Бир кун келиб Ўзбекистондан Россияга ишлагани кетган мигрантлар эвазига терма жамоамиз сафи "Спартак", ЦСКА, "Зенит", "Локомотив" каби Премьер лиганинг кучли жамоаларининг асосий таркибларида ўйнайдиган футболчилар эвазига тўлиб тошади.
Нимага дейсизми, бугун Россияда фаолият олиб бораётган аксар ҳамюртларимизнинг фарзандлари рус клублари академияларида ўйнаб келяптилар. Бу билан нафақат Ўзбекистон, балки Қирғиз Республикаси ва Тожикистон ҳам ўсишга эришади. Масалан, Россиянинг 2008 йилда таваллуд топган энг зўр футболчиларидан бири асли ўзбек миллатига мансуб, тожикистонлик, Россия фуқароси саналади. Кўпчилик аввалига Россия терма жамоасидан таклиф кутади, ундан кейин бошқа йўналишни қидиради. Худди, Испания, Италия ва Франциядаги африкалик мигрантлар биринчи Европа таклифини кўриб чиқади, ундан кейин ўз терма жамоасига ўйнайди. Буларнинг аксари кўп ҳолларда ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси даврини яшаётган мамлакати шарафини ҳимоя қилиш билан ўтказиб, МТЖга ўта олмаса ота ёки она юрти учун фаолият олиб боради.
Бу имкониятдан бугун Индонезия терма жамоаси унумли фойдаланяпти. Бир пайтлар Нидерландияга қарам бўлган Индонезиянинг кўплаб аҳолиси йиллар давомида Европага миграция бўлган. Ўшаларнинг фарзандлари, набиралари бугун Европа футбол мактаби тарбияланувчиси сифатида Индонезияни ЖЧга олиб чиқиш йўлида майдонга чиқяптилар. Саудия Арабистони билан бўлиб ўтган баҳс бунга яққол мисол.
Рақибларимиз ёшлигидан ўз авлодини Европадан излаётган бир пайтда, Ўзбекистоннинг турли ёшдаги ўсмир ва ёшлар терма жамоаларида бугун аҳвол яхшимас. Айниқса мана шу каби футболчилар учун селекция ишлари нолга тенг. Ёшлар терма жамоаларига эса ўз ишини мукаммал биладиган мутахассислар ўрнига, қандайдир ноаниқ критериялар эвазига мураббийлар тайёрланиши давом этяпти. Албатта бунинг оқибатини 5-6 йилдан кейин кўрамиз, лекин унда кеч бўлади ва биз Вьетнам каби мамлакатлар билан рақобатлашишга мажбур бўламиз. Раҳбарият бугунги ширин ғалабалар билан сармаст.
Кеча каналимда Фаластин ҳақида кичик пост қолдирдим. Бугун уларнинг таркибини синчиклаб текшириб чиқсам, МТЖ сафида Чили, Испания, Швеция, Дания каби футболи ривожланган мамлакатларда таваллуд топган, бир пайтлар ўша ердан қўним топган фаластинликларнинг фарзандлари фаолият олиб боряпти. Бугунги сиёсий вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, 20 йил ўтиб бу каби футболчилар янада кўпаяди ва улар ҳам Индонезия каби ЖЧ га чиқувчи мамлакатлар қаторида фаворит сифатида тилга олинадилар.
Ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган CAFA мусобақасида иккинчи таркиби билан, деярли йиғин ўтказмаган ҳолда финалда Афғонистон терма жамоасига мағлубиятга учраган ўсмирларимизнинг мураббийлари терма жамоалар бўлими раҳбарияти томонидан жуда қаттиқ дакки эшитганлар, аслида афғонлар бир пайтлар Эронга чиқиб кетган аҳолининг қайтиши ортидан терма жамоаларини кучайтиришда давом этяптилар. Бу ишни улар биринчи футзалда амалга оширдилар, шунинг учун уларнинг футзали олдинга қараб кета бошлади. Бизда эса ассоциация муаммони ўзидан қидириш ўрнига, иккинчи таркибдан натижа талаб қилиш билан овора. Тошкентда Суперлигада 4 та клуб бор, биттасини стадиони тузук ўйин ўтказиш талабига жавоб бермайди. Аслида муаммоларимиз етарлича бўлиб турган пайтда ҳам шундай натижани ушлаб турган футболчиларимизга раҳмат айтиб қоламизда, сенсациялар рейтингини тақдим қиламан.
Кечаги ўйинларга келадиган бўлсак, менинг шахсий фикримга кўра 5 та сенсация қайд қилинди.
Япония - Хитой 7:0
Хитой 2010 йил катта пул билан футбол бозорига кириб келди. Ўз юртига "Реал Мадрид" академиясини олиб кирди. Жаҳон юлдузлари чин юртига трансфер бўлди, аммо буларнинг бари сунъий эди, уларнинг фикрига кўра мамлакат 2026 ва 2030 йилларга келиб Жанубий Корея ҳамда Япония даражасига чиқиши лозим эди, якунда улар кеча жуда йирик ҳисобда кун чиқар юрт вакилларига имкониятни бой бердилар.
Қатар - БАА 1:3
Осиё футболини "ўзиники" қилиб олган Қатар гуруҳимизда бизнинг асосий рақобатчиларимиздан бири сифатида қаралаётган бир пайтда, БАА лашкар тортиб уларнинг майдонидан 3 та гол билан 3 очкони қўлга киритди. БАА бўйича алоҳида мақола чиқади. Бу ҳақда кечга яқин мутолаа қиласизлар.
Жанубий Корея - Фаластин 0:0
Яқин шарқ жамоасининг сенсациясининг пойдевори ҳақида тепада ёзиб ўтдим. Лекин шунга қарамай бу корейслар учун баҳона бўлмаслиги керак, биз каби терма жамоаларга қарши бу гап сўзлар иш бериши мумкин, аммо Осиёнинг топ терма жамоаси учун эмас. Ўз майдонида, сиёсий вазияти қалтис бўлиб турган мамлакат терма жамоаси келиб гол ўтказмаса, бу ҳақиқий сенсация.
Саудия Арабистони - Индонезия 1:1
Нидерландия футбол мактаби асосида қурилаётган Индонезия терма жамоасининг араблар билан дуранг ўйнаши иккинчи ўринга қўйилди. Аввалги Хитой ролини бажараётган араб диёрининг чин юртидан фарқли маҳаллий футболи анча кучли. Аммо уларда баъзан рақибга нисбатан менсимаслик кўп кузатилади.
Австралия - Баҳрайн 0:1
Бу ҳақиқий театр! Баҳрайн учун яхши маънодаги саҳна кўриниши. Майдонга автобус ҳайдаб тушган хорватиялик Драган Талайич тўплар нисбати 72% га 28% бўлган ўйинда мезбонларнинг автоголи эвазига ғалаба қозондилар. Австралия ўйин давомида 11 та зарба берган, шундан 4 таси дарвоза томон. Баҳрайн эса битта дарвозага йўллаган зарбаси билан 3 очкони илиб кетди.
Нодирхўжа Юлдашев
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Сўровнома: Исроилликларнинг 64 фоизи Нетаньяху ҳукуматига ишонмайди
Одамлар ўлимига кўпроқ сабаб бўлаётган энг хавфли автомобиллар саналди
Австрияда сантехник 30 килограмм оғирликдаги тилла тангалар топиб олди
Украина Курск вилоятидан қўшинларини олиб чиқиш ниятида эмас
Трамп учта давлат товарларига божлар жорий этмоқчи