20:27 / 08.08.2024
256

Шомуродовга кутилмаган янги харидор чиқди!

Шомуродовга кутилмаган янги харидор чиқди!
Элдор Шомуродов 2020 йилнинг октябрь ойида Россия Премьер-лигасидан “топ-5” чемпионатлари қаторига кирувчи А Серия вакили “Женоа”га кўчиб ўтган эди.

Ҳужумчимиз Италиянинг энг қадимий жамоасидаги фаолиятини жуда яхши бошлади. 32 та учрашувда саккизта гол урган ўзбек футболчисининг номи шундан бери ҳар трансфер мавсумида мухлису мутахассислар диққат марказидан тушмай келмоқда.

Бошида Италия чемпионатида янги пайдо бўлган тўпурарни “Ювентус” ва “Рома” ўзаро талашди. Ҳамюртимиз пойтахт клубини танлади. Шундан кейин йилига икки бор – қишки ва ёзги трансферлар ойнаси очилиши билан Шомуродовга турли таклифлар чиқа бошлади.

Италия чемпионати бошланиши арафасида Элдор яна ўзига янги иш жойи топиши талаб этилади. Айни пайтда 29 ёшли форвардимиз Англияда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этмоқда. Виза билан боғлиқ муаммолар туфайли Шомуродов ва Артём Довбик “Рома”нинг хориж йиғинига охири бориб қўшилди.

- Артём Довбик ва Элдор Шомуродов Англияга тунда етиб келгани боис, бош мураббий Даниэле Де Росси бошчилигидаги мураббийлар штаби эрталабки машғулотларни бир соат ортга сурди. Бу қарор кеч етиб келган икки ҳужумчининг етарли даражада дам олишига имконият яратиб беришга қаратилган эди, - деб ёзди Corriere dello Sport газетаси.

Италия матбуоти ўзбек ҳужумчисига “Верона” жиддий қизиқаётгани ва “Рома”дан ўйинчини ижарага олишни режалаштираётгани ҳақида ёзмоқда.

Яна бир неча манбалар тажрибали легионерга янги даъвогар пайдо бўлганини хабар қила бошлади.

- Трансфер бозорида Элдор Шомуродовга фақатгина “Верона” қизиқаётгани йўқ. Яна бошқа клуб пайдо бўлди. Даниэле де Россининг янги мавсум учун режаларига киритилмаган Элдор Шомуродов тез орада бошқа клубга ўтиши кутилмоқда.

Ўтган мавсумда Шомуродов ижара асосида “Кальяри”да ўйнади. Клаудио Раньери жамоаси юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолди, бироқ Элдор Шомуродовни ўз таркибида олиб қолгани йўқ.

Шу тариқа, ўзбек ҳужумчиси 2026 йилнинг ярмигача давом этадиган шартномаси асосида “Рома”га қайтиб келди. Энди у яна трансферини тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқи билан бошқа клубга ижарага кетади.

Бир неча кундан бери Шомуродовнинг келажагини “Верона” билан боғлашмоқда. Вероналиклар А Серияни яхши биладиган тажрибали ҳужумчи қидиряпти. Сўнгги паллада ўзбек ҳужумчисига янги даъвогар – “Сампдория” оғиз сола бошлади
, - деб ёзмоқда италиялик футбол эксперти Андреа Жове.

Бу маълумотларни Il Tempo газетаси, onefootball.com ҳамда planetaroma.net сайтлари каби яна бир неча манбалар ҳам тасдиқлади.

- “Сампдория” бош мураббийи Андреа Пирлога жамоани А Серияга олиб чиқиш учун тажрибали ҳужумчи ёрдами керак. Лигурияликлар ана шу мақсадда “Рома”дан Элдор Шомуродов трансфери бўйича сўнгги маълумотларни сўради.

Бу масалада кўп нарса Элдор Шомуродовнинг танловига боғлиқ. Марказий ҳужумчи В Серияда ўйнашга рози бўладими ёки йўқ
, - деб ёзмоқда romaforever.it сайти.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовга кутилмаган янги харидор чиқди!