20:13 / 16.08.2024
396

Олимпиададаги ҳар бир медал Ўзбекистон бюджетига қанчага тушгани маълум бўлди

Олимпиададаги ҳар бир медал Ўзбекистон бюджетига қанчага тушгани маълум бўлди
Ўзбек спорти Париж олимпиадасида ўзининг энг яхши натижасини қайд этди. 13 та медал, хусусан 8 та олтин олган Ўзбекистон делегацияси 206 та давлат орасида 13-ўрин, постсовет макони, туркий дунё ва мусулмон мамлакатлари орасида 1-ўрин, Осиё бўйича эса 4-ўринни эгаллади.

Gazeta.uz нашри бу олимпиадага тайёргарлик ва совриндорларни тақдирлаш Ўзбекистон бюджетига қанчага тушганини ўрганиб, олинган маълумотларни бошқа давлатлар билан таққослади.

Тайёргарлик ва қатнашиш харажатлари

Аввалги йиллардаги давлат бюджети тўғрисидаги қонунларга кўра, 2024 йилги ёзги олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш ва унда иштирок этиш учун:

- 2022 йилда 135 млрд сўм;
- 2023 йилда 216 млрд сўм;
- 2024 йилда 250 млрд сўм ажратилган.

Юқоридагилардан келиб чиқилса, Париж олимпиадасига тайёргарлик кўриш учун жами 601 млрд сўм маблағ ажратилган. Ҳар бир йил учун ўртача доллар курсида бу тахминан 50,55 млн долларни ташкил қилади.

Тақдирлаш харажатлари

Президент фармонига кўра, олимпиада чемпионлари 200 минг доллар, кумуш медал соҳиблари 100 минг доллар, бронза медал совриндорлари 50 минг доллар билан мукофотланди. Мураббийлар эса мос равишда 50 минг, 25 минг ва 12,5 минг доллар пул мукофотлари билан тақдирланди.

Шунга кўра, олимпиаданинг 8 нафари ғолибига жами 1,6 млн доллар, иккита кумуш медал соҳибига жами 200 минг доллар, бронза медалини олган уч спортчига эса жами 150 минг доллар топширилди. Шу тариқа, спортчиларнинг мукофот жамғармаси 1,95 млн долларни ташкил этди.

Gazeta.uz'нинг қайд этишича, мураббийларнинг қанчаси мукофот пули олиши ҳозирча номаълум, бироқ ҳар бир спортчи учун битта мураббий мукофот олади, дея ҳисобласак, миқдор 487,5 минг долларни ташкил қилади.

Олтин эгаларига 1,04 млрд сўм ёки 82,33 минг долларлик Tahoe автомобиллари ҳам топширилди. Кумуш медал соҳибларига 395,3 млн сўмдан (31,3 минг доллар) баҳоланган BYD Song Plus EV Champion автомобиллари, бронза медали соҳибларига эса 387,2 млн сўмдан (30,67 минг доллар) баҳоланган BYD Song Plus DM-i Champion автомобиллари берилди.

Расмий нарх-наволар асосида ҳисоблаганда, саккизта Tahoe, иккита BYD Song Plus EV Champion ва учта BYD Song Plus DM-i Champion (минимал конфигурацияда) тахминан 10,27 млрд сўм ёки 813,3 минг долларни ташкил қилади.

Чемпионларга икки қаватли коттежлар, кумуш ва бронза медал соҳибларига эса хонадонлар ҳам топширилди. Бироқ уларнинг нархи номаълум, дейилади мақолада.

Шундай қилиб, битта медални қўлга киритиш учун Ўзбекистон давлат бюджетидан ўртача 3,89 млн доллар, пул мукофотлари ва автомобиллар ҳам ҳисобга олинса 4,14 млн доллар ажратилган.

Бошқа давлатлар-чи? Қозоғистон

Қозоғистон олимпиадада 7 та медал – 1 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза билан 43-ўринни эгаллади.

Қозоғистон туризм ва спорт вазири ўринбосари Серик Жарасбаевнинг сўзларига кўра, миллий терма жамоанинг тайёргарлиги ва иштироки учун жами қарийб 980 млн тенге (25,77 млрд сўм) ажратилган. Бу Ўзбекистондагидан 23,3 баробар кам, дея қўшимча қилган Жарасбаев.

Қозоғистонда олимпиаданинг олтин медали учун 250 минг доллар, кумуш учун 150 минг доллар, бронза учун 75 минг доллар мукофот пули тўланади. Бундан ташқари, 4-, 5- ва 6-ўринлар 30 минг, 10 минг ва 5 минг долларга эга бўлади. Умуман олганда, 2024 йилги Олимпиада натижаларига кўра Қозоғистон спортчиларга 1,08 млн доллар тўлайди.

Рақамларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, ҳар бир медални қўлга киритиш учун Қозоғистон давлат бюджетидан 140 млн тенге (3,68 млрд сўм) ёки 291,6 минг доллар, мукофот пулларини ҳисобга олган ҳолда эса 423,7 минг доллар ажратилган. Бу Ўзбекистондагидан деярли 10 баробар кам.

Шу билан бирга, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Қозоғистоннинг ялпи ички маҳсулоти (259,7 млрд доллар) Ўзбекистон ЯИМдан 2,8 баравар, аҳоли жон бошига ЯИМ эса 5,2 бараварга (2510 долларга нисбатан 13 088 доллар) кўп.

Буюк Британия

Буюк Британия делегацияси Парижда 65 та медал билан 7-ўринни эгаллади. The Telegraph'нинг ёзишича, мамлакат олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун 245,84 млн фунт стерлинг сарфлаган. Яъни ҳар бир медал ўртача 3,78 млн фунт стерлинг (4,86 млн доллар)га тушган, бу – Ўзбекистондан бироз кўпроқ.

Айни пайтда, Британия ЯИМ (2,27 трлн доллар) Ўзбекистонникидан (90,9 млрд доллар) 25 баробар кўп.

Британияда олимпиада медаллари учун пул мукофоти берилмайди. Совриндор спортчилар реклама ва ҳомийлик орқали пул ишлаши мумкин.

Gazeta.uz'нинг қайд этишича, Янги Зеландия, Норвегия ва Швеция ҳам ғолибларига пул тўламайди. У ерда спортчилар фақат ҳомийлар кўмагида пул ишлаб топади. Ҳукумат, миллий олимпия қўмиталари ва маҳаллий федерацияларнинг роли машғулотлар, мураббийлар ва ходимлар учун ҳақ тўлашга ёрдам бериш билан чекланади.

Бошқа мамлакатлар

Тожикистонда бронза медали соҳибларига 19 минг доллар, кумуш медал совриндорларига икки хонали квартира ва 24 минг доллар, чемпионларга эса 28 минг доллар ва уч хонали квартира берилади.

Қирғизистонда Олимпия ўйинлари совриндорлари олтин учун 10 млн сом (тахминан 119 минг доллар), кумуш учун 7 млн сом (83 минг доллар), бронза учун 5 миллион сом (60 минг доллар) олади.

Украина ўз ғолибларига олтин учун 125 минг доллар, кумуш учун 80 минг ва бронза учун 55 минг доллар тўлайди. Озарбайжон мос равишда 235 минг, 118 минг ва 58,75 минг, Грузия 371 минг, 186 минг ва 93 минг, Арманистон 51,5 минг, 38,6 минг ва 25,7 минг доллар ажратади. Бу хатбошида саналган мамлакатларда жон бошига ЯИМ кўрсаткичи Ўзбекистондан бир неча баробар кўп.

Яна қатор мамлакатлардаги мукофот пуллари қуйидаги жадвалда кўрсатилган (олтин, кумуш, бронза кетма-кетлигида):

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Олимпиададаги ҳар бир медал Ўзбекистон бюджетига қанчага тушгани маълум бўлди