19:19 / 19.08.2024
736

Жалолов янги рейтингда “учди”! Қолганларчи?

Жалолов янги рейтингда “учди”! Қолганларчи?
Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) барча вазн тоифаларидаги профессионал боксчиларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Мутахассислар ўта оғир вазн тоифасида икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони бўлган ягона чарм қўлқоп устаси – Баҳодир Жалоловнинг рейтингда бир неча поғона юқорилаганига эътибор қаратди.

Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилган ёзги Олимпия ўйинларида вазни 92 килограмм боксчилар ўртасидаги жангларда қатнашган Баҳодир Жалолов Норвегия шарафини ҳимоя қилган Умар Муҳаммад Шиха, австриялик Теремоана Жуниор, германиялик Нелви Тиафак ва испаниялик Аюб Гадфа Дриссини катта устунлик билан мағлуб этди.

Ҳаваскорлар боксидаги совринлари сонини икки каррадан жаҳон ва Олимпиада чемпионлиги, уч карра Осиё чемпионлиги, бир маротаба Осиё ўйинлари чемпионлигига етказган 30 ёшли чарм қўлқоп устаси “Париж-2024”даги сўнгги жангидан кейин тўлиқ профессионал боксга ўтишини эълон қилди.

Экспертларнинг таъкидлашича, айнан мана шу омил Баҳодир Жалоловнинг аввалги тўққизинчи поғонадан олтинчи қаторга кўтарилишига туртки бўлди.

Баҳодир Жалолов профессионал рингда мағлубиятсиз одимлаб келмоқда. Бу йўналишдаги фаолиятини 2018 йилда бошлаган ҳамюртимиз ҳозиргача 14 маротаба жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларини муддатидан олдин енгган.

Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) рейтингида қолган боксчиларимизнинг ўз вазн тоифалари бўйича ўринлари қуйидагича кўриниш олди:

Исроил Мадримов – 3-ўрин

Яқинда тарихий жангда замонамизнинг энг машҳур боксчиларидан Теренс Кроуфорд билан тенгма-тенг курашганига қарамай, ҳакамлар томонидан мағлуб деб топилган Исроил Мадримов бу ташкилот рейтингида учинчи поғонада турибди.

Исроил ҳозирга қадар 10 та ғалаба (7 та нокаут), биттадан дуранг ва мағлубият қайд этган.

Тажрибали боксчимиз яна чемпионлик камари учун курашни давом эттиришни режалаштирмоқда.

Шаҳрам Ғиёсов – 7-ўрин

Бир неча ҳафта аввал АҚШда Мигел Паррани очколар ҳисобида мағлуб этган Шаҳрам Ғиёсов профессионал боксдаги рекордини 16 та ғалабага етказди. Бу чарм қўлқоп устаси мағлубиятсиз одимларини давом эттирмоқда ва жангларидан тўққизтасини муддатидан олдин якунлаган.

Бу вазн тоифасида яна бир боксчимиз Бутунжаҳон бокс кенгаши рейтингига киритилди. Жаҳонгир Расулов 30-поғонада қайд этилди.

Профессионал боксга уч йил олдин кириб келган ҳамюртимиз ҳисобида еттита нокаутли ғалаба ва битта дуранг бор.

Отабек Холматов – 18-ўрин

Яна бир нокаутчи боксчимиз Отабек Холматов янги рейтингда 18-поғонага жойлаштирилди. Ҳолматов учун профессионал рингдаги фаолияти муваффақиятли бошланганди. Кетма-кет 11 та жангда ғолиб чиққан ҳамюртимиз 12 раундлик сўнгги беллашувда рақибига очколар ҳисобида ютқазиб қўйди.

Муроджон Аҳмадалиев – 4-ўрин

Икки йўналиш бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга кирита олган наманганлик боксчи ҳали чемпионлик учун курашни давом эттиради. 2023 йилнинг бошида Марлон Тапалесга имкониятни бой бериб қўйган спортчимиз, ўша йилнинг ўзида яна ғалабали юришга қайта олди.

Аҳмадалиевнинг ҳисобида 12 та ғалаба (9 та нокаут) ва битта мағлубият бор.

Олимжон Назаров – 35-ўрин

38 ёшли профессионал боксчимиз асосий фалиятини WBO йўналишида олиб боради ва ўз вазнида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

Олимжон Назаров 2008 йилдан бери профессионал жангларда қатнашиб келяпти ва ҳозиргача 31 та ғалаба (16 та нокаут) ва бешта мағлубият қайд этган. 2017 йилдаги сўнгги мағлубиятдан кейин тажрибали чарм қўлқоп устаси ғалабали сериясини давом эттириб келмоқда.

Ҳасанбой Дўсматов – 4-ўрин

Икки карра Олимпия чемпиони бўлган Ҳасанбой Дўсматовни ҳам бундан буён профессионал рингда кўрамиз. “Профессор” профессионал жангларни 2019 йили бошлаган. Бироқ шу пайтга қадар асосий эътиборини ҳаваскорлар боксига қаратган.

Ҳаваскорлар боксида барча нуфузли совринларни қўлга киритиб бўлган 31 ёшли чарм қўлқоп устаси профессионаллар ўртасида олтита жангда ғолиб чиққан (бешта нокаут) ва энди бу рекордларини ошириб, жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритишга ҳаракат қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жалолов янги рейтингда “учди”! Қолганларчи?