09:20 / 23.06.2024
246

Евро-2024. Туркларда аҳмоқона автогол, сахий Роналду ва омадсиз Лукаку

Евро-2024. Туркларда аҳмоқона автогол, сахий Роналду ва омадсиз Лукаку
E ва F гуруҳларида ҳам 2-тур учрашувлари якунланди. 3-тур ўйинлари бир вақтда бошланади. Энди барча ўйинларни ҳам жонли эфирда кузатиш имкони бўлмайди. Қуйида шанба кунги ўйинлардаги асосий воқеалар ҳақида.

Гуржистон — Чехия: гуржиларнинг Евро тарихидаги илк очкоси

Гуржистон — Чехия 1:1
Голлар
: Микаутадзе (45+4, пеналти) — Шик (59).
Гуржистон – Мамардашвили, Какабадзе, Кашия, Кверквелия (Гвелесиани, 81), Двали, Цитаишвили (Лочошвили, 62), Кочорашвили, Меквабишвили, Давиташвили (Чакветадзе, 62), Кварацхелия (Лобжанидзе, 82), Микаутадзе (Квилитая, 88).
Чехия – Станек, Цоуфал, Ҳранач, Голеш, Крейчи, Юрасек (Шевчик, 81), Провод (Барак, 81), Соучек, Черни (Юрасек, 55), Шик (Хитил, 68), Гложек (Лингр, 55).
Огоҳлантиришлар: Цоуфал (18), Кашиа (36), Провод (40), Юрасек (47), Голеш (53), Соучек (81), Гвелесиани (81), Меквабишвили (83), Кочорашвили (90+5).

Гуржистон учун бутун Евро-2024 — битта алоҳида катта ютуқ. Бир неча кун муқаддам Вилли Саниол жамоаси турнирда ёрқин дебютини амалга оширганди ва ҳатто гол урганди (Туркия билан ўйинда Жорж Микаутадзе ўз номини таблога ёздириб қўйган), аммо барибир ғалаба қозонишга муваффақ бўлмаганди.

Чехия билан ўйинда эса ниҳоят илк очко қўлга киритилди. Гуржистон биринчи бўлиб ҳисобни очди — биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ўша Микаутадзе пеналтини аниқ ижро этди. Буёғига гол ўтказиб юбормаслик талаб этиларди. Аммо ўхшамади — чехлар ҳисобни тенглаштиришди, аммо улар дарвоза томон жами 26 бор зарба бергани ҳисобга олинса, гуржистонликларнинг омади ҳам келди.

Бу Мамардашвилининг саъй-ҳаракатлари эвазига рўй берди — УЕФА маълумотига кўра, дарвозабон 10 та сэйв амалга оширган, Opta — 11 та деб ҳисоблаган. Қанча бўлмасин, бу турнира тарихидаги энг яхши кўрсаткичлардан бири — Еврода бир ўйинда бундан кўпроқ сэйв фақат 2004 йилда латвиялик посбон Колинко томонидан ижро этилганди.

Икки тур давомида гуржиларда дебют гол, дебют очко ва ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган қаҳрамон дарвозабон бўлди. Лекин уларда Евродаги илк ғалаба бўлиши ҳам мумкин эди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Гуржистон учга бир кўринишида хавфли ҳужумга чиқиб кетди, аммо Лобжанидзе ўта қулай позициядан аниқ зарба бера олмади. Энди ғалаба қозониш жуда қийин бўлади — учинчи турда плей-офф масаласини ҳал қилиб улгурган Португалияга қарши ўйин кутмоқда. Чехия Туркия билан ўйнайди.

Туркия — Португалия: Евро тарихидаги энг аҳмоқона автогол урилди

Туркия — Португалия 0:3
Голлар
: Силва (21), Оқойдин (28, автогол), Фернандеш (56).
Туркия – Байиндир, Челик, Бардакчи, Оқойдин (Демирал, 75), Ойхон (Юксек, 58), Кадиўғли, Чалхонўғли, Кекчю (Язижи, 46), Акгун (Гулер, 70), Оқтуркўғли (Йилдиз, 58), Йилмаз.
Португалия – Кошта, Канселу (Семеду, 68), Пепе (Антониу Силва, 83), Диаш, Мендеш, Фернандеш, Силва, Палиня (Рубен Невеш, 46), Витиня (Жоау Невеш, 88), Леау (Нету, 46), Роналду.
Огоҳлантиришлар: Бардакчи (25), Леау (39), Оқойдин (42), Челик (42), Палиня (45).

Турклар биринчи турда Гуржистонга қарши ўйинда катта таассурот қолдирганди (3:1) ва Португалияга ҳам жиддий кураш таклиф этиши кутилганди. Аммо Роберто Мартинес шогирдлари тезда барча кутилмаларни бекор қилди.

Португалларга плей-оффни кафолатлаш учун турнирдаги иккинчи ғалаба керак эди ва улар бунга эришди. Бунда омад ҳам ёрдамга келди, иккинчи голни бошқачасига изоҳлаб бўлмайди. Самет Оқойдин Алтай Байиндир жойини ўзгартириб олдинроққа чиқиб келганини пайқамади ва қарамасдан ортга пас берди. Тўп эса аста-секинлик билан дарвозага юмалаб борди, лекин унга ҳеч ким ета олмади.


Унгача Бернарду Силва ҳисобни очганди, Бруну Фернандеш эса Криштиану Роналдунинг ассистидан кейин ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Уларнинг иккиси қарши ҳужумда Байиндир қаршисига чиқиб боришди. Роналду ўзи ҳам аниқ зарба бериши мумкин эди, аммо янада қулайроқ позицияда, бўш дарвоза қаршисида турган шеригига пас узатишни танлади. Бу билан у навбатдаги рекордни қайд этди, у турнир тарихида энг кўп - 8 бор голли узатма берган илк футболчи.

Португалия энди охирги турда қандай натижалар қайд этилишидан қатъи назар плей-оффга биринчи ўрин билан чиқади, чунки очколар тенг келиб қолган тақдирда ўзаро учрашув натижасига қаралади. Шунинг учун Мартинес гуржистонликларга қарши ўйинда асосан захира футболчиларини ва албатта Криштиануни тушириши мумкин: у ҳали Еврода голлар ҳисобини очгани йўқ. Туркияни эса Чехияга қарши ўйиндаги дуранг ҳам иккинчи ўринда қолдиради.

F гуруҳида 3-тур ўйинлари
Чехия — Туркия, 26 июн, 00:00
Гуржистон — Португалия, 26 июн, 00:00

Белгия — Руминия: Лукакунинг тавқи лаънати

Белгия — Руминия 2:0
Голлар
: Тилеманс (2), де Брюйне (80).
Белгия – Кастелс, Кастан, Вертонген, Фас, Теате (Дебаст, 77), де Брюйне, Тилеманс (Мангаля, 72), Онана, Лукебакио (Троссар, 56), Доку (Карраско, 72), Лукаку.
Руминия – Ницэ, Рациу, Буркэ, Дрэгушин, Банку, Сореску, Станчу, Марин, Марин (Олару, 68), Ман, Дрэгуш (Алибек, 81), Михэилэ (Хажи, 68).
Огоҳлантиришлар: Лукебакио (35), Банку (59), Марин (65).

Доменико Тедеско шогирдлари Евро стартида сенсацион равишда Словакияга мағлуб бўлганди (0:1). Лекин жамоада ғалаба учун барча имкониятлар бўлганди — Ромелу Лукаку икки бор дарвозани ишғол этганди. Аммо «Рома» ҳужумчисининг бу турнирда омади келмаяпти — унинг икки голи ҳам видеотакрорлардан кейин бекор қилинганди.

Руминия билан ўйинда ҳам бу такрорланди: Лукаку яна гол урди, аммо гол яна бекор қилинди — икки тур давомида учинчиси.

Лекин унинг пасидан кейин Юри Тилеманс ҳисобни очди, ўйин охирларига бориб Кевин де Брюйнега дарвозабон Кастелс голли узатма берди. Руминлар мудофааси ортда катта бўшлиқ қолдириб, белгиялик яримҳимоячи дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб боришига қўйиб беришди.

Энди E гуруҳида барчаси аралашиб кетди: барча жамоаларда учтадан очко жамғарилган ва уларнинг барчаси кейинги босқичга чиқиш имкониятига эга. Тўплар нисбати бўйича энг ёмон вазият Украинада (-2). Руминия ва Белгияда +1, Словакияда – 0. Бу эса энг яхши учинчи ўрин эгаларини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади. 3-турда Украина Белгия билан, Руминия — Словакия билан жанг қилади.

E гуруҳида 3-тур ўйинлари
Словакия — Руминия, 26 июн, 21:00;
Украина — Белгия, 26 июн, 21:00.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Евро-2024. Туркларда аҳмоқона автогол, сахий Роналду ва омадсиз Лукаку