22:53 / 23.07.2024
845

Испания бош мураббийи ва сардори Ўзбекистонга қарши ўйиндан олдин нималар деди?

Испания бош мураббийи ва сардори Ўзбекистонга қарши ўйиндан олдин нималар деди?
Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Олимпия ўйинларининг футбол мусобақаларини Ўзбекистон – Испания ҳамда Аргентина – Марокаш терма жамоалари ўртасидаги учрашувлар бошлаб беради.

Париж Олимпиадаси ўзбекистонлик футболчилар учун тарихий аҳамият касб этади. Чунки мамлакатимиз чарм тўп усталари саккизинчи уринишда илк бор Олимпия саралаш турниридан муваффақиятли ўтиб, тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт анжуманида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

“С” гуруҳида жой олган футболчиларимизнинг илк Олимпиададаги дастлабки рақиби – “Токио-2020” ўйинлари финалчиси Испания терма жамоаси бўлади.

Испан футболи вакиллари яқиндагина Германияда ташкил этилган Европа чемпионатида ғолиб чиққани бу мамлакат терма жамоаларига бўлган эътиборни кучайтириб юборди.

Париж Олимпиадасида қатнашаётган Испания терма жамоаси бош мураббийи Санти Дения ва жамоа етакчиси Абель Руис Ўзбекистон терма жамоаси билан бўладиган ўйин олдидан Испания футбол федерацияси rfef.es расмий сайтига интервью берди.

"Олимпия ўйинлари қийин турнир, кичикроқ миқёсда бўлса-да, жаҳон чемпионатига ўхшаб кетади. Биринчи ўйин, одатда, энг муҳими ҳисобланади ва биз бор эътиборимизни мазкур баҳсга қаратганмиз. Орзуларни рўёбга чиқариш вақти келди. Менинг вазифам — қисқа вақт ичида жамоа шакллантириб, уларни бир оилага айлантиришдан иборат.

Олтин медал бизни ўзига чорламоқда, чунки кўп йиллар мобайнида бунга эриша олмадик. Барча ишларни босқичма-босқич амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Фермин ва Алекс Баенанинг иккаласи ҳам Европа чемпионати ғолиби бўлишганидан кейин етиб келишган. Улар биз учун жуда муҳим футболчилар саналади. Икки йигит яхши ҳолатда етиб келган
", деди испанияликлар устози.

Испания терма жамоаси бош мураббийи анчадан бери Олимпиадаларда олтин медаль қўлга киритилмагани ўзи учун янги чақирув экани, мақсадга қадамба-қадам эришилишини таъкидлади. Шунингдек, Санти Дения яқинда Европа чемпионатида ғолиб чиққан Фермин Лопес ва Алекс Баэна терма жамоага қўшилгани, улар муҳим ўйинчи экани, айни пайтда яхши спорт формасида ва ўзларини бахтиёр ҳис қилаётганликларини айтди.

Испания футбол федерацияси сайтига терма жамоа сардори Абель Руис ҳам ўзбекистонликлар билан бўладиган ўйин борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

- Олимпиадада иштирок этиш жуда қизиқарди. Ҳозир ҳеч қандай босимни ҳис қилаётганимиз йўқ, лекин бу ерга боримизни бергани келдик. Биз Испания олимпия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилаётганимиздан фахрланамиз.

Биринчи ўйинга катта иштиёқ, буюк мақсад билан тайёрланяпмиз ва дастлабки уч очкони қўлга киритишни истаймиз. Ўзбекистон – жуда яхши жамоа, улар вазифамизни қийинлаштириши аниқ. Уч очко олиш учун боримизни бз фоиз беришимизга тўғри келади
, - деди Абель Руис.

24 ёшли Абель Руис “Барселона” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Профессионал фаолияти давомида Португалиянинг “Брага” клубида ўйнаган. Яқинда Испания чемпионати совриндори “Жирона” бир неча позицияда ўйнай оладиган ҳужумчини ўз сафига қўшиб олди.

Ўзбекистон ҳамда Испания ўртасидаги биринчи тур ўйини 24 июль куни Тошкент вақти билан соат 18:00 да Париж шаҳридаги машҳур “Парк де Пренс” стадионида бошланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Испания бош мураббийи ва сардори Ўзбекистонга қарши ўйиндан олдин нималар деди?