21:33 / 22.05.2024
594

Элдор Шомуродов бўйича янги музокара бўлади

Элдор Шомуродов бўйича янги музокара бўлади
А Сериядаги жойини сақлаб қолган “Кальяри”да катта ўзгаришлар бўлади. Биринчи навбатда, сардинияликлар мураббийлик фаолиятини якунлаган Клаудио Раньерига ўринбосар топиши керак.

Италиянинг аксарият манбалари жамоа бошқарувини “Торино” билан ҳамкорлигини якунлаётган Иван Юрич қўлга олиши ҳақида маълумот тарқатмоқда. Хусусан, таниқли инсайдер Жанлука Ди Марционинг ёзишича, “Кальяри” президенти Жулини хорватиялик мутахассисни ўз жамоасида кўришни истагани ҳақида ёзди.

Бундан ташқари, “Кальяри” фаолиятини ёритиб келаётган Сардиниянинг L'Unione Sarda нашри клуб спорт директори Нерео Бонато 30 июнь куни ижарага олинган уч футболчи – Жанлука Гаэтано, Андреа Петанья ва Элдор Шомуродов бўйича бир қарорга келганини ёзди.

Жанлука Гаэтано

Қишки трансферлар вақтида “Наполи”дан ижарага олинган 24 ёшли футболчи сардинияликларга катта фойда келтирди. Гаэтано иккинчи давранинг 11 та учрашувида тўртта гол урди.

Бонато бу ўйинчини келаси мавсум ҳам жамоада сақлаб қолмоқчи. Сардинияликлар спорт директори “Наполи” мутасаддиларини Гаэтанони яна бир мавсум олиб қолишга кўндиришга ҳаракат қилади.

Андреа Петанья

Тажрибали ҳужумчи “Монца”дан катта умидлар билан ижарага олинган эди. “Кальяри” раҳбарияти италиялик форвардни мавсум охирида 8 миллион еврога тўлиқ трансфер қилишни ҳам келишиб қўйган.

“Кальяри”да энг катта маошни олган Петанья ишончни умуман оқламади ва охир-оқибат заҳирага михланиб қолди. Андреа мавсум давомида 18 та учрашувда қатнашиб, битта гол ура олди холос.

Сардинияликлар 28 ёшли футболчини ортга қайтариб юборишга ва уни харид қилиш ҳуқуқидан фойдаланмасликка қарор қилди.

Элдор Шомуродов

“Рома”дан ижарага олинган Элдор Шомуродов учун мавсум жуда оғир бошланди. Легионеримиз чемпионатнинг иккинчи ярмида жиддий жароҳатдан кейин майдонга қайтиб, “Кальяри” етакчиларидан бирига айланди.

Нерео Бонато ўзбек футболчисини жамоада олиб қолишга қарши эмас. Ўтган йили ёзда сардинияликлар пойтахт клуби билан Элдорни 9 миллион еврога тўлиқ трансфер қилиш бўйича келишиб олганди. Энди Нерео Бонато бу суммани пасайтириш учун римликлар билан яна музокара ўтказишга тайёрланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, “Кальяри” бош мураббийлигига асосий даъвогар бўлиб турган Иван Юрич ҳам Элдор Шомуродовнинг имкониятларини юқори баҳолаган. Хорватиялик мутахассис ўтган мавсумларда бир неча бор ўзбек ҳужумчисини “Торино”га олиб келишга ҳаракат қилган эди.

Шу ўринда, “Рома”нинг янги спорт директори Флоран Гисольфи ўтган йиллар давомида Жозе Моуриньо ва Тьяго Пинто томонидан клубга олиб келинган ўйинчилар, хусусан, Элдор Шомуродовни бошқа жамоага ўтказиш бўйича иш олиб бориши ҳақида маълумотлар чиққанини таъкидлаш лозим.

Демак, ёзги трансферлар вақтида Элдор Шомуродов келаси мавсумни қайси жамоада бошлашини ҳал қилиши керак бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов бўйича янги музокара бўлади