17:44 / 15.09.2024
198

Аббосбек Файзуллаев хавотирга сола бошлади...

Аббосбек Файзуллаев хавотирга сола бошлади...
Россия Премьер-лигасининг саккизинчи турида Аббосбек Файзуллаев ўйнаётган ЦСКА жамоаси ўз мухлислари кўз ўнгида амалдаги чемпион “Зенит”дан кичик ҳисобда мағлубиятга учради. Питерликларга ғалаба келтирган ягона гол муаллифи аргентиналик Лусиано Гонду бўлди.

Янги мавсумда чемпионлик учун курашиши кутилган “армиячилар” дастлабки саккиз учрашувдан тўрттасида очко йўқотди. Юқори ўринлар учун курашдаги асосий рақибатчилари ҳисобланган “Краснодар”, “Локомотив” ва “Зенит”га учтадан очкони тортиқ қилиб юборди.

“Ростов” москваликлардан бир очко тортиб олди.

Катта умидлар билан бош мураббийликка олиб келинган сербиялик Марко Николич шогирдларини фақат ўртамиёна ёки аутсайдер жамоалар билан ўйинларда ғалабага илҳомлантира олди холос.

“Армиячилар”нинг чемпионатдаги тўртта ғалабаси ҳам савия жиҳатидан заифроқ баҳоланадиган “Оренбург”, “Нижний Новгород”, “Акрон” ва “Химки” билан ўзаро баҳсларда қўлга киритди.

Аббосбек Файзуллаевнинг ўтган мавсумда ЦСКАнинг ҳужум чизиғини ўзига боғлаб олгани жорий чемпионатда легионеримизнинг танқид қилинишига сабаб бўлмоқда. Дебют мавсумидаёқ ажойиб ассистлари ва муҳим голлари билан эътибор қозонган 20 ёшли ҳужумкор футболчимизнинг барқарорликдан узоқлашди.

- Аббосбек Файзуллаевга саволлар туғиляпти. Унга нима бўлди? Ўзбек легионери яна самарали ҳаракатларни амалга ошира олгани йўқ. Бу ҳаммани хавотирга сола бошлади.

Агар ўтган мавсум билан солиштирсак, пасайиш ёққол намоён бўлади: чемпионат бошланганидан бери атиги битта голли пас, голдан эса дарак йўқ.

Аббосбекни энди ЦСКАнинг етакчиси, деб бўлмайди. Наҳотки, Европага кетиш истаги шу даражада кучлилик қилиб, ўйнаш иштиёқини йўқотиб қўйган бўлса?
, - деб ёзмоқда football24.ru сайти эксперти Юрий Афанасьев ЦСКАнинг “Зенит” билан бўлган ўйинига бағишланган таҳлилий шарҳида.

Аббосбек Файзуллаевнинг ҳозирги ҳолатига турли баҳо берилмоқда. Легионеримизга ишонч билдираётган мутахассислар ҳам бор. Хусусан, ЦСКА ва “Барселона”нинг собиқ футболчиси Игорь Корнеев ўзбек футболчисининг ўйинида пасайиш бўлаётгани ҳақидаги фикрларга қўшилмади.

- Аббосбек Файзуллаев ҳар доим ўз даражасини ушлаб туради. Агар унинг ўйинига синчиклаб назар солсангиз, жуда кўп функцияларни бажараётгани маълум бўлади. Шахсан менга Аббосбек таваккал қилишдан қўрқмаслиги ёқади, - деди Игорь Корнеев.

Таъкидлаш жоизки, ЦСКА мураббийлари ва мухлислари Аббосбек Файзуллаевнинг ҳар бир ўйинда рақиб дарвозасига хавф солишига кўникиб қолишган. Ҳақиқатан ҳам “армиячилар”нинг муваффақияти кўп жиҳатдан ҳамюртимизнинг ўйинига боғлиқ.

Файзуллаев тез орада яна майдондаги етакчилик ролини қайтариб олишига умид қиламиз. ЦСКА Премьер-лигадаги кейинги учрашувини 21 сентябрь куни “Рубин”га қарши ўтказади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Аббосбек Файзуллаев хавотирга сола бошлади...