06:18 / 26.08.2024
90

Рўзиқул Бердиев йирик ғалабадан кейин: "Бир нарса хафа қилди"

Рўзиқул Бердиев йирик ғалабадан кейин: "Бир нарса хафа қилди"
“Насаф” – “Андижон” (3:0) ўртасидаги беллашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этди.

Ўйин ҳақида

- Табрик учун раҳмат. Мен ҳам барчани табриклайман. Ўйиндаги тезкор голимиз ўйлайманки рақибни режасига таъсир қилди. Тезкор гол уриш жуда ҳам муҳим. Умуман олганда, учрашувда йигитларимиз совуққон ҳаракат қилишди. Барча жиҳатларда эътиборли бўлдилар. Ўйинни ҳам, ҳисобни ҳам назоратда ушлаб турдилар. Фақат хафа қиладиган бир тарафи, биз иккинчи ўйиндирки ўз майдонимизда қизил карточка оляпмиз. Бу албатта кутилмаган ҳолат бўлди. Ўртада озгина танаффус бўлади ва бундан унумли фойдаланамиз.

- Чемпионатдаги танаффус вақтида жамоа бироз ўйинини йўқотиб қўядиган ҳолатлар ҳам кузатилиши мумкин. Ушбу танаффус даврида жамоага қандай мотивация бермоқчисиз?

- Бу нарса бўларди. Аммо ҳозир ушбу ҳолатга эътибор қаратяпмиз. Машғулотлар жараёнида сиз айтган нарса такрорланмаслиги учун айрим жиҳатларни ўзгартирдик. Бундан олдинги танаффусдан яхши чиқдик. Бундан кейин ҳам шунга эътибор қаратамиз. Олдин бу нарсага эътибор бермасдик. Ҳозир эса бу ички сиримиз ва шу нарсага аҳамият беряпмиз. Ўйлайманки, танаффусдан кейин ҳам жамоамизни шу ҳолатга олиб келишга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир футболчимиз ўйинга шай. Уларни жисмоний ҳолати яхши, буни учрашувда ҳам кўряпсизлар. Йигитларимиз анча енгил ҳаракат қиляптилар. Жисмонан ҳеч бир жамоага ютқазаётгани йўқ. Ҳар бир учрашувга жиддий ёндашишимиз керак.

- Мана шундай ўйин сценарийсини бошқа клубларга қарши учрашувларда ҳам қўллай оласизларми, масалан тезкор гол уриш...

- Ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди-да. Рақиблар эътиборлироқ бўлганида гол уришга қийналиб кетасиз. Шу боис баъзида асабийлашасиз, шошиласиз. Лекин бугунги ўйиндаги тезкор голимиз рақибни анча режаларини бузди. Биз учун енгилроқ бўлди. Баъзида режангиз амалга ошади, баъзида амалга ошмаслиги мумкин. Айрим пайтларда шошилганимиз ёки асабийлашганимизда ўйинимиз чиқмайди.

- Бобур Абдиҳолиқов кўпроқ қанотларда ўйнади. У ҳужумга қараганда қанотларда ўйнаса фойдаси кўпроқ тегаётгандек...

- Бобурни биринчи бўлимдаги ҳаракатлари ажойиб бўлди. Ҳамма нарсани тўғри бажарди. Голли вазиятни ҳам деярли у яратиб берди. Жигаурига яхши тўп узатди. Бу жамоа учун фойдали бўлди. Бобурга ўша позицияда тўп суришини ва нималарга эътибор қилишини таъкидлагандик. У бажара олди, деб айта оламан. Лекин у ҳужумчи. Ўзи ҳам ҳужумда ўзимни қулай ҳис қиламан, деб айтади. Аммо баъзи учрашувларда кимдир керакли позицияда ўйнаб бериши керак бўлса, буни талаб қиламиз. Ёдингизда бўлса, биринчи даврада бир неча маротаба Акмал Мозговойдан марказий ҳимоячи бўлиб ўйнаб беришини илтимос қилдик ва талаб қилдик. Кўрсатмалар бердик, у барчасини тўғри бажарди. Шунинг учун футболчиларга универсал бўлишларини айтиб келамиз. Бу жуда муҳим нарса.

- Ўтган йили ҳужумкор, қувноқ ўйнаган “Насаф” бу йил олтин медал учун курашда эҳтиёткор ўйнаётгандек туюляпти. Осиё Чемпионлар лигаси ҳам бошланяпти. Балки ОЧЛда чемпионатдан кўра бошқача “Насаф”ни кўрармиз?! Кейинги саволим, Да Силва қачон сафга қайтади?

- Футболда ҳар доим натижа биринчи ўринга чиқади. Яхши ўйнаганимиз баъзида эсдан чиқади. Ёмон ўйнаб натижа кўрсатсангиз уч очко ёдда қолади. Шу боис натижага эътибор бериб ўйнашимиз керак. Бу фақат “Насаф” миқёсида эмас, ҳозирги замон футболида шунга эътибор қаратиляпти. Барибир мухлисларга ёқадиган ўйинни кўрсатишларини ҳам талаб қиламиз. Силвага келсак, биринчи даврада “Сўғдиёна”га қарши 10-дақиқада жароҳат олганди. Шундан кейин бир ойлик даволаниши учун уни Италияга жўнатгандик. Ундан кейин қайтгач, жароҳатини тиклашига янада вақт беришимиз керак бўлди. Ўйлайманки, танаффус пайтида сафимизга қўшилади.

- “Андижон” билан бу йил учинчи ўйин бўлди. Чемпионатда сафарда 1:1 ўйнагансизлар ва Кубокда мағлубиятга учрагансизлар. Ўша ўйинлар билан таққослаганда қандай фарқларини кўрдингиз? Шунингдек, “Андижон” Ўзбекистон Кубоги ярим финалига етиб келди ва жамоанинг имкониятини қандай баҳолаяпсиз?

- Биринчи даврадаги “Андижон” билан ҳозирги “Андижон”ни катта фарқи бор. Руҳий тарафдан ҳам, жисмоний жиҳатдан ва иштиёқ томонлама ҳам кўрдикки, биринчи даврадаги жамоага бугунги “Андижон”ни ўхшатмадик. Бу менинг фикрим. Йигитларда балки руҳий пасайиш ёки жисмоний жиҳатдан муаммо бордир, буни билмайман. Бу мураббийларига яхши аён. Лекин биринчи даврада кўрсатган тажовузкор футболи, жисмоний ҳолати яхшилиги ва иштиёқи ҳам жуда баландлиги эндиликда охирги учрашувларда кўринмаяпти. Шунга қарамасдан жамоа ярим финалга йўл олган. Бу тарихий натижалардан бири. Бу албатта мураббийлар ва футболчиларнинг меҳнати. Кейинги учрашувларда “Андижон” жамоасига омад тилаб қоламиз.

- Бобир Абдиҳолиқов аввал сариқ карточка олди ва кейин қизил кўрсатилди. Сариқ карточка кўрсатилганидан кейин уни алмаштириш режаси бормиди?

- Режамизда йўқ эди. Биласизми, Бобир бўлганида бу нарса ҳақида ўйламайсиз. Ундан бундай нарсани кутмайсиз. Нима демоқчи бўлганингизни тушундим. Бошқасида сариқ карточка бўлса, ҳозир иккинчи сариқ карточкасини олиб қўйиши мумкинлигини сезиб турасиз. Лекин Абдиҳолиқовдан бундай нарсани ҳеч ким кутмаганди. Шундан кейин бошқача ўзгартиришлар қилдик.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев йирик ғалабадан кейин: "Бир нарса хафа қилди"