09:45 / 02.07.2024
673

“Вильярреал” Файзуллаев трансферига муносабат билдирди!

“Вильярреал” Файзуллаев трансферига муносабат билдирди!
Ўзбек футболининг энг ёрқин тарбияланувчиларидан бири – Аббосбек Файзуллаевнинг келаси мавсумни қаерда бошлаши кўпчиликни қизиқтириб турган масалалардан ҳисобланади.

Айниқса, легионер сифатидаги мавсумни муваффақиятли якунлагани, Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоаларидаги ишончли ўйинларидан кейин 20 ёшли ҳужумкор футболчимизнинг Европанинг кучли бешлик лигаларига йўл олиши ҳақидаги маълумотлар тобора кўпайиб бормоқда.

Хусусан, қишки трансферлар ойнаси даврида Аббосбекка Бундеслига гранди “Бавария”дан қизиқиш бўлгани айтилганди. Кейинчалик ҳамюртимиз А Серияга қайтган “Парма” назарига тушди. Пармаликлар бир неча ойдан бери ўзбек футболчисининг ўйинини кузатиб, трансфер имкониятларини ўрганиб келмоқда.

Сўнгги кунларда Аббосбек Файзуллаев Испания чемпионатига йўл олаётгани, Ла Лиганинг кучли клубларидан “Вильярреал” ўзбек футболчиси трансфери бўйича ЦСКА билан келишувга эришгани, “армиячилар” ўз етакчисини қўйиб юборишга рози бўлгани ҳақида жуда кўп маълумотлар тарқала бошлади. Бу борада, айниқса, испан нашрлари ҳали ҳамон ахборот тарқатишни тўхтатгани йўқ.

Жумладан, испаниялик журналист Аарон Домингес Аббосбек Файзуллаев “Вильярреал”га ўтиши мумкинлиги, ЦСКА раҳбарияти футболчи трансферига розилик бергани, трансфернинг охирги шартлари бўйича музокара кетаётгани, бироқ унинг суммаси ҳали номаълум экани ҳақида ахборот тарқатди.

Масала шу даражага етдики, унга “Вильярреал” расмийлари муносабат билдириши тўғри келди. Клубнинг футбол операциялари бўйича директори Мигель Анхель Тенага журналистлар қуйидаги савол билан мурожаат қилди.

— Сизнинг клубингиз ЦСКА билан Аббосбек Файзуллаев трансфери бўйича келишувга эришгани ростми?
— Йўқ, бу маълумот ҳақиқатга яқин эмас, - деб жавоб берди Мигель Анхель Тена.

Бундан ташқари, Россия футболини ёритиб келаётган машҳур инсайдерлардан бири Иван Карпов ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали Аббосбек Файзуллаевнинг “Вильярреал”га трансфери ҳақида маълумот чиқарди.

- Файзуллаев ҳимоядан ҳужумга ўтмоқда: 20 ёшли ҳужумкор футболчи “армиячилар”нинг йиғинида тер тўкмоқда ва турли “миш-мишлар” ҳақида бош қотираётгани йўқ. Аббос яқин ярим йил ичида ЦСКАда ўйнашни режалаштирган. Қолаверса, ЦСКА раҳбарияти ўзбек футболчисини бирор бошқа клубга сотиб юборишга ҳеч қандай розилик берган эмас, - деб ёзди машҳур инсайдер Иван Карпов.

Таъкидлаш жоизки, Аббосбек Файзуллаевнинг Европа лигаларига кетиши, хусусан, “Вильярреал” масаласи ҳам охириги нуқтага етгани йўқ. Вазият ҳар қандай ҳолатда ўзгариб кетиши мумкин. Демак, 20 ёшли ҳужумкор футболчимиз атрофидаги воқеаларни кузатишда давом этамиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Вильярреал” Файзуллаев трансферига муносабат билдирди!