13:20 / 06.08.2024
1 082

“Париж-2024”: Ўзбек боксчиларидан сенсацион кўрсаткичлар

“Париж-2024”: Ўзбек боксчиларидан сенсацион кўрсаткичлар
Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Олимпия ўйинлари ҳал қилувчи паллага кирди. Эркаклар ўртасидаги етти вазн тоифасидан тўрттасида чемпионлик учун баҳс олиб борадиган финалчилар аниқланди. Тез орада яна учта вазнда финалчилар сараланади.

Олимпия ўйинларида иштирок этаётган ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари намойиш этаётган бокс сифати, спортчиларимизнинг натижалари хорижлик мухлису мутахассислар эътиборидан четда қолаётгани йўқ.

Олимпия ўйинлари мавзусини ёритиб келаётган нуфузли Inside the games портали мутахассислар ўзбек боксчилари ҳамма қатори уларни ҳам ҳайратга солаётганини яширмади.

- Ўзбекистон бу гал ҳам бокс бўйича Олимпия ўйинларида энг кучли мамлакат эканини тасдиқлаб қўйди ва “Париж-2024” ўйинларидан кейин ҳам шу мавқени сақлаб қолади, - деб ёзди Inside the games портали.

Ўзбекистон Олимпия ўйинларидаги иштирокини тўлиқ таркиб – 7 нафар боксчиси билан бошлаган эди. Улардан беш нафари ярим финалга етиб келиб, камида бронза медални нақд қилди.

Ҳозиргача ўтказилган ярим финалда 51 килограммгача вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов Кабо-Верде вакили Давид де Пинани мағлубиятга учратди. Дўсматов Олимпия ўйинларидаги иккинчи олтин медалини олиш учун ҳал қилувчи финалда мезбонлар вакили Билол Беннама қаршилигини синдириши талаб этилади.

Оғирлиги 92 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги финал йўлланмаси учун курашда Лазизбек Муллажонов тожикистонлик Давлат Болтаевни енгди.

Энди ҳамюртимиз ҳозиргача бўлган фаолиятидаги энг муҳим жангда озарбайжонлик тажрибали боксчи Альфонсо Домингес билан рақобатлашади.

Олимпия ўйинларининг бокс мусобақаларида яна уч вазн тоифасида ярим финал жанглари ташкил этилади. Уларнинг барчасида ўзбек боксчилари рингга кўтарилади. Эътиборли жиҳати, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган учала чарм қўлқоп устаси ҳам амалдаги жаҳон чемпионлари ҳисобланади.

71 килограммгача вазн тоифасидаги ярим финал баҳсида Асадхўжа Мўйдинхўжаев америклик чарм қўлқоп устаси Омари Жонс билан куч синашади. Бу баҳс бугун ярим тунда, Тошкент вақти билан соат 00:30 да бошланиши кутилмоқда.

Иккинчи ярим финалда британиялик Левис Ричардсон Мексикадан келган Марко Алонсо Верде Алваресга қарши рингга чиқади.

Ўта оғир вазн тоифасида иккинчи чемпионлик учун ҳаракат қилаётган Баҳодир Жалолов финал йўлида германиялик Нелви Раман Тиафак билан жанг қилади. Жалоловнинг жанги 8 август куни тунги соат 01:00 да бошланиши белгиланган.

Бу вазндаги иккинчи ярим финалда франциялик Жамили-Дини Абуду Моиндзе испаниялик Аюб Гадфага қарши баҳс олиб боради.

Ниҳоят оғирлиги 57 килограммгача бўлган боксчилар ярим финалида Абдумалик Халаков австралиялик Чарли Сеньорни имтиҳондан ўтказади. Бу баҳс 9 августда соат 00:30 да бошланади.

Иккинчи финалчи номини қирғизистонлик Мунарбек Сеитбек ўғли ва болгариялик Хавьер Ибаньес Диас ўзаро баҳсда аниқлаб олади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Париж-2024”: Ўзбек боксчиларидан сенсацион кўрсаткичлар