23:15 / 28.05.2024
193

Максим Шацких: "Насаф"даги йўқотишлар катта муаммо бўлса, мен "Пахтакор"даги муаммолар ҳақида гапирмасам ҳам бўлар экан"

Максим Шацких: "Насаф"даги йўқотишлар катта муаммо бўлса, мен "Пахтакор"даги муаммолар ҳақида гапирмасам ҳам бўлар экан"
Ўзбекистон Суперкубоги доирасидаги "Пахтакор" — "Насаф" учрашуви олдидан "шерлар" бош мураббийи Максим Шацких ҳамда футболчилар Достонбек Ҳамдамов ва Диёр Холматов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Эртанги финал ҳақида фикрларингиз билан бўлишсангиз?
- Барчага хайрли кеч. Матбуот анжуманида бунчалик кўп инсонларни кўришни кутмагандим. Эртага қизиқарли ва тезкор футбол бўлишига ишонаман. Стадион ҳам жуда яхши ҳолатда. Финал баҳсида мухлисларга ёқадиган футбол намойиш этамиз.

Диёр Холматов: - Ўйинга тайёрмиз деб ўйлайман. Эртага кубокни бошимиз узра кўтаришимизга ишонаман.

Достонбек Ҳамдамов: - Эртанги финал баҳсига яхши тайёргарлик кўрдик. Майдон сифати ҳам аъло даражада. Финал учрашуви қизиқарли кечишига ишонаман.

- Максим Шацкихга савол: - "Қизилқум"га қарши кечган учрашувдан сўнг Суперкубок ҳам бир соврин дея фикр билдириб ўтдингиз. Ушбу сўзларингиз жамоа учун Суперкубок соврини катта аҳамиятга эга эмасдек фикр уйғотди. Суперкубок "Пахтакор" учун керакли совринми?
- Ҳар бир мавсумда учта совринни қўлга киритиш имкониятига эга бўламиз: чемпионат, кубок ва Суперкубок. Суперкубок баҳси бир ўйиндан иборат, шунга қарамай, бу биз учун муҳим соврин. "Насаф" ҳам эртанги учрашувга жуда яхши тайёргарлик кўргани аниқ. Бизнинг сафимизда ёш футболчилар "Бунёдкор" стадионидаги илк учрашувларини ўтказишмоқда. Эртанги тўқнашув улар учун жуда муҳим. Финал баҳсида ғалаба қозониш учун боримизни берамиз.

- "Пахтакор" жамоаси "Бунёдкор" стадионида ўтказилган финал ўйинларида ҳали ғалаба қозона олмаган. "Насаф" ҳам финалларда қандай ўйнашни жуда яхши билади. Ушбу факторларни ҳисобга олган ҳолда тайёргарлик кўрдингизларми?
- Ишонинг, ушбу статистика ҳақида ўйлаб ҳам кўрганим йўқ. Биз тарихни эслаб яшамаймиз. Эртага янги учрашув ва ушбу ўйинга тайёргарлик кўришимиз керак.

- Жамоангиз жорий мавсумда таркибини янгилади. "Насаф"да ҳам йўқотишлар кўп. Жорий мавсумдаги энг қизиқарли учрашувлардан бири айнан "Пахтакор" - "Насаф" ўйини бўлганди. Эртанги финал баҳсида ҳам яна шундай курашларга бой ўйин кўришимиз мумкинми? "Насаф" жамоасининг камчиликларидан қандай фойдаланмоқчисиз?

- "Насаф"нинг муаммоларини гапираётган бўлсангиз, мен "Пахтакор"даги муаммолар ҳақида гапирмасам ҳам бўлаверади (кулади). "Насаф" жамоаси мавсум аввалида ўз олдига энг юқори мақсадларни қўйди ва шунга яраша кўп футболчиларни жалб этди. Биз эса футболчиларни қўйиб юбордик. Ўтган мавсумдаги таркибнинг 20 фоизи сақлаб қолинди, холос. Ҳар бир учрашувдан сўнг йўқотишлар бўлмоқда, кимдир қизил карточка олади ёки жароҳат. Иккинчи турдаги ўйинга тўхталадиган бўлсак, айнан ўша учрашувни яхши ўтказдик демайман. Дуранг қайд этган сўнгги ўйинларимизда ҳам биз ғалаба қозонишимиз керак эди. Жуда кўп вазиятларни кўкка совурдик.

Яратган хавфли вазиятларимизнинг ярмидан фойдаланганимизда ҳам, биринчи таймдан сўнг йирик ҳисобда олдинда бораётган бўлар эдик. Афсуски, реализация бўйича муаммоларимиз бор. Ёнимда ўтирган Достон Ҳамдамов вазиятларни голга айлантирганида, биринчи давранинг ўзидаёқ тўпурар бўлиб олар эди. Рақибларимиз ҳам бизни ўрганиб чиқишмоқда. Биз маникенларга қарши ўйнамаяпмиз. Рақиб жамоаларнинг ўйинчилари ҳам бизга қарши алоҳида тайёргарлик кўришмоқда. Шу сабабли, чемпионатдаги жамоаларнинг даражаси деярли тенг. Фаворит жамоалар ҳам лигага энди қайтган жамоаларга қарши очколар йўқотишмоқда. Осон ўйинлар йўқ. Ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган. Ўшанда жамоам яхши ўйин намойиш этганди ва ўша ўйин менга ёқганди.

- "Пахтакор" жамоаси чемпионатда энг кўп гол ўтказиб юбораётган жамоа. Лекин "Насаф" ўша учрашувда бор йўғи икки маротаба рақиб дарвозаси томон зарба берганди.
- Кейинги турда эса "Локомотив"га 3:0 ҳисобида мағлуб бўлгандик. Ёшларга ҳар доим стабиллик етишмайди ва бу факт. Бу табиий ҳолат. Суперкубок бир учрашувлик мусобақа. Ушбу финалда яхши натижа ва сифатли ўйин намойиш этишга интиламиз.

- Достонбек Ҳамдамовга савол: - "Пахтакор" таркибидаги тажрибали футболчи сифатида ёш футболчилар билан қандай алоқа қилмоқдасиз? Ёшларни қўпроқ руҳлантириш кераклигини биласиз. Масалан, эртанги финал баҳсидан олдин ёш футболчиларга қандайдир маслаҳат берган бўлишингиз мумкин?

- Биз ҳам ўз вақтида ёш футболчи бўлганмиз. Катта футболчилар ҳам бизга кўп маслаҳатлар беришган. Ёш футболчиларда ҳозир ажойиб имконият бор. Суперкубок битталик ўйин ва ушбу битта ўйинда совринни қўлга киритиш мумкин. Ёш футболчиларимизнинг кўплари "Бунёдкор" стадионида ҳали ўйнамаган. Улар буни яхши тушуниб туришибди. Биз ёшларга имкон қадар маслаҳат ва мотивация бериб борамиз, аммо барчаси уларнинг ўзларига боғлиқ.

- Максим Шацкихга савол: - Сардор Собирхўжаевнинг йўқлиги жамоангиз учун қанчалик катта йўқотиш?
- Жуда катта йўқотиш. Ўйин ва тактик жиҳатлама Сардорнинг йўқлиги катта зарар.

- Достонбек Ҳамдамовга савол: - Ўтган мавсумдаги Достон Ҳамдамовни умуман танимадик. Бир метр масофадан ҳам нотўғри зарбалар бердингиз. Жорий мавсум эса стабиллик қайтди ва голлар урмоқдасиз. Ушбу вазиятни қандай тўғриладингиз?
- Бу саволга ўзим ҳам жавоб бера олмайман. Футболчи баъзида бир метрдан ҳам гол ура олмаслиги мумкин, аммо кейинги ўйинда 30-40 метрдан гол уриши мумкин. Ўтган мавсумда нималар бўлганин ўзим ҳам тушунмадим. Ушбу саволга ўзим ҳам жавоб топа олмадим. Машғулотлардан кейин бир ўзим қўшимча шуғулландим ҳам, аммо бу ёрдам бермади. Янги мавсумни яхши ўтказаман деган умиддаман.

Максим Шацких: - Достон оддий вазиятлардан гол уришни истамайди. У ҳар доим қийин вазиятлардан гол уради. Бирга бир вазиятлар Достон учун эмас. У узоқдан зарбалар бериши ёки тўққизликни пойлаши керак. Мен унга ҳар доим шуни таъкидлайман (ҳазил тариқасида). Ҳозир ҳаммаси ўз ўрнига тушди ва Достон кетма-кет голлар урмоқда.

- Эртага қайси дарвозабонни майдонда кўрамиз? Павлюченко ёки Назаров?
- Жавобни эртага билиб оласиз.

- Диёр Холматовга савол: - Эртанги учрашувдан олдин мухлисларга айтмоқчи бўлган гапингиз борми?
- Эртага барча мухлисларни стадионда кутамиз. Қизиқарли ва барчага ёқадиган футбол намойиш этамиз. Кубокни қўлга киритиш асосий мақсадимиз.

- Максим Шацкихга савол: - Регламентга кўра, эртага асосий вақтда дуранг қайд этилса пенальтилар сериясига мурожат қилинади. Пенальтиларга тайёргарлик кўрдингизларми?
- Мен пенальтилар сериясига тайёргарлик кўрадиган мураббий эмасман, тўғриси. Буюк футболчилар ҳам пенальтилардан хато қилишади. Месси ҳам барча 11 метрлик зарбаларни голга айлантирмаган. Жарима зарбалари ва бурчак тўпларига тайёргарлик кўриш мумкин.

- Диёр Холматовга савол: - 2021 йили Джованни Симеоне исмли футболчи А Серияда жуда яхши ўйинини намойиш этди. Журналистлар Симеонега бундай катта ўсишга қандай эришдингиз дея савол беришган эди. Джованни эса, мен ёзда отам Диего Симеоне билан шахсан шуғулландим ва у менга кўпгина нарсаларни ўргатди деганди. Сизнинг отангиз Акмал Холматов сизга ҳам шундай маслаҳатлар берадими?
- Дадам айнан қандайдир вазиятда қандай қарор чиқаришни ўргатмайди, аммо умумий маслаҳатлар беради. Мен отамдек футболчи бўлишга интиламан.

- Максим Шацкихга савол:- Эртанги финал баҳси олдидан мухлисларга айтмоқчи бўлган гапларингиз бўлса, марҳамат.
- Эртага стадионга ташриф буюрадиган мухлисларни ҳурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Барчани стадионда кутиб қоламиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Максим Шацких: "Насаф"даги йўқотишлар катта муаммо бўлса, мен "Пахтакор"даги муаммолар ҳақида гапирмасам ҳам бўлар экан"