13:20 / 22.09.2024
44

Рамазон Темиров СиДжей Вергарани шунчаки "яксон" қилади...

Рамазон Темиров СиДжей Вергарани шунчаки "яксон" қилади...
Ҳамюртимиз Рамазон Темиров UFC билан шартнома имзолагани ва у 13 октябрь куни СиДжей Вергарага қарши октагонга кўтарилиши ҳақида маълумотлардан хабарингиз бор.

Албатта, жаҳоннинг энг нуфузли промоушенида яна бир ўзбек жангчиси жавлон урушидан барчамиз хурсандмиз ва ўйлаймизки Темиров UFCда ҳам ўз сўзини айта олади. Биз Рамазоннинг дебют жангидаги имконияти ва рақиб ҳақида бироз сўз юритишни лозим топдик.

Рақиб ҳақида...

Си Жей Вергара 1991 йил АҚШда таваллуд топган. Айни дамда у 33 ёшда. Профессионал фаолияти мобайнида 18 та жанг ўтказган. Уларнинг 12 тасини ғалаба билан якунлаган. 5 та мағлубият ва 1 дуранг ҳам унинг ҳисобида мавжуд. Вергара UFC билан шартнома имзолагунга қадар, асосан Fury промоушенида ўз жангларини ўтказган. UFC га Дана Уайт контендер сериясида Бруно Мескитани нокаутга учратган ҳолда йўл олганди. Ҳозирга қадар UFCда 6 та жанг ўтказган ва уларнинг 3 тасида ғалаба қозонган. У Клейдсон Родригес, Даниэл да Сильва ҳамда Винисиус Сальвадорни мағлуб этган бўлса, Оде Осборн, Тацуро Тайра ва Асу Алмабаевга имкониятни бой бериб қўйган.

Тайра уни муддатидан аввал "армбар" услуби эвазига мағлуб этган бўлса, қолган икки жангда очколарга кўра имкониятни бой бериб қўйган. 12 та ғалабасининг 7 тасини техник нокаут ва нокаут орқали, 5 тасини очколарга кўра қўлга киритган. Бундан кўриниб турибдики, унинг кучли жиҳати грепплинг, жиу-житсу, кураш эмас, аксинча у ҳам нокаутчи, ёрқин жангчилар сарасига киради. Одатда, супер енгил (57,56 кг) вазн тоифасида бундай типдаги жангчилар жуда ардоқланади. Айнан Рамазон Темировга ҳам қизиқиш унинг нокаутчилиги орқали бўлган десак, муболаға бўлмайди. Хуллас, иккиси иштирокида зўр "сола-сол" бўлади.

Имкониятлар...

Бу жангда Рамазоннинг плюс жиҳатлари кўп. Энг асосийси қисқа муддатда заҳира жангчиси сифатида октагонга кўтарилмади. Худди, Заррух Адашев, Лилия Шакировалар каби. Унда ҳар ҳолда тўлиқ лагерни ўташ имкони бўлди. Шунингдек, Рамазон тезлик бобида ҳам, зарба кучи борасида ҳам Вергарадан устун десак янглишмаган бўламиз. Буни бевосита жангларини кузатиб борсангиз ҳам амин бўласиз. Энг асосийси эса ҳамюртимиз ғалабага чанқоқ ва иштиёқ жуда юқори. Боз устига "стойка"да жанг қилувчи рақиблар билан у "маза" қилиб урушади. Вергаранинг кураш бобидаги маҳоратини жуда юқори деб бўлмайди ва Рамазонга қарши у "тэйк-даун"ларни амалга ошира олади, деб ўйламайман.

Тўғри, оёқ-қўл зарбалари ёмон эмас. Лекин бу юртдошимиз учун катта хавф дейишдан йироқман. Зеро, у Rizin промоушенида ундан кам бўлмаган рақибларга дуч келган. Шубҳасиз, бу нисбий тушунча, зеро биргина аниқ зарба жанг тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин. Аммо, Рамазоннинг зарба кўтара олишини ҳам биламиз. Хуллас, бу жанг тўлиқ давом этмайди, деган фикрдаман. Эҳтимол, 1-раунд бироз эҳтиёткорлик остида кечиши мумкин. Яъни, Рамазон учун дебют жанг ва у дастлабки дақиқаданоқ босим уюштирмаса керак. Лекин барибир у "портлайди". Бир сўз билан айтганда, жанг узоғи билан 2-раундда Рамазон Темировнинг ТКО ёки КО ҳисобидаги ғалабаси билан якунланади.

Албатта, бу шунчаки шахсий фикр ва мулоҳазаларим холос. Бироқ, тахминларим ўзини оқлашини ва юртдошимизнинг ёрқин ғалабани қўлга киритишига тилакдошман. Олға Рамазон!

Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рамазон Темиров СиДжей Вергарани шунчаки "яксон" қилади...