08:31 / 31.07.2024
1 020

Парижда ўйнаган футболчимиз Европанинг машҳур клубига ўтиши кутиляпти

Парижда ўйнаган футболчимиз Европанинг машҳур клубига ўтиши кутиляпти
Ўзбек футболи тарбияланувчилари бугунги кунда дунёнинг бир неча лигаларида тўп тепмоқда ва бу география тобора кенгайиб бормоқда.

Хусусан, us.soccerway.com сайтининг қайд этишича, ўзбекистонлик чарм тўп усталаридан 70 нафардан ортиғи Европа ва Осиё мамлакатларида легионер сифатида фаолият кўрсатмоқда. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Италия, Германия, Франция, Бангладеш, Беларусь, Грузия, Греция, Гонконг, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, Жанубий Корея, Қирғизистон, Лаос, Латвия, Макао, Малайзия, Мальдив ороллари, Мўғулистон, Россия, Сербия, Сингапур, Словакия, Тожикистон, Таиланд, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Вьетнам чемпионатлари турли лигаларида иштирок этмоқда экан.

Париж шаҳри мезбонлик қилган Олимпия ўйинларидан кейин яна бир неча футболчимизга хориж клубларидан харидор чиқиши эҳтимоли катта. Гарчи Тимур Кападзе шогирдлари гуруҳдан чиқа олмаган бўлса-да, учрашувларда анча мазмунли ўйин намойиш қилди, ёш ўйинчиларимиз ўз салоҳиятини кўрсата олди.

Футболга ихтисослашган ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарларга кўра, Олимпия ўйинларида учала баҳсда ҳам иштирок этган Диёр Холматов ҳам легионерга айланиш арафасида турибди.

“Пахтакор” футболчисига Италиянинг “Эмполи” клуби ва Нидерландиянинг “Фейеноорд” жамоаси қизиқиш билдираётгани айтилмоқда.

“Эмполи” ўтган мавсумда Элдор Шомуродовнинг “Кальяри”си каби А Сериядаги жойини базўр сақлаб қолди. Энди клуб мутасаддилари таркибни кучайтиришни режалаштирган. Италияликлар аввал ҳам Холматовга бир қизиқиш билдиргани ҳақида маълумотлар чиққан эди.

Манбаларнинг таъкидлашича, “Фейеноорд” варианти янги пайдо бўлди. Ўтган мавсумда Нидерландия чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган бу жамоа янги мавсумда Европа чеипионлар лигасида қатнашиши керак.

Айни пайтда “Фейеноорд”да ўзгаришлар бўляпти. Бу биринчи навбатда бош мураббий Арне Слотнинг клубдан “Ливерпуль”ни бошқаришга кетгани билан боғлиқ. Янги бош мураббий Бриан Приске таркибни ўзига мослаштирмоқда.

Жамоани эронлик ҳужумкор футболчи Алиризо Жаҳонбахш ҳам тарк этди. Клуб мутасаддилари осиёлик ўйинчи ўрнига бошқа ижрочи қидирмоқда.

“Пахтакор” тарбияланувчиси бўлган Диёр Холматов 2021 йилдан бери “шерлар”нинг асосий таркибида ўйнаб келади. 22 ёшли футболчи бугунга келиб, тўрт карра мамлакат чемпиони, Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби бўлишга улгурди. “Пахтакор” сафида Суперлига, мамлакат кубоги ва Суперкубоги, Осиё Чемпионлар лигаси мусобақаларида жами 95 та учрашувда иштирок этиб, бешта гол ва ўнта ассист муаллифи бўлди.

Диёрнинг турли ёшдаги терма жамоаларимиздаги ўйинлари мухлису мутахассислар эътиборига тушган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси устози Сречко Катанец 2023 йилнинг декабридан бошлаб, Холматов хизматидан фойдаланиб келмоқда.

Бир неча позицияда ўйнай оладиган истеъдодли футболчимиз Осиё кубоги ва 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнирида ҳозиргача бешта учрашувда иштирок этди.

Трансферларга ихтисослашган transfermarkt.com портали Холматовни 800 минг еврога баҳоламоқда. Диёрнинг “Пахтакор” билан амалдаги шартномаси шу йилнинг 31 декабрь куни якунланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Парижда ўйнаган футболчимиз Европанинг машҳур клубига ўтиши кутиляпти