00:25 / 31.05.2024
134

Тимур Кападзе: "Навбаҳор" ғалаба қозона олмаганига сабаб ўз имкониятларидан фойдаланмагани бўлди"

Тимур Кападзе: "Навбаҳор" ғалаба қозона олмаганига сабаб ўз имкониятларидан фойдаланмагани бўлди"
Суперлига 10-туридан ўрин олган "Навбаҳор" – "Олимпик" учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Тимур Кападзе матбуот анжуманида қатнашди.

Ўйин ҳақида

- Қийин учрашув бўлди. Қаердадир омадимиз келди. Дарвозабонимиз ҳам яхши ўйнади. “Навбаҳор”да икки учта ажойиб вазият бўлди. Йигитлар охиригача курашишди. Наманганда ўйнаш қийин. Жамоа кучли, мухлислар ҳам кўп.

- Бугун “Олимпик” футболчиларига бир неча марта шифокорлар ёрдам кўрсатишди. Бу ўйинни чўзишга қаратилган ҳаракатмиди ёки футболчиларнинг жисмоний ҳолати шундай вазият кузатилишига сабаб бўлдими?

- Баъзи вазиятларда бу ҳолат кўзга ташланган бўлиши мумкин, аммо мен томондан бундай топшириқ бўлмагани аниқ. “Навбаҳор” кучли жамоа, балки футболчилар шу сабабли бироз нафас ростлаб олишга ҳаракат қилган бўлишлари мумкин. Бироқ, асосий эпизодларда кураш кетди, яхши вазиятлар бўлди. Бу - футбол. Ўша бир неча эпизодларда футболчилар майдонда ётгани учунгина “Навбаҳор” ғалаба қозона олмади деб бўлмайди. “Навбаҳор”да яхши вазиятлар бўлди, ўзлари ўша имкониятларни йўққа чиқаришди. Биз эса охиригача курашдик.

- “Олимпик”дан доим ташаббускорлик кўришга ўрганиб қолгандик. Бугун эса жамоангиз эҳтиёткор ҳаракат қилди, ўз имкониятларидан фойдалана олмади. Бунга нима сабаб бўлди?

- Биринчи сабаб - “Навбаҳор”. Наманган клуби жуда кучли, шу билан бирга, ўз уйида ҳаракат қилди. Лекин бизнинг режа бундай эмас эди. Биз бошқача ўйин кўрсатмоқчи эдик. “Навбаҳор” бизга бу режани амалга оширишга имкон бермади. Ҳимояланишга тўғри келди. Йигитларим меҳнат қилишди ва ҳақли равишда бир очкони қўлга киритдик. Бошқа сабаб йўқ.

- “Олимпик” жамоаси Олимпиадага йўлланма олиш учун тузилганди. Миссия бажарилди. Жамоанинг кейинги тақдири нима бўлади?

- Ҳозир ёшларимиз кейинги Олимпиада учун тайёргарликни бошлаб юборган. Кўрамиз. Бу жамоа барибир йилни охирига қадар ўз фаолиятини давом эттиради. Сметамиз ҳам йилнинг охиригача мўлжалланган. Жамоа олий лигада ва охирига қадар курашамиз. Якуний қарорни раҳбарият ҳал қилади, мен бир нарса дея олмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

- Бугун “Олимпик” футболчилари яккама-якка курашларда ўзини аямади ва рақибга қаршилик кўрсатишди. Муҳим учрашувлар олдидан жароҳатлар юзага келишидан қўрқмадингизми?

- Бу футбол, буни олдини олишнинг иложи йўқ. Майдонга чиқдими, курашиш шарт. Ўйинчилар жамоанинг, ўзининг шаънини муносиб ҳимоя қилишлари керак. Албатта, жароҳат доим ҳаёлдан ўтади. Агар пешонада бўлса, машғулотлар пайти ҳам жароҳат юз бериши мумкин.

- Олимпиада олдидан иккита инсайд эшитдик. Биринчи канадалик футболчи ҳақида. Иккинчи эса Олимпиададан олдинги спарринг рақиблар. Шу икки масалага тўхталсангиз...

- Канадалик футболчи борасида олдинги ўйинда ҳам мендан сўрашганди. Тўғриси, мен у ўйинчини танимайман. Ҳозирда ушбу футболчини кўздан кечириш имкониятимиз ҳам йўқ. Биз йилни бошида тақдим этган 70 нафар футболчидан иборат бошланғич рўйхатдан бу ўйинчи жой олмаган. Афсуски, уни танимаганимиз учун рўйхатга қўшмаганмиз. Балки, ўша йигит яхши ўйинчидир. Кейинчалик буни кўрамиз. Ўртоқлик ўйинларига келсак, ҳозирда яна бир рақиб қидириш билан бандмиз. Халқаро бўлимимиз рақиб топиш устида ишламоқда. Буни вақт кўрсатади.

- Биринчи давра аввалида “Олимпик” жамоасидан “Навбаҳор”га икки нафар футболчи ўтмоқчи эди. Ўшанда Олимпиада саралаши сабаб улар “Олимпик”да қолганди. Вазифа бажарилди. Энди иккинчи даврада қайси футболчиларни бошқа клубларда кўришимиз мумкин бўлади?

- Бизда ижарадаги йигитлар бор. Улар биринчи даврадан сўнг кетиши мумкин. Агарда йигитларга ўсиш учун яхши таклифлар бўлса, биз қаршилик кўрсатмаймиз. Мен ҳеч қандай қаршилик кўрмаяпман. Вазифа уддаланди. Яхши жамоа бўлса, муаммо йўқ.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тимур Кападзе: "Навбаҳор" ғалаба қозона олмаганига сабаб ўз имкониятларидан фойдаланмагани бўлди"