00:30 / 11.09.2024
229

Италияда Ўзбекистон ғалабаси ва Элдорнинг ўйинини қандай баҳолашяпти?

Италияда Ўзбекистон ғалабаси ва Элдорнинг ўйинини қандай баҳолашяпти?
2026 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш турнири доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси учинчи босқичнинг иккинчи тур учрашувини ўтказди.

Терма жамоамиз Қирғиз Республикаси футболчилари меҳмони бўлиб, камбэк эвазига 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Биринчи бўлимда қирғиз футболчилари икки бор ҳисобда олдинга чиқиб олганди. Мезбонларнинг биринчи голидан кейин икки дақиқа ичида Элдор Шомуродов жавоб тўпини киритди.

Рақиб биринчи бўлим ўрталарида Ўткир Юсупов дарвозасини яна ишғол қилди. Танаффус олдидан Ҳусниддин Алиқулов ҳисобдаги фарқни йўққа чиқарди. Беллашувнинг иккинчи ярмида Остон Ўрунов Элдор Шомуродовнинг ажойиб пасидан кейин супергол уриб, терма жамоамиз ғалабасини таъминлади.

Ушбу учрашувда ўз ҳисобга гол ёздириб қўйган Элдор Шомуродов халқаро миқёсда тўпурарлик бўйича ўз рекордини яна янгилади. Ўзбекистон миллий терма жамоасида 75-ўйинини ўтказган ҳужумчимиз голлари сонини 41 тага етказиб олди.

Sports.uz портали Италия манбаларининг Ўзбекистон ғалабаси ва Шомуродовнинг ўйинини қандай баҳолаётгани ҳақидаги маълумотларни келтиради.

SIAMOLAROMA.IT:

Элдор Шомуродов 2026 йилги жаҳон чемпионатининг Осиё минтақаси саралаш турнирида ҳам порлади.

“Рома” ҳужумчиси Ўзбекистоннинг Қирғизистон футболчилари устидан қозонилган 3:2 ҳисобидаги ғалабасида бош ролни ўйнади ва терма жамоанинг асосий устунларидан эканини яна бир карра исботлаб қўйди.

Шомуродов учрашувни илк дақиқалардан бошлаб, жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. У дастлаб ҳисобни тенглаштирди. Шунингдек, Остон Ўруновнинг ҳал қилувчи голига қулай пас берди.

LAROMA24.IT:

Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоалари жаҳон чемпионати саралаш турнирида иккинчи тур учрашувини ўтказди. Ҳисобни 15-дақиқада Коджо очган бўлса, орадан икки дақиқа ўтиб, “Рома”нинг марказий ҳужумчиси Элдор Шомуродов вазиятни тенглаштирди. У майдон ичкарисидан ажойиб пасни қабул қилиб олиб, аниқ зарба билан дарвозабонни ожиз қолдирди.

35-дақиқада Абдураҳмонов яна мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, Ҳусниддин Алиқулов ўзбекистонликларда янги умид уйғотди – 2:2.

72-дақиқада Шомуродов товони билан Ўруновга тўпни аниқ етказди ва ғалаба голида иштирок этди. Элдор охирги дақиқаларда сариқ карточка олди.

ROMAFOREVER.IT:

“Рома” футболчилари ўз мамлакатлари терма жамоалари сафида турли учрашувларда маҳорат кўрсатмоқда. Пауло Дибала ва Никола Залевскининг ўз термаларидаги ажойиб учрашувларидан кейин Элдор Шомуродов ҳам улардан қолишмаслигини намойиш қилди.

Шомуродов Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан Бишкек шаҳрида кечган баҳсида тўп киритиб, ҳисобни тенглаштирди ва ғалаба голига ҳаммуаллиф бўлди.

Ўзбек футболчисининг юқори жисмоний тайёргарлиги “Рома” бош мураббийи Даниэле Де Россининг ишончини оширмоқда. Бундан кейин Шомуродовда клубда ҳам ўзини кўрсатиш имкони бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Италияда Ўзбекистон ғалабаси ва Элдорнинг ўйинини қандай баҳолашяпти?