01:00 / 09.06.2024
144

Александр Крестинин: "Локомотив" таклифи устида узоқ ўйлаб ўтирганим йўқ"

Александр Крестинин: "Локомотив" таклифи устида узоқ ўйлаб ўтирганим йўқ"
Бир неча кун аввал Тошкентнинг “Локомотив” клубига россиялик мутахассис Александр Крестинин расман бош мураббий этиб тайинланди.

Мухлисларимиз бу мураббийни яхши биладилар. Ўтган йили ярим мавсум “Бунёдкор” жамоасида бош мураббийлик қилган. Энди у “Локомотив” клубида иш бошлади. Крестинин янги жамоани қабул қилиб олганидан сўнг Sports.uz сайтига интервью берди.

- Александр Сергеевич, “Локомотив” клубида бош мураббий лавозимига тайинланганингиз билан табриклайман. Бу таклиф сизга кўпроқ нимаси билан ёқди?
- Менга бу таклиф ёқди. Зеро, худди миллий терма жамоангиз сингари Ўзбекистон чемпионатининг савияси анча юқори. Ўз навбатида мураббийлар ҳам юқори даражада иш олиб боряптилар. Бир сўз билан айтганда, чемпионат сифати яхши ва ҳар қандай кишини ўзига торта олади. Шу боис таклиф устида узоқ ўйлаб ўтирганим йўқ.

- Ўтган йили “Бунёдкор”да ишладингиз. Бу йил яна юртимиздасиз. Аслида ҳам Ўзбекистонга қайтиш режангизда бормиди?
- Ҳа, Ўзбекистон чемпионатига қайтиш энг маъқул вариант эди. Боя бу ердаги футбол сифати юқори эканлигига бежиз тўхталганим йўқ. Ўзбекистонга қайтиш – бу зўр иш.

- “Локомотив”да қандай вазифа қўйилди?
- Бундоқ олиб қараганда, жамоа чакки эмас. Раҳбарият ҳам яхши. Уларнинг режалари анча залворли. Лойиҳа кишини ўзига тортади. Жамоа мавсумни яхши бошлади. Аммо охирги натижалар қувонарли бўлмагани учун ниманидир ўзгартириш мақсадида бизни бу ерга чақиришди. Таклиф учун раҳмат. Ўзаро танишув яхши суръатда ўтди. Биринчиликда вазиятни яхши томонга ўзгартира оламиз, деб ўйлайман.

- Жамоада олдинги мураббий легионерларни жалб қилган. Биринчи даврадан кейин улар қолишадими? Умуман, таркибда қандай ўзгаришлар қилмоқчисиз?
- Ишга энди киришдик. Биринчи навбатда клубдаги йигитлар билан яқиндан танишишимиз ҳамда вазиятни ўзгартириш хусусида бир тўхтамга келиб олишимиз керак бўлади. Яна такрорлайман: жамоа таркиби шаклланган. Эҳтимол, кейинчалик қандайдир ўзгаришлар ҳам бўлар. Лекин бу ҳақида фурсати келганда гаплашамиз.

- “Локо”да мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдамлашади?
- Бизда мураббийлар штаби муайян мамлакат ва миллат вакилларидан ташкил топган дея олмайман. Асосийси, штабимиз аъзоларининг фикри бир жойдан чиқади. Яъни, ҳамфикрлар жамоаси йиғилган. Олдимизга вазифа – бу клубни қийин ҳолатдан олиб чиқиб кетишдир. “Локомотив”нинг бугунги аҳволи эса клубга бефарқ бўлмаган инсонларни қаноатлантира олмаяпти. Бу жамоа ўзига хос тарихга эга ва юқори вазифаларни бажара олади. Суҳбатимиз аввалида айтиб ўтганимдек, клубни яна ривожлантиришимиз керак. Асосийси, раҳбарият бунинг учун аниқ мақсад ва режаларга эга.

Шуҳратбек Жўраев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Александр Крестинин: "Локомотив" таклифи устида узоқ ўйлаб ўтирганим йўқ"