой бўлди. Аббосбек Файзуллаевнинг 47-дақиқада урган голи терма жамоанинг 9 очко билан гуруҳ ўйинларини биринчи ўрин билан якунлашига замин яратди.
Қатардаги мусобақада D гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон олимпиячилари биринчи тур ўйинини Малайзияга қарши ўтказди. Учрашувда Жалолиддинов ва Ҳошимовлар ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди.
Иккинчи турда Ўзбекистон Кувайт устидан йирик 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Якуний турда Вьетнам таслим этилди. Бу сафар Одиловнинг дубли ва Жияновнинг голи эвазига Ўзбекистон 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, гуруҳни биринчи ўринда якунлади. Чорак финалда Саудия Арабистони таслим этилди. Биринчи таймга қўшиб берилган вақтда Норчаев чиройли тарзда гол уриб ҳисобни очди. Раҳмоналиевнинг 84-дақиқадаги голи учрашувнинг якуний ҳисоби 2:0 бўлишини таъминлади.
Ярим финал босқичида мусобақанинг дебютанти ҳисобланган Индонезия Ўзбекистон Олимпиячиларига рақиблик қилди. Жамоанинг ишончли ҳужумчисига айланаётган Ҳусайн Норчаев 68-дақиқада ҳисобни очди. Кетма-кет ҳужумлардан сўнг Арҳан 86-дақиқада ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Шундай қилиб жамоа ўз тарихида учинчи бор финал босқичига йўл олди.
Эътиборлиси, Ўзбекистон Олимпия жамоаси ҳозиргача ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмади.
Тўпурарлар
Ўзбекистон Олимпиадачилари гуруҳ ўйинларида 10 бора, чорак ва ярим финал ўйинларида 4 бора рақибларини ранжитди. Ҳусайн Норчаев ўз ҳисобидаги голлар сонини учтага етказган ва мусобақа тўпурари бўлиш учун яхши имкониятга эга. Одилов ҳисобида иккита гол мавжуд. Қолган 8 голга 8 та футболчи муаллифлик қилди. Ўзбекистонликлар ҳисобидаги бир гол рақиблар томонидан киритилди.
Натижалар
Ўзбекистон Олимпия термасининг энг яхши натижаси ҳам чемпионлик ҳисобланади. Жамоа 2018 йилда Хитойда ўтказилган мусобақада Равшан Ҳайдаров бошчилигида ғолибликни нишонлаган.
Олимпия жамоаси 2022 йилда Тошкентда ўтказилган мусобақаларнинг финалида мағлубиятга учраган.
Бош мураббий фикри
— "Эртага қизиқарли учрашув кутиб турибди. Бир бирига муносиб икки жамоанинг ўйинига гувоҳ бўламиз. 2 йил аввалги Осиё кубогида улар каби биз ҳам ёш таркиб билан ҳаракат қилган эдик. Шунингдек, финалга етиб келгани ва Париж—2024 Олимпия ўйинларига йўлланма олгани билан Япония жамоасини қутлайман. Иккала жамоа бир-бирини яхши билади. Уларнинг ўйинларини таҳлил қилиб чиқдик. Финал учун тайёрлаган режамиз бор ва шунга асосан ўйин кўрсатамиз.
Фото: Getty Images
Биз Олимпия йўлланмасини қўлга киритганимиздан жуда ҳам хурсандмиз. Зеро, футболимиз тарихида дастлабки Олимпиада йўлланмасига эга чиқдик. Бизгача жамоаларимиз ҳаракат қилганди. Лекин қайсидир паллада уларга омад етишмаган. Олимпиада лицензияси кучимизга янада куч қўшмоқда. Эртанги финалда янада яхши ўйнашга ҳаракат қиламиз.
Агар легионерларимиз финалда ҳам иштирок этишганида, бошқача бўлар эди. Лекин биз Қатарга 11 та эмас, 23 та футболчи билан ташриф буюрганмиз. 3 нафар ўйинчи кетгани билан у қадар катта ўзгариш бўлмайди. Ҳар бир ўйинимиз кўрсатдики, жамоада уларнинг ўрнини тўлдира оладиган йигитлар бор ва улар буни билдирмайди. Фурсатдан фойдаланиб, мезбонларга ажойиб ташкилотчилик ва меҳмондўстлик учун жамоам номидан миннатдорлик билдириб қоламан", — деди Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг бош мураббийи Темур Кападзе.
Сўнгги ўйин натижалари
Ўзбекистон — Япония 2:0 (Осиё кубоги мусобақаси, 22 июнь, 2022 йил)
Япония — Ўзбекистон 0:4 (Осиё кубоги, 19 январь, 2018 йил)
Япония — Ўзбекистон 2:2 ( М-150 кубоги, 15 декабрь, 2017 йил)
Ўзбекистон — Япония Олимпия терма жамоалари ўртасидаги финал баҳси, бугун 3 май куни “Жассим бин Ҳамад” стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан 20:30 да бошланади. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Вирус UFC ни дунёга танитди
Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди
"Пахтакор"нинг ўйини мутахассис нигоҳида: "Менимча, ғалаба учун эмас, бир очкони сақлаб қолиш учун ўйнади"
Асир: Украина аскарлари отишни интернетдаги видеолар ёрдамида ўрганишади
БААда исроиллик раввин ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон томони баёнот берди