Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Олимпия ўйинларининг футбол мусобақалари кўплаб мухлису мутахассисларнинг эътиборини тортмоқда.
Футбол экспертлари Париж яшил майдонларида бўладиган беллашувлар олдидан терма жамоалар ва футболчиларнинг имкониятларини таҳлил ва тахмин қилиб, дастлабки хулосаларни тақдим этмоқда.
Учта яққол фаворит
Одатга кўра, Олимпия ўйинларининг футбол баҳслари мусобақанинг расмий очилиш маросимидан аввал бошланади.
24 июлга белгиланган илк учрашувлар Сент-Этьенда Аргентина – Марокаш, Париждаги “Парк-де-Пренс” стадионида Ўзбекистон Испания ўртасида бўлиб ўтади.
Яқинда Европа ва Америка чемпионатларида ғолиб чиққан Испания ва Аргентина терма жамоалари футболчиларининг “укалари” Париж Олимпиадаси ҳам олтин медалга асосий даъвогар сифатида эътироф этилмоқда. Ҳар икки терма жамоа сафида қитъа чемпионатида иштирок этиб, ҳали чемпионлик гаштини суришни тухтатмаган ўйинчилар бор.
Испания ва Аргентина ҳар қандай мусобақада фаворит сифатида эътироф этилиши одатий ҳолга айланган. Бироқ мезбон Францияни ҳам унутмаслик лозим. Юлдузларга тўлиб-тошган бу терма жамоа ҳам ўз мухлислари кўз ўнгида уялиб қолмаслик учун ҳам фақат ғалаба учун тўп тепиши аниқ.
Мусобақа олдидан шов-шувлар
Олимпия ўйинлари олтин медалига Испания, Аргентина ва Франция асосий даъвогар эканини айтдик. Бироқ бу терма жамоалар айрим юлдузларни мусобақага жалб эта олмагани Олимпиададан олдин шов-шув бўлди.
Килиан Мбаппе ўз юртидан ўтказиладиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш истагини анчадан бери билдириб келарди. Бироқ Тьерри Анри уни жамоага жалб қилишни уддалай олмади. Бу кўпроқ Мбаппенинг “Реал”га ўтгани таъсири. Қолаверса, Килиан Европа чемпионатида бурнини синдириб олди, жисмоний ҳолати кўнгилдагидек эмаслиги ҳам унинг орзуси армонга айланишига олиб келди.
Аргентина терма жамоаси эса, саккиз карра “Олтин тўп” соҳиби Лионель Месси ёрдамига таяна олмайди. Дунёнинг нариги чеккасида тўп тепаётган Месси ёши катталигини инобатга олиб, интенсив тарзда ўйин ўтказишга, кетма-кет иккита йирик турнирда қатнашишга ярамаслигини тан олиб, узр сўради.
Испания терма жамоаси эса, “Евро-2024” қаҳрамони 17 ёшли Ламин Ямал хизматидан фойдалана олмайди. Истеъдодли футболчи жуда оғир ўтган Европа чемпионатидан кейин ҳордиқ чиқариши ва таътилдан кейин “Барселона” билан янги мавсумга тайёрланиши керак.
Қайси терма жамоа ҳайратга солиши мумкин?
Жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ўйинларида мунтазам қатнашиб келаётган терма жамоаларнинг имкониятлари, уларнинг нимага қодирлиги, футболчиларнинг даражаси кўпчилик мухлису мутахассисларга маълум.
Бироқ, бу гал Ўзбекистон терма жамоаси Олимпиадада илк бор иштирок этади. Марказий осиёликларнинг Парижга катта иштиёқ билан келгани уларни ҳар қандай терма жамоа учун жиддий ва хавфли рақибга айлантиради.
Ўзбекистон терма жамоаси таркибига жалб қилинган ўйинчилар ўз клубларида мунтазам ўйин амалиётига эга, аксарияти ўз жамоасининг етакчи ижрочилари ҳисобланади. Уларни шартли равишда “Барселона” ёки “Манчестер Сити” захирасида ўтирган футболчилардан кучсиз, деб бўлмайди.
Олимпиадада сюрпризлар кўп бўлади. Гарчи Ўзбекистон дебютант жамоа бўлгани учун аксарият экспертлар томонидан аутсайдерлар қаторига киритилаётган бўлса-да, Парижда сенсация кўтаришга қодир. Чунки таркибда буни уддалай оладиган кучли клублар вакилларидан – креатив ўйинчилар Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА) ва Остон Ўрунов (“Персеполис”), ҳимояда мустаҳкам турадиган Абдуқодир Ҳусанов (“Ланс”), Ҳусниддин Алиқулов (“Ризеспор”), кўпни кўрган ҳужумчи Элдор Шомуродов (“Рома”) каби футболчилар бор.
Ким энг зўр тўпурар бўлади?
Париж Олимпиадасида энг кўп гол ура оладиган ўйинчиларни аниқлашда экспертлар асосий эътиборни 23 ёшгача бўлган футболчиларга ёрдам бериш учун терма жамоаларга жалб этилган тажрибали форвардларга эътибор қаратди.
Таҳлилларга кўра, тўпурарлар пойгасида ғолиблик учун кураш асосан франциялик тажрибали ҳужумчи Александр Ляказетт ва аргентиналик жаҳон ва қитъа чемпиони Хулиан Альварес ўртасида кечади. Шунингдек, франциялик Арне Калимуэндо, Жан-Филипп Матета, испаниялик Абель Руис ва Саму Оморидион ҳам порлаши мумкинлиги кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Париж Олимпиадасида 16 мамлакат терма жамоалари тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда рақобатга киришади. Ҳар бир квартетдан дастлабки икки поғонани эгаллаган терма жамоалар чорак финалга йўлланма олади.
Гуруҳ баҳсларида очколар тенг келиб қолган вазиятда, биринчи навбатда, тўплар нисбати ва кейин ўзаро ўйин натижаси инобатга олинади. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди