14:31 / 03.08.2024
1 153

Дўсматовнинг азалий рақиби аламли мағлубиятни қандай қабул қилди? Қозоғистонликлар нима деяпти?

Дўсматовнинг азалий рақиби аламли мағлубиятни қандай қабул қилди? Қозоғистонликлар нима деяпти?
Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Олимпия ўйинларининг бокс мусобақаси қизғин паллага кирди.

Олимпиаданинг энг кескин ва муросасиз беллашувларидан бири 51 килограммагача вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов ва қозоғистонлик Сакен Бибоссинов ўртасида кечди.

Кейинги пайтда ўзбек ва қозоқ боксчиларининг рингдаги тўқнашувини “эл-класико” номи билан аташ урф бўлган. Бу галги баҳсгача ҳар икки чарм қўлқоп устаси ўзаро уч маротаба рўбарў келган эди. 2021 йилги илк тўқнашувда қозоқ боксчисининг қўли баланд кўтарилган.

Кейинчалик 2022 ва 2023 йилги жангларда Ҳасанбой Дўсматов ғалаба қозониб, умумий ҳисобда олдинга чиқиб олди.

Париж Олимпиадасига ҳар икки йигит фақат олтин медални кўзлаб келган. Ҳасанбой иккинчи бор Олимпиада шоҳсупасига кўтарилмоқчи. Сакен эса, бу гал чўққини илк бор забт этиш имконини қидираётган эди.

“Финалдан олдинги финал” дея таърифланган жангнинг биринчи раундида Сакен Бибоссинов очколар ҳисобида олдинга чиқиб олди. Лекин беллашувнинг қолган қисмида ўзбекистонлик “Профессор” бехато ҳаракат қилди ва якунда ғалабани илиб кетди.

Ҳасанбой Дўсматов ярим финалга чиқиб, камида бронза медални нақд қилди, лекин у яна чемпион бўлиш орзусида юришини давом эттиради.

Учрашувдан кейин Сакен Бибоссинов жанг борасида фикр билдирди:

- Ҳаммасини ўзингиз кўрдингиз. Қўлимдан келганини қилдим. Жангда 2:3 ҳисобида ютқаздим. Рақибимни ғалаба билан табриклайман ва унга омад тилайман.

Ҳасанбой асосий рақибим эди, уни ютганимда ҳеч бўлмаганида бронза медалга эга чиқардим. Ҳаммаси Худодан.

Олимпиадада юртим шарафини ҳимоя қилиш имконига эга бўлганимдан миннатдорман. Лекин буни етарли даражада уддалай олмадим, деб ҳисоблайман.

Токио Олимпиадасидаги бронза медалдан кейин бу гал олтин медални қўлга киритмоқчи эдим. Қаттиқ тайёргарлик кўргандим. Хатолар бўлди, энди улар устида ишлаймиз. Барча мухлислардан, оиламдан мени қўллаб-қувватлаб турганлари учун миннатдорман.

Мағлубият аламли бўлди. Ҳакамлар менинг қўлимни кўтармади. Мен ринг ичидаги ишларга жавоб бераман. Қўлимдан келганича ҳаракат қилдим
, - деди Сакен Бибоссинов.

Қозоғистон терма жамоаси боксчиларининг Олимпиададаги иштирокини таҳлил қилиб бораётган ушбу мамлакатнинг тажрибали мураббий ва экспертларидан бири Турсунгали Едилов Сакен Бибоссинов Ҳасанбой Дўсматовга тоза ютқазганини таъкидлади.

- Бу Олимпиадада эркаклар ўртасидаги бокс мусобақаларида фақат битта медаль билан кифояланишга мажбурлигимиз ачинарли. Бу медаль учун Нурбек Оралбайга раҳмат.

Сакен Бибоссиновга ҳам ачинаман, албатта. Лекин у тоза ютқазди.

Биринчи раундда Сакен жуда яхши ҳаракат қилди, бироқ Дўсматов кейин фаолликни оширди. Ҳасанбой фаолроқ ишлади, кўпроқ ва аниқроқ зарба берди. Бизнинг жангчи бунга мослаша олмади
, - деди Турсунгали Едилов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Дўсматовнинг азалий рақиби аламли мағлубиятни қандай қабул қилди? Қозоғистонликлар нима деяпти?