23:47 / 15.08.2024
323

Ҳозир дунёда энг зўри ўзбек боксчилари, Куба иккинчи даражага тушди

Ҳозир дунёда энг зўри ўзбек боксчилари, Куба иккинчи даражага тушди
Париж Олимпиадасининг бокс мусобақалари ўзбек мактаби вакилларининг йирик ғалабаси билан якунланди. Эркаклар ўртасидаги етти вазн тоифасидан бештасида олтин медаль ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталарига насиб қилди.

Ўзбекистон терма жамоаси боксчиларидан Ҳасанбой Дусматов (51 кг), Абдулмалик Халаков (57 кг), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (71 кг), Лазизбек Муллажонов (92 кг) ва Баҳодир Жалолов (+92 кг) Парижни чемпион сифатида тарк этди.

Ҳасанбой Дўсматов ва Баҳодир Жалолов ўзбек боксчилари орасида илк бор икки карра олимпия чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди.

Ҳамюртларимизнинг тарихий ғалабасига Россия бокси мутасаддилари, экспертлари ва мураббийлари ўз муносабатларини билдирди.

Эдуард Кравцов, Россия бокс федерацияси мураббийлар кенгаши раиси:
— Ўзбекистон терма жамоасига офарин! Бу жамоа ҳақиқатан ҳам ўта кучли. Улар 2023 йилда бўлгани каби дунёда энг зўри эканликларини яна бир карра исботлашди. Лекин бунда объектив омиллар борлигини ҳам инобатга олиш керак.

Куба терма жамоаси қариб қолган, деярли барча боксчилари “пенсия” ёшида. Фақат 63,5 килограмм вазн тоифасидаги 24 ёшли Эрисланди Альварес бундан мустасно. Афсуски, қанчалар ғалати эшитилмасин, бугунги кунда Куба иккинчи даражали терма жамоалар қаторига тушиб қолган.

Омиллар ҳақида гапирганда Россия терма жамоаси йўқлигини ҳам айтиш керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу рақобат. Бизнинг йигитлар кўпгина вазн тоифаларида юқори пробали медалларга даъвогарлик қила оларди.

Қозоғистон терма жамоаси ҳам жаҳон боксида етакчилардан. Уларнинг аксарият боксчилари 2:3 ҳисобида енгилди. Бу йигитлар ҳам юқори натижага даъвогарлик қила оларди. Ана шундай объектив ва субъектив омиллар бор. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам Ўзбекистон терма жамоасини ажойиб иштирок билан табриклашни истайман. Улар жаҳон бокси тарихига ҳақли равишда кира олди.

Виктор Фахрутдинов, бокс бўйича Россия терма жамоаси бош мураббийи:
— Улар машғулотларда биз билан бирга ҳам тайёргарлик кўрган. Жуда яхши жамоа. Биз улар билан дўстона муносабатдамиз. Улар Олимпия ўйинларида зўр иштирок этгани бизга ҳам ёқимли бўлди. Тайёргарлик жараёнида, спаррингларда уларга ёрдам бериш орқали биз ҳам ғалабаларга ўз ҳиссамизни қўшган бўлиб чиқяпмиз.

Биз Озарбайжон, Қирғизистон ва Россиядаги йиғинларда бирга ишладик.

Олимпиадада уларнинг терма жамоаси бош мураббийи билан нохуш ҳолат юз берди ва шукрки, унга ўз вақтида ёрдам бера олишди. Дўстларимиз учун жуда хурсандмиз ва уларни табриклаймиз.

Ўзбекистоннинг Олимпия ўйинлари тарихида бокс бўйича қўлга киритган совринлари 10 та олтин, 2 та кумуш, 8 та бронза медалга етди. Жами 20 та медалга эга чиққан терма жамоамиз умумий рейтингда еттинчи ўринга кўтарилиб олди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳозир дунёда энг зўри ўзбек боксчилари, Куба иккинчи даражага тушди