10:38 / 02.09.2024
199

Кечаги ўйиндан сўнг “Ювентус” ўйинчиси ва Де Росси Шомуродов ҳақида нима деди?

Кечаги ўйиндан сўнг “Ювентус” ўйинчиси ва  Де Росси Шомуродов ҳақида нима деди?
Италия А Сериясида учинчи турга келиб, очко йўқотмаган жамоа қолмади. Турнинг марказий учрашувларидан бири Туринда “Ювентус” ва “Рома” ўртасида бўлди.

Тиаго Мотта шогирдлари кетма-кет иккита ғалабадан кейин очко йўқотмаган ягона жамоа бўлиб турганди. Туринликлар ўз мухлислари кўз ўнгида “бўрилар” билан очкони баҳам кўришга мажбур бўлди.

Учрашувдан аввал Италиянинг қатор манбалари ўтган турда “Рома” қаҳрамони бўлган Элдор Шомуродовни бош мураббий Даниэле Де Росси “Ювентус”га қарши ўйинда бошланғич таркибда майдонга туширишини тахмин қилганди.

Амалда ундай бўлмади. Италиялик мутахассис Элдор Шомуродов билан бирга жамоанинг энг машҳур юлдузи Пауло Дибалани ҳам захирада олиб қолди. Мураббийлар штаби бу гал аргентиналик жаҳон чемпионига ярим соат, Элдор Шомуродовга ўн дақиқага яқин вақт берди.

Туриндаги тўқнашув анча зерикарли ўтди. Жамоалар бир-бирининг дарвозасига олти мартадан зарба йўллади. Улардан фақат биттадани нишонга аниқ етиб борди. Ҳар икки жамоа посбонлари ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Шу тариқа, “Ювентус” илк бор очко йўқотган бўлса, римликлар иккинчи очкосини қўлга киритди. Таъкидлаш жоизки, Турин суперклуби ҳозирча гол ўтказмаган ягона жамоа бўлиб турибди. Учта учрашувда рақиблар дарвозасини атиги бир маротаба ишғол қилган “Рома”нинг ягона голи муаллифи Элдор Шомуродовлигича қолди.

Учрашувдан кейин “Рома” бош мураббийи Даниэле Де Росси ўз фикрларини билдирди.

- Биз учун ҳар бир учрашув муҳим. Бу мавсум босим янада катта бўляпти, кўпроқ очко жамғаришимиз керак. Кучли таркибга ва ажойиб ўйинчиларга эга қудратли жамоага қарши ўйнадик.

Артём Довбик рақибларни чўчитяпти. Мотта унга қарши икки ҳимоячи – Глейсон Бремер ва Федерико Гаттини қўйди. Довбик кўп меҳнат қиляпти, голлар ҳам бўлади.

“Эмполи” билан бўлган баҳснинг дастлабки ўн дақиқасида рақиб жарима майдончаси атрофида яхши ўйнагандик. Гол ўтказиб юборганимидан кейин хато қилишга қўрқиб қолдик. Бугун ҳам ана шу қўрқув халақит қилди. Бу вазиятлар ҳали ўрганиб чиқилади. Элдор Шомуродов 94-дақиқада рақиб дарвозабонига прессинг қилди. Шундай ўйнаш керак. Қўрқувни енгиш учун кўпроқ меҳнат қилиш талаб этилади
, - деди Даниэле Де Росси.

Учрашувда анча ишончли ўйнаган “Ювентус”нинг бразилиялик ҳимоячиси Глейсон Бремер ҳам “Рома” ҳужумчилари ҳақида ўз фикрини билдирди.

- Ўйин анча ёпиқ бўлди. Баъзан тўпни ўз жарима майдончамиз атрофидан олиб чиқишга қийналдик. Мавсум бошидамиз, учта муҳим ўйинни ўтказдик, дуранг билан кифояланиб қолмаслик керак.

Ўзим ўйин охирига келиб, толиқиб қолдим. Чунки Элдор Шомуродов ва Пауло Дибала жуда кўп ҳаракат қилди. Шунга қарамай, дарвозамиз дахлсизлигини сақлай олдик
, - деди Глейсон Бремер.

Энди А Серияда ФИФА кунлари муносабати билан қисқа танаффус эълон қилинади. Элдор Шомуродов 2026 йили бўладиган жаҳон чемпионатига чиқиш учун Осиё саралаш турнирининг учинчи босқичи доирасида Корея Халқ Демократик Республикаси ва Қирғизистон фуболчиларига қарши бўладиган учрашувларда қатнашиш учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ихтиёрига келади.

Италия чемпионатида 4-тур баҳслари 15 сентябрга белгиланган. Шу куни “Рома” сафарда легионеримизнинг А Сериядаги илк жамоаси “Женоа”га қарши майдонга чиқади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кечаги ўйиндан сўнг “Ювентус” ўйинчиси ва Де Росси Шомуродов ҳақида нима деди?