13:53 / 11.08.2024
274

Олимпиада-2024 – қўшни мамлакатларни янада бирлаштирди

Олимпиада-2024 – қўшни мамлакатларни янада бирлаштирди
Париж-2024 Олимпиадасида Марказий Осиё мамлакатларининг ҳар бир чиқишида қардош миллат вакилларининг ўзаро қўллаб-қувватлаши, бир-бирининг ғалабасидан қувонгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Хусусан, Баҳодир Жалоловнинг испаниялик боксчига қарши шанба оқшомидаги финал жангида Париждаги залда нафақат ўзбекистонлик мухлислар, балки қўшни мамлакатлар – Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистондан келган мухлислар ҳам икки карра Олимпиада чемпионига айланган Ўзбекистон вакилига мухлислик қилишди. Бу қўшни мамлакатларни янада бирлаштирмоқда.

Буни Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ҳам қайд этиб ўтди.

«Париж Олимпиадасида бокс бўйича мусобақалар финалида ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритган Баҳодир Жалоловга мухлислик қилган ҳамюртларимиз Ватанимиз байроғи билан биргаликда қўшниларимиз, қардошларимиз Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон байроқларини ҳам кўтариб турдилар.

Минтақамиздаги ҳар бир мамлакатнинг ютуғи - бутун Марказий Осиёнинг ютуғи. Спорт бирлаштиради. Куч - бирликда! Олға, Ўзбекистон! Олға, Марказий Осиё!
», - дея ёзади Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари Комил Алламжонов ҳам Париждаги турнирларда бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлаган қўшни мамлакат мухлисларининг бирордарлигини олқишлаган.

«Дўсти кўп қадди букилмас дейдилар қон кечса ҳам,
Кечмагай мард дўстидан молу жондин кечса ҳам,
Қайда турсанг тур вале, дўст бўсанг ёнимда тур,
Ўнгда тур ё сўлда тур, сен мени ёнимда тур.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон байроқларини ёнма ён туришини қаранг. Ҳақиқий дўстлик мана шунақа бўлади
», - дея ёзади у телеграмдаги каналида.

Аввалроқ, Абдумалик Халоковга қарши финалгача етиб келиб, кумуш медалига эга чиққан қирғиз боксчиси Мунарбек Сеитбек Улууга ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов қийин паллада секундантлик қилаётгани, унинг Парижга кела олмаган мураббийи ўрнини билинтирмаслик учун ёрдам бераётгани Қирғизистонда эътирофларга сабаб бўлганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Олимпиада-2024 – қўшни мамлакатларни янада бирлаштирди